Исроил армияси Ғазо шаҳрини тўлиқ эгаллаш ва ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш мақсадида янги уруш бошлади. Шаҳар осмонида дронлар ва қирувчи самолётлар учмоқда: фаластинликлар вайрон бўлган уйларини тарк этмоқда. Геноцид айбловлари ва халқаро танқидлар Нетаняҳу ҳукуматининг қарашларига таъсир қилмаяпти. Шу кунга қадар Исроилнинг ҳужумлари оқибатида Ғазода 62 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди, уларнинг 20 мингга яқини болалар.
Исроил армияси чоршанба куни Ғазо шаҳрини эгаллаш бўйича операциянинг илк босқичлари бошланганини эълон қилди ва ўн минглаб захирадаги аскарларни сафарбар қилди. Айни шу вақтда Исроил ҳукумати қарийб икки йилдан бери давом этаётган урушни вақтинча тўхтатиш учун янги сулҳ таклифини кўриб чиқмоқда.
«Биз Ғазо шаҳрига ҳужумнинг дастлабки амалиётларини ва биринчи босқичларини бошладик, ҳозирнинг ўзида IDF кучлари Ғазо шаҳрининг чеккаларини эгаллаб турибди», деди Исроил армияси матбуот котиби Эффи Дефрин журналистларга.
Reuters’нинг ёзишича, чоршанба куни журналистларга маълумот берган яна бир ҳарбий расмий захирадаги аскарлар сентябргача хизматга чақирилмаслигини, бу вақт воситачиларга ҲАМАС ва Исроил ўртасида сулҳ шартларини мувофиқлаштириш учун бироз имкон беришини айтди.

Бироқ Исроил аскарлари чоршанба куни Ғазода Ҳамас аъзолари билан тўқнашганидан сўнг, бош вазир Бинямин Нетаняҳу офиси Ҳамаснинг таянчларини қўлга олиш ва гуруҳни мағлуб этиш муддатларини тезлаштирганини билдирди.
Дефриннинг айтишича, қўшинлар аллақачон Ғазо шаҳрининг чеккаларида фаолият юритмоқда, Ҳамас эса «аёвсиз зарбалардан ҳолдан тойган» партизан кучига айланган. «Биз Ҳамасга қарши ҳужумни чуқурлаштирамиз. Ғазо шаҳри Ҳамас ҳукумат ва ҳарбий таянчи ҳисобланади», деди у.
Исроил кучлари аллақачон Ғазо шаҳри чеккаларини эгаллаб олган ва Зайтун маҳалласида операция ўтказмоқда. Бу ҳудуд Фаластин шимолидаги юз минглаб одамларга уй бўлиб келмоқда.

«Осмондан дрон ва қирувчи самолётларнинг овози тинмаяпти. Одамлар эса вайронага айланган кўчаларда озиқ-овқат ва бошпана излаб юришмоқда, аммо ҳеч нарса топишолмаяпти. Исроил бу ҳудудларга ҳужумларни «ҳарбий операция» деб тасвирлаган амалиёт аслида – кундалик ҳаётни тизимли равишда вайрон қилишга айланиб кетди. Бу ерда оилалар учун оддийгина тирик қолиш ҳам тобора оғир синовга айланмоқда», деди Al Jazeera














