Ҳамас Исроил билан 60 кунлик сулҳ таклифини қабул қилди. Унга кўра, Ғазода ушлаб турилган гаровдагиларнинг ярми озод қилинади ва Исроил айрим фаластинлик маҳбусларни қўйиб юборади. Бу ҳақда Миср расмий манбасига таяниб Reuters нашри хабар бермоқда.

Ҳамаснинг юқори лавозимли расмийси Басем Наим гуруҳнинг розилигини тасдиқлади. Ҳамас шунингдек, фаластинлик бошқа гуруҳлар ҳам воситачиларга ўз розиликларини билдирганини маълум қилди.

Исроил таклифга расмий жавоб бермаган, бироқ бир расмий унинг қабул қилинганини тасдиқлаган. Миср ва Қатар АҚШ қўллови билан томонлар ўртасида воситачилик қилмоқда.

Исроил бош вазир идораси тарқатган видеода Бенямин Нетаняҳу «Мен ҳам сиз каби оммавий ахборот воситаларидан хабарларни эшитяпман. Улардан келадиган асосий таассурот шуки, Ҳамас улкан босим остида», деган.

Reutersʼнинг мисрлик манбасига кўра, Ҳамас қабул қилган таклиф Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларини 60 кунга тўхтатиш ва деярли икки йил давом этаётган урушни тугатишга оид кенгроқ келишув учун асос яратишни назарда тутади.

Бу таклиф АҚШ махсус элчиси Стив Уиткофф илгари тақдим этган ва Исроил қабул қилган режага жуда ўхшайди.

Маълум қилинишича, воситалар якшанба куни Қоҳирада Ҳамас вакиллари билан учрашди. Душанба куни Қатар бош вазири Абдураҳмон Ас-Сони ҳам музокараларга қўшилиб, Миср президенти ас-Сиси ва Ҳамас вакиллари билан учрашди.

Исроил босқинининг янги тўлқини

Исроил бу ой бошида Ғазо шаҳрини назоратга олиш режасини маъқуллаган эди. Расмийлар бу жараённи бошлаш ҳафталар талаб этиши мумкинлигини айтиб, сулҳга имкон қолдиришган. Бироқ Нетаняҳу унинг «жуда тез» бошланишини ва Ҳамаснинг мағлубияти билан якунланишини таъкидлаган.

Фото: Reuters

Исроилнинг Ғазо шаҳрини тўлиқ назоратга олиш режаси чет элда ҳам, мамлакат ичкарисида ҳам хавотир уйғотди. Хусусан, 17 август куни юз минглаб исроилликлар уруш бошлангандан бери энг катта норозилик намойишларидан бирини ўтказиб, жангларни тугатиш ва гаровда сақланаётган 50 кишини озод қилиш бўйича келишув талаб қилди. Исроил расмийларига кўра, улардан 20 нафари тирик.