Ўзбекистон | 21:54 / 07.10.2025
3108
4 дақиқада ўқилади

Метрода туғилган бола ва суперкомпютер кластери – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Сунъий интеллектни қўллаш учун суперкомпютер кластери ташкил этилади

Шавкат Мирзиёев сунъий интеллектни тезроқ ривожлантириш учун илғор тажрибаларни ўзлаштириш бўйича топшириқ берди. Сунъий интеллект соҳасида замонавий ҳисоблаш қувватларини яратиш, дата-марказлар қуриш ва бунга инвестиция киритмоқчи бўлган тадбиркорлар учун жозибадор муҳит яратиш кўзда тутилмоқда.

Маълум қилинишича, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда сунъий интеллект лойиҳаларини жорий этиш мақсадида 50 млн доллар ажратилган. Соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, экология ва молия соҳаларини қамраб олган 86 та лойиҳа шакллантирилган.

Ҳозир сунъий интеллектни қўллаш учун зарур ҳисоблаш имкониятларини яратиш мақсадида «суперкомпютер кластери»ни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Экология вазирлиги хазонларни ёқиб юбормаслик тўғрисида огоҳлантирди

Хазон, шох-шабба, ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддасига асосан фуқароларга 1 млн 236 минг сўмдан 2 млн 60 минг сўмгача, мансабдор шахсларга 2 млн 60 минг сўмдан 4 миллион 120 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўсимлик қолдиқларини ёқиш натижасида атмосферага ис гази, углерод оксиди каби зарарли моддалар ажралиб чиқади.

Вазир ёки ҳокимликка номзодлар коррупцияга қарши режасини тақдим этади

Ҳукумат аъзолари ва маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбарларининг коррупцияга қарши курашишдаги масъулияти оширилиши кутилмоқда. Янги қонун лойиҳасига мувофиқ, ҳоким лавозимига номзод тегишли халқ депутатлари Кенгашида номзоди кўриб чиқилаётганда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури билан бир қаторда, ҳудудда коррупциянинг олдини олиш бўйича ҳаракатлар режасини ҳам тақдим этиши лозим бўлади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодлар Қонунчилик палатасида номзоди кўриб чиқилаётганда ва маъқулланаётганда ўз фаолият дастури билан бирга тизимда коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режасини ҳам тақдим этиши белгиланмоқда.

Тошкентда метро бекатида чақалоқ туғилди

Метронинг Ғафур Ғулом бекатида аёл фарзандини дунёга келтирди. Унга поездларни кутиб олиш ва жўнатиш бўйича навбатчи аёл биринчи ёрдам кўрсатган.

Маълум қилинишича, поездларни кутиб олиш ва жўнатиш бўйича навбатчи ходим Наима Махамаджоновага бекат ўтиш йўлагидаги ички ишлар ходими томонидан йўловчи аёлнинг ҳолати бўйича хабар берилган. Вазиятни тўғри баҳолаган Наима Махамаджонова хизмат давомида ўзига ўргатилган махсус билимлар ва кўникмаларни ишга солган ҳолда биринчи ёрдам кўрсатиб, воқеа жойида аёлнинг фарзандини соғ-омон дунёга келтиришига яқиндан кўмаклашган. Ҳозир она ва боланинг соғлиги яхши экани таъкидланмоқда, улар шифохонага етказилган.

Қайд қилинишича, энди она-болага метродан умрбод бепул фойдаланиш картаси берилади.

Ўзини президент администрацияси ходими деб таништирган шахс озодликдан маҳрум қилинди

Тошкент шаҳрида ўзини президент администрацияси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходими сифатида таништириб юрган шахс жиноий жазога тортилди.

Маълум қилинишича, ДХХ ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 33 ёшли эркакнинг машинаси тўхтатилган. Ҳужжатларни текшириш жараёнида ҳайдовчи ўзининг ДХХ ходими эканини маълум қилиб, йўл-патрул хизмати инспекторига гувоҳномани кўрсатган.

Аммо шахснинг маълумотлари текшириб кўрилганида хизмат гувоҳномаси қалбаки экани, ДХХга умуман алоқаси йўқлиги маълум бўлган. Гумонланувчи шу жойнинг ўзида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид