Ўзбекистон | 09:00 / 19.10.2025
16004
15 дақиқада ўқилади

Таппи қилишга чорлов ва Тошкент учун янги аэропорт — ҳафта дайжести

Қиш учун тезак ғамлашга чақирган ҳоким: у айтгандек “газнинг таги йўқ” бўлса, газ экспорти нега тўхтамаяпти? Миллий почта маркетплейслар нишонида: янги мулкдор аллақачон аниқми? Йўқотилган трамвай изидан: пойтахтнинг ўнта кўчасида BRT линияси пайдо бўлади. Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим янгиликлари Kun.uz дайжестида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қиш яқин...

Октябр ойи ўрталарига келиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари якунига етган бўлиши керак. Маҳаллий масъуллар қилинган ишлар ҳақида депутатлар қаршисида ҳисоботлар бера бошлаган. Шундай ҳисоботларнинг бирида чекка бир туман ҳокими дилидагини тилига чиқариб юбориб, бутун республика эътиборини ўзига қаратди.

Гап Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани ҳокими Анвар Нормаматов ҳақида кетяпти. У газ идораси бошлиғининг туман кенгашидаги ҳисоботидан кейин, гапнинг дангалини айтиб қўя қолди: газсиз яшаётган қумқўрғонликлар қачондир газ келишидан умидвор бўлмай, қиш учун таппи ғамлаб қўявериши керак.

“Мана, оддий бир тезак, ҳеч ким тезак қилмайди. Тезак қилиб, уйларга чалмаларни йиғиб, босиб қўйиб, қишда қор ёғганда иккита тайлаб қўйса бўлади-ку. Нимага энди биз газ-газ деб қолдик? Тўғри тушунинглар: газнинг таги бўлса қани, таги йўқ-да шунинг!”деди ҳоким Нормаматов.

Газ бўлмаслиги ҳақида рўй-рост гапирилгани яхши албатта, лекин инсоният Марсга учиш режаларини тузаётган пайтда, ҳайвон гўнгини ёқиб уй иситишдек ибтидоий турмуш тарзини халққа раво кўриш ва одамларни шунга чақириш – ҳоким даражасидаги сиёсатчининг малакасини савол остига қўяди.

Ёдингизда бўлса, ўтган ҳафта Ўзбекистондаги энг катта кўмир конларидан бири Сурхондарёда жойлашгани ва айнан сурхондарёликлар кўмир олиш учун талатўпда қолишга мажбур бўлаётганини айтгандик. Бу ҳафта эса, Ўзбекистондаги энг катта газ кони устида ўтирган сурхон халқи “газ-газ деявермасдан, тезак ёқинглар” дегандек танбеҳ эшитди.

Уйида газ бўлишини орзу қилаётган сурхондарёликлар Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига умид боғлагандир, эҳтимол. Ўтган йилги портлашлардан кейин, конни ўзлаштириш ва ёнига газ-кимё мажмуаси қуриш лойиҳаларининг тақдири номаълум бўлиб қолган. Икки йил олдинги тақдимотда завод 2024 йил май ойида ишга тушиши, 2025 йилда эса тўла қувватда ишлай бошлаши айтилганди. Ҳозир эса нафақат лойиҳанинг келажаги, балки авария оқибатлари билан боғлиқ масъулият ҳам савол остида қолмоқда.

Режадаги лойиҳа амалга ошмаган, бошқа конларда эса қазиб чиқариш тўхтовсиз камаяётган, одамлар таппи ёқишга даъват қилинаётган шароитда, газ экспорти ўсишда давом этяпти. Расмий статистикага кўра, 2025 йилнинг 8 ойида 500 млн долларлик газ экспорт қилинган. Бу – бир йил олдингидан 24 фоизга, икки йил олдингидан 31 фоизга кўп. Четга газ сотишни тўлиқ тўхтатиш бўйича 5 йил аввалги режалар нега амалга ошмаётганига шу пайтгача изоҳ берилмаган.

Бу йил январ-август ойларида 500 млн долларлик газ экспорт қилинган бўлса, 886 млн долларлик газ импорт қилинган. Импорт қиймати ўтган йилнинг мос давридан 28 фоизга кам. Шу билан бирга, Россиядан газ харидини кўпайтириш кўзда тутилган. Пайшанба куни энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Москвада бўлиб, Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак билан учрашди. Россия томони хабарига кўра, “Газпром” бу йил Ўзбекистонга 7,7 млрд куб метр табиий газ етказиб беради. Бу – ўтган йилги ҳажмдан 2 млрд куб метрга ёки 37 фоизга кўп. Лекин истеъмолчиларга бунинг фойдаси бўладими-йўқми, аниқ бир нарса дейиш қийин: Россиядан газ импорти ошгани билан, Туркманистондан импорт қисқарса ёки экспорт ўсишда давом этса, ички бозордаги таъминот даражасида ижобий ўзгариш бўлмаслиги мумкин.

Куни кеча метан-шохобчаларга лимит қўйилгани ҳақидаги миш-мишлар яна ўша эски муаммони ҳайдовчилар ёдига солди. Расмийларга кўра, айрим шохобчаларда газ босими пасайгани – қишга тайёргарлик кўришдаги “профилактика ишлари” билан боғлиқ бўлган. Қизиғи, йил бошида Чинозда рўй берган ҳолат бўйича суд ҳукми эълон қилиниши айни шу ҳолат фонига тўғри келди. Ҳукмга кўра, Чиноз туманида яшовчи 33 ва 40 ёшли икки эркак метан-шохобча очилишига эришиш мақсадида автомобил йўлини тўсиб, оммавий тартибсизлик келтириб чиқаришга уринган деб топилди. Улардан бири 5,5 йилга, иккинчиси 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

UzPost билан нималар бўляпти?

“Ўзбекистон почтаси” кутилмаганда Россия компаниясининг қўлига ўтгани ҳақидаги миш-мишлар ижтимоий тармоқларда тарқаганидан беш ҳафта ўтиб, расмий ОАВда ҳам пайдо бўлди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб ҳам Ўзбекистондаги, ҳам Россиядаги нашрлар ёзмоқда. Харидор (агар шундай аташ мумкин бўлса) Wildberries маркетплейси бўлиши мумкин. Ҳукумат ҳам, Wildberries ҳам ҳозирча вазиятга изоҳ бермай келмоқда.

Душанба куни “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг ўзи баёнот билан чиқди. Унда компанияга ҳақиқатан ҳам инвестиция жалб қилиш устида ишлар кетаётгани тан олинган ва “йирик инвесторни” жалб этиш билан боғлиқ ўзгариш бўлган тақдирда, расмий хабар берилиши айтилган. Бироқ, 2025 йилги хусусийлаштириш дастурига зид равишда, компаниянинг 29 фоиз акциялари нега оммавий савдога чиқарилмаётганига изоҳ берилмаган.

UzPost баёнотида изоҳи келтирилмаган яна бир қизиқ ҳолат бор. Маълум бўлишича, амалга ошиб бўлгани айтилаётган хусусийлаштириш келишувидан олдин, Тошкент шаҳридаги жами 50 та почта бўлимининг бино-иншоотлари пойтахт ҳокимлиги балансидан чиқарилиб, “Ўзбекистон почтаси” АЖга берилган. Шу билан деярли бир пайтда, компания акцияларининг 25 фоизи Миллий инвестиция жамғармасидан Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилган. Ҳозирда миллий почта операторининг айнан қанча улуши Россия компаниясига ўтаётгани маълум эмас.

Бу хабарлардан кейин, Wildberries'нинг Ўзбекистондаги асосий рақобатчиси – Uzum экотизими хусусийлаштиришда иштирок этишга тайёрлигини билдириб, Давактивга расмий сўров юборди. Почта хизматини бошқаришда нафақат бизнес, балки миллий манфаатларни ҳам ҳисобга олиш керак, дейилади Uzum баёнотида.

Қайд этиш керак, “Ўзбекистон почтаси”нинг электрон тижорат бозоридаги у ёки бу ўйинчи билан аффилланиши – рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, битимни расмийлаштириш учун Рақобат қўмитасининг рухсати керак бўлади. Монополияга қарши орган айнан шу каби вазиятларда холис бўлиши учун ҳам, ҳукуматдан мустақиллиги қонун даражасида белгилаб қўйилган.

Шота Руставели кўчасидаги BRT тажрибаси кенгайтирилади

Тошкент шаҳридан 115 йиллик тарихга эга трамвай тизимини тугатиб юбориш катта хато бўлгани яна бир бор ўз исботини топди. Пойтахт расмийлари бу ҳафта Шота Руставели кўчасидаги каби метробус йўлакларини кўпайтириш учун 10 та локацияни танлаб олди ва улардан 8 таси айнан собиқ трамвай линиялари ўтган кўчалар бўлиб чиқди. Пайшанба кунги тақдимотда айтилишича, 2030 йилга бориб Тошкент шаҳри жами 51 км узунликдаги BRT тизимига эга бўлади. Бунинг учун 126 млн доллар сарфлаш кўзда тутиляпти.

Тақдимотдан аввал давлат раҳбари Шота Руставели кўчасида очилган BRT тармоғи фаолияти билан танишди. Ҳафта давомида, шунингдек, Хитойнинг Yutong компанияси етказиб берган 202 та янги электробус қабул қилиб олинди. Бу билан Тошкент электробуслари сони 524 тага етди. Транспорт вазирлигига кўра, 2026 йилда пойтахт учун яна мингта янги автобус харид қилиш режа қилинган бўлиб, улардан 30 таси “гармошкали” таркиблардан иборат бўлади.

Метро борасида ҳам янгиликлар йўқ эмас. Таъмирлаш ишлари сабаб 3-4 ойдан бери ёпиқ қолаётган “Мустақилликнинг 30 йиллиги” йўли аввал айтилганидек 18 октябрда эмас, тахминан 1 ноябрдан бошлаб ишга тушадиган бўлди. Метрополитен хабарига кўра, таъмирдан кейинги синов жараёнларини узоқроқ давом эттириш ҳисобига, поездлар ҳаракатини олдингига қараганда 2 баробарга тезлаштириш ва оралиқ вақт интервалларини максимал қисқартиришга эришилади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент метросининг 14 та бекатдан иборат ерусти ҳалқа йўли 2017-2024 йилларда қурилган. Хусусан, “Қипчоқ” ва “Турон” бекатлари июн ойида темирйўл релслари ва шпалларини алмаштириш учун ёпилганида, уларнинг ишга тушганига эндигина 15 ой бўлганди. Бюджет ҳисобидан қурилган темирйўлни бир ярим йилга бормасдан янгилашга тўғри келгани кишини ҳайратлантиради. Таққослаш учун, 1977 ва 1984 йилларда фаолият бошлаган “Чилонзор” ва “Ўзбекистон” линиялари (пандемия пайтини инобатга олмаганда) очилганидан бери бирон марта ёпилмаган.

Янги аэропортга тамал тоши қўйилди

Тошкент шаҳри учун янги халқаро аэропорт қурилишига старт берилди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни боғловчи йирик авиация ҳабига айланишни мақсад қилган. Янги аэропорт лойиҳасини Саудия Арабистони, Япония ва Корея компанияларидан иборат халқаро консорциум амалга оширади. 4 босқичли лойиҳанинг 1-босқичида 2030 йилгача 2,5 млрд доллар эвазига аэровокзал ва аэродром қурилади. Аэропорт йилига 20 млн йўловчига хизмат кўрсатади, соатига 30 тагача учиш-қўниш операциялари бажарилиб, 14 та телескопик траплардан фойдаланилади.

Янги ҳаво бандаргоҳи учун Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги 1300 гектар майдон танланди. Бу майдон ҳозирги аэропортдан тахминан 16 км жанубда, Янгийўл шаҳридан 7 км шарқда жойлашган. Харитага қараганда, Ўрта Чирчиқдаги Янгитош, Тинчлик ва Янгиҳаёт аҳоли пунктлари энг яқин локациялар бўлиши мумкин. Расмий хабарга кўра, янги аэропортни Тошкент–Самарқанд, Тошкент–Андижон ва Тошкент–Бўстонлиқ пулли автомобил йўлларига улаш ва темирйўл станцияси қуриш орқали, мултимодал транспорт боғламаси ташкил этилади.

Пулли йўллар ҳақида гап кетганда, бу ҳақдаги қонун ўтган ойда қабул қилиниб, Сенатга юборилганини қайд этиш лозим. Автомобил йўллари қўмитасининг маълум қилишича, пулли йўлларда 150 км/соат тезликда ҳаракатланишга рухсат бериш кўзда тутилган. Ҳозирги хомчўтларга кўра, бундай йўлларда 100 минг сўм тўлов эвазига тахминан 200 км масофа босиш мумкин бўлади. Эслатиб ўтамиз, бир неча йилдан бери айтиб келинаётганига қарамай, ҳозирча ҳеч қайси пулли йўл лойиҳаси бўйича якуний битимлар тузилмаган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Бухоро шаҳрида туризм маркази қурилиши давом эттириладиган бўлди. Шавкат Мирзиёев 16 октябр кунги йиғилишда лойиҳани ЮНЕСКО талабларига тўлиқ мувофиқлаштириш ва шаҳарнинг тарихий қиёфаси билан уйғунлаштириш талабини қўйди. “Боқий Бухоро” мажмуаси худди Самарқанддаги аналоги каби, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар, конгресс-ҳолл ва этник шаҳарчани ўз ичига олади. Лойиҳа 2023 йил бошида эълон қилинган, ЮНЕСКО вакиллари эса тарихий шаҳарнинг буфер зонасига режа қилинган мажмуа учун бошқа жой танлашни тавсия қилганди. Шундан кейин вилоят ҳокимлиги лойиҳа кўчирилишини эълон қилганди. Лекин ундай бўлиб чиқмади: 2024 йил бошида Enter Engineering компанияси аввал белгиланган жойда кенг кўламли бузиш ишларини бошлаб юборган, бир муддат ўтиб ишлар тўхтаб қолганди.

Наманганда худди кинолардагидек бола ўғрилаган шахсларга суд ҳукми ўқилди. Маълум бўлишича, 2023 йил октябр ойида Уйчи туманида яшовчи Азизбек исмли юқори синф ўқувчиси мактаб олдида ўғирлаб кетилган. Ўғриликда ишлатилган Nexia машинаси топилганида, унинг эгаси бўлмиш такси ҳайдовчиси автомобил юкхонасига қамаб кетилган эди. Эртасига ўғрилар Азаматнинг отасига Telegram'дан хабар ёзиб, криптовалюта орқали 300 минг доллар бермаса, ўғлини ўлдириш билан таҳдид қилишади. Лекин ички ишлар ходимлари жиноий тўданинг бошлиғини тутишга муваффақ бўлгач, гуруҳнинг қолган 3 аъзоси таслим бўлади; ўсмир йигит 4 кун давом этган тутқунликдан кейин қўйиб юборилади. Суд жиноий гуруҳнинг 35 ёшли бошлиғи Элдор Қодировни 17 йилга озодликдан маҳрум қилди. Унинг 25-26 ёшлардаги учта ёрдамчиси эса 7 йилдан 11 йилгача муддатларга қамалди.

Намангандаги бошқа бир жиноят бундан-да даҳшатли. Янгиқўрғон туманида 7 яшар қиз ўзининг 38 ёшли педофил қариндоши томонидан зўрланди. Kun.uz манбасига кўра, жиноятчи эркак тўй қилаётган тоғасининг уйига борган пайти, унинг неварасига кўз олайтирган. Қабиҳ ишидан кейин қочиб кетиб, 2 кун давом этган қидирув натижасида қўлга олинган. Афсуски, бу ҳолат учун масъулиятнинг катта қисми суд-ҳуқуқ тизимида деб бемалол айтиш мумкин. Чунки бу педофил аввал ҳам номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш жиноятларини содир этиб, икки марта қамалган, лекин ҳар сафар муддатидан анча илгари қамоқдан чиқиб келаверган. Охирги жиноятида 10 йилга қамалиб, амалда 5 йил ўтирган ва шу йил бошида судя унинг жазосини ахлоқ тузатиш жазосига алмаштириб берган.

Бузуқликнинг яна бир шакли Қашқадарёда кузатилди. Кўкдала туманидаги 17-мактаб директори ишга олишни сўраб мурожаат қилган аёлга жинсий алоқада бўлишни таклиф қилгани айтиляпти. Интернетда тарқалган аудиоёзувга кўра, аёл ундан: “Чизмачиликка бўлсаям олсангиз майли эди” дея илтимос қилган. Мактаб директори эса: “Гапнинг дангали-да, сен билан бирга бўлишни хоҳлайман” дея жинсий алоқани таклиф қилган. Воқеа интернетга чиқиши биланоқ, директор ишдан ҳайдалди. Эътиборлиси, бу шахс Кўкдала тумани депутати ҳам ҳисобланади. У депутатликка Наймансарой маҳалласидан сайланган. Туман кенгаши котибияти Kun.uz сўровига жавобан бу воқеа этика комиссиясида кўриб чиқилишини маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида ишловчи бир эркакнинг ҳам аудиоси тарқалиб кетган, у бир аёлни жинсий алоқа эвазига мактабга директор қилиб қўйишни таклиф қилгани учун ишдан ҳайдалган эди.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Мавзуга оид