Жамият | 18:47 / 06.10.2025
6067
3 дақиқада ўқилади

Ўзини президент администрацияси ходими деб таништириб, ишини битказишга уринган шахс озодликдан маҳрум қилинди

У ўзини президент администрацияси ишловчи Алишер Сулаймонов деб таништирган. Сохта мансабдор Яккасарой туманида унинг бошқарувидаги машинани тўхтатган йўл-патпул хизмати ходимига Давлат хавфсизлик хизматида ишлашини айтиб, қалбаки гувоҳномани кўрсатган вақтида қўлга олинган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида ўзини президент администрацияси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходими сифатида таништириб юрган шахс жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда пойтахтнинг Яккасарой туманида 33 ёшли Жавоҳир Орифжонов бошқарувидаги Lacetti ЙПХ ходими томонидан тўхтатилган. Ҳужжатларни текшириш жараёнида ҳайдовчи ўзининг Давлат хавфсизлик хизмати ходими эканини маълум қилиб, йўл-патрул хизмати инспекторига ДХХга тегишли бўлган гувоҳномани кўрсатган. Шунингдек, Жавоҳир Орифжонов уни қўйиб юборишларини илтимос қилиб, гўёки юқори лавозимда ишловчи раҳбар танишига қўнғироқ қилган. Ушбу шахс йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимига уни қўйиб юбориш бўйича кўрсатма берган.

Аммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ўзини шубҳали тута бошлаган шахснинг маълумотларини текшириб кўрган. Натижада фуқаро кўрсатган хизмат гувоҳномаси қалбаки экани, ДХХга умуман алоқаси йўқлиги маълум бўлган. Гумонланувчи шу жойнинг ўзида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Олиб борилган суриштирувлар натижасида Жавоҳир Орифжоновнинг яна бир қатор бошқа қилмишлари ошкор бўлган. У одатда ўзини президент администрацияси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими сифатида таништирган ҳамда сохта мансабдор шахс ниқоби остида шахсий масалаларини ҳал қилиб келган. Бунда у олдиндан тайёрлаб олган сохта гувоҳномалардан фойдаланган.

Мен ўзимни президент администрациясида ишловчи Алишер Сулаймонов деб таништирганман. Ундан кейин ўзим яна қайтиб чиқиб, ўша кишининг жияни бўламан, илтимос, озгина ёрдамингиз керак, деб ўзимнинг ишларим тезроқ ҳал бўлиши учун ёрдам сўраганман. Жудаям нотўғри бу, кечиринглар мени”, деган Жавоҳир Орифжонов.

Суд ҳукми билан Жавоҳир Орифжонов Жиноят кодексининг 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а, б” бандлари ва 228-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил колонияларда ўташ белгиланган.

Тошкент шаҳар ИИББ Жавоҳир Орифжоновнинг жиноий қилмишларидан жабр кўрган фуқаролар бўлса, яқин орадаги ишчи ишлар органларига ёки 102 рақамига хабар беришларини сўраган.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид