Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонада “ўтакетган ваҳшийлик” ва яна янги бож — ҳафта дайжести
Ички ишлар ходимлари яна бир аёлни таҳқирлади: пасткашлик ҳам шунчалик бўладими? Монополия ва яп-янги бож: “Юксалиш” таклифлари ва иқтисодчилар ноласини эшитадиган масъул борми? Боғчаларда яна заҳарланиш: ўтган ойдагиси сабоқ бўлмаганмиди? Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим воқеалари – Kun.uz дайжестида.
Фарғонада нималар бўляпти?
Расмийлар тилида “тизимга тасодифан келиб қолган”, “нопок” деб таърифланадиган айрим ички ишлар ходимларининг ҳар турли қонунбузарликлари шу пайтгача жуда кўп кузатилган. Лекин улар орасидан бир неча йил олдин Каттақўрғон шаҳрида, энди эса Фурқат туманида рўй берган ҳолатларни шунчаки “нопоклик” деб таърифлаб бўлмайди: бу – учига чиққан пасткашлик ва тизим учун исноддан бошқа нарса эмас.
Бу сафарги жиноят Каттақўрғондагидан ҳам даҳшатлироқ: аёл шаънини қасддан булғашдек жирканч ишда бир эмас, икки эмас, ўнга яқин ички ишлар ходимлари иштирок этгани айтиляпти. Kun.uz'га мурожаат қилган Гулираъно Қосимованинг сўзларига кўра, у эрини даволатиш учун қарз сўраб, Фурқат тумани солиқ идораси бошлиғининг уйига борган пайти, уйга ички ишлар ходимлари бостириб кирган ва уларни калтаклаб, ечинтириб, видеога ола бошлашган. Мақсад – солиқ бошлиғи гўёки бир аёлни жинсий алоқага мажбурлагани ҳақида сохта далил тайёрлаш бўлган.
“Ички ишларнинг 10 нафар ходими қатнашди: улар 1-2 дақиқа ичида бизни ечинтириб ташлашди. Кейин гўёки бизни ушлаб олгандек қилиб, ҳалиги сценарий бошланди. Соҳиб тиззаси билан қорнимга тепди, 15-20 секунд нафас ололмай қолдим. Кейин Юсуф видеога олиб турибди, Соҳиб айтяпти: “Камерага қараб, солиқни бошлиғи мени мажбурлаб, уриб, жинсий муносабатда бўлди деб айтиб берасан”. Мен нега унақа нарсани талаб қилаётганига ҳайронман. Унақа демайман деб, бош тортдим. Кейин уришда давом этишди. Тоҳир сочимдан судраб камерага қаратиб беряпти, Юсуф видеога олиб турибди, Соҳиб эса уряпти”, – дейди Гулираъно Қосимова.
Аёл нега бундай бўлганини кейинроқ тушунади: у туман ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев томонидан шахсий адоват сабабли солиқ бошлиғига қарши уюштирилган фитна операциясининг қурбонига айланган эди. Лекин бу вазиятда Қосимованинг жасурлиги орган мансабдорларига қимматга тушади. Унинг аризаси асосида жиноят иши қўзғатилиб, Акмал Хўжаев ишдан олинган. Бугун подполковник Хўжаев ҳамон лавозимида ўтирган биринчи ўринбосари Жасур Расулов билан бирга, суднинг қора курсисида ўтирибди. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 6 та моддаси билан айблов эълон қилинган.
Биринчи суд мажлиси 8 октябр куни бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Kun.uz мухбири судянинг тақиқи сабабли мажлисни аудио ва видеога ёзиб ололмади. Айни пайтда, судланувчилар сони атиги 2 нафар экани жабрланувчини ҳам, жамоатчиликни ҳам ҳайратга соляпти. Бошлиқларининг ҳар қанақа топшириғини бажаришга тайёр ходимлар жиноий жавобгарликдан озод қилинган. Нега деган саволга ҳозирча бирор идора жавоб бергани йўқ.
Қосимованинг сўзларига кўра, судланаётган икки амалдор гаров эвазига озодликда юрибди. Улардан бири аёлга аризасини қайтариб олиши учун 50 минг доллар таклиф қилган. Аёл рад жавобини бергач, “боғчага борадиган, мактабга қатнайдиган болаларингга эҳтиёт бўл” деган мазмундаги таҳдидларга учраган. У ўз шаънини судда ҳимоя қилиш учун кўплаб далиллари борлигини айтяпти.
Воқеа Kun.uz'да ёритилгач, вазиятга Сенат ва Омбудсман аралашди. Фарғона вилояти ИИББ эса қисқагина баёнот эълон қилиб, хулоса чиқаришдан олдин суд ҳукмини кутишга чақирди. “Қонунларимизда ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик борлигини ҳам унутманг”, дейилади расмий баёнотда.
Шу ўринда, ҳодисага республика даражасидаги масъулларнинг реакциясини 2018 йилдаги Каттақўрғон воқеаси билан таққослаш мумкин. Эсингизда бўлса, ўшанда Санъат Умаров исмли ички ишлар тезкор ходими бир аёлни қип-яланғоч қилиб ечинтириб, уни видеога олган, бу ҳолат ОАВда ёйилиб, жуда катта резонансга сабаб бўлганди. Лекин у пайтларда очиқлик ва сўз эркинлиги борасидаги муҳит бошқачароқ эди шекилли, “суд ҳукмини кутинглар, ёлғон тарқатганни жазолаймиз” деганга ўхшаш гапларни ҳеч ким айтмаганди. Янгилик тарқалиши билан Бош прокуратура “бу кишини ғазаблантирувчи ҳолат” деб баёнот берган, ишни бош прокурорнинг шахсан ўзи назоратга олганди. ИИВнинг муносабатида ҳам инсон шаънини таҳқирлаб бўлмаслиги алоҳида урғуланган ва рўй берган воқеа “жуда ачинарли” экани тан олинган эди.
Орадан 7 йил ўтиб, худди шунга ўхшаш, лекин ундан ҳам баттар воқеага на Бош прокуратура, на Ички ишлар вазирлиги расмий баёнот беришни лозим кўргани йўқ.
Шу билан бирга, ИИВдан жамоатчилик қаршисида умуман реакция бўлмади деб бўлмайди: вазирнинг маслаҳатчиси, тизимни ўз вақтида салкам 15 йил бошқарган генерал Зокиржон Алматов рўй берган воқеани “ўтакетган ваҳшийлик” деб атади.
“Бу ўтакетган ваҳшийлик. У раҳбар қайсидир йўллар билан амалга ўтириб қолган, деб ўйлайман. Қандай шароитда бўлса ҳам, ички ишлар идораси ходими ўзини ушлашни билиши керак. Биз бундай ўзидан кетиб қолган раҳбарларни асло кечирмаймиз”, – деди Алматов.
Заҳарланиш энди Жиззах боғчаларида
Тошкент вилояти боғчаларида кузатилган оммавий заҳарланишдан 2 ҳафта ўтиб, энди Жиззах вилоятида ҳам ўнлаб боғча болалари заҳарланди. Фориш тумани ҳокимлиги хабарига кўра, тумандаги тўртта давлат боғчасига борадиган 37 нафар тарбияланувчи иситма, кўнгил айниши ва ҳолсизлик шикоятлари билан шифохонага мурожаат қилган. Уларга ўткир диарея ташхиси қўйилиб, стационар даволанишга олинган. Уларнинг ҳолидан хабар олган Болалар омбудсмани 10 октябр ҳолатига 4 нафар бола шифокорлар кузатувида қолаётганини маълум қилди, уларнинг аҳволи қониқарли. Прокуратура мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддаси билан жиноят иши қўзғатди.
Айни пайтда, Тошкент вилояти боғчаларидаги заҳарланиш иши доирасида қамоққа олинганлар сони 11 кишига етган. Бу ҳақда маълум қилган вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг сўзларидан, заҳарланган болалар сони 1922 нафар экани англашилади. “Бизларни ўшанда Худо асради. Агар вақтида 5-6 миллиардлик дори-дармонлар бормаганда, билмайман нима бўларди”, деди вилоят раҳбари.
Зойир Мирзаев вилоят депутатлари қаршисидаги чиқишида рўй берган ҳолат учун “аутсорсинг тизими қонун олдида жавоб бериши”ни айтди. Ҳокимнинг фикрича, Санэпидқўмитанинг вилоятдаги масъуллари ҳам ишдан олиниши керак. Айни пайтда, қамоққа олинган 11 киши орасида давлат хизматчилари, хусусан СЭС ходимлари ҳам бор-йўқлиги номаълумлигича қоляпти.
Эслатиб ўтамиз, кетма-кет иккита оммавий заҳарланишлар рўй беришидан олдин, Kun.uz боғчалардаги аутсорсинг тизими ҳақида суриштирувлар эълон қилган, лекин бу суриштирувларда кўтарилган масалалар очиқлигича қолиб кетган эди.
Конституция: Солиқлар ва йиғимлар адолатли бўлиши керак
Apple компанияси iPhone 17'ни сотувга чиқаргани ортидан, ўзбек жамияти яна божлар мавзуси кун тартибига чиқди. Гап шундаки, бу смартфоннинг 999 долларлик энг арзон биттагина версиясини айтмаганда, қолган ҳеч қайси версиясини Ўзбекистонга бож тўламасдан олиб кириб бўлмайди. Телефонни сотиш учун эмас, ўзингиз учун олиб кираётган бўлсангиз ҳам, фарқи йўқ, бож тўлашга мажбурсиз. Чунки, шу йил 1 майдан бошлаб, ватанига самолётда қайтаётган ўзбекистонликлар ўзи билан божсиз товар олиб кириши лимити 2000 доллардан 1000 долларга камайтириб қўйилган.
Тармоқлардаги қизғин муҳокамалар фонида, Божхона қўмитаси нотижорат мақсадида iPhone 17 олиб киришдаги тўловлар ҳақида маълумот берди. Шу маълумотларга асосланган Kun.uz ҳисоб-китобларига кўра, мисол учун Дубайдан қайтаётган пайтда ўзингиз билан 512 GB хотирага эга iPhone 17 Pro Max смартфонини олиб қайтаётган бўлсангиз, сизни Ўзбекистонда ёқимсиз оворагарчиликлар ва қуйидаги учта харажат кутаётган бўлади: лимитдан ошиқча қиймат учун отнинг калласидек – нақ 30 фоизлик бож, божхона йиғими ва иккита SIM-картани IMEI'дан ўтказиш тўлови. Бу учала тўловнинг йиғиндиси нақ 2,5 млн сўмдан ошиб кетади.
Тармоқларда мавзу муҳокамалари қизғин давом этаркан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати дадил баёнот билан чиқди. Баёнотда божсиз норманинг пасайтирилгани танқид қилинган, божлар монополия хавфини келтириб чиқараётгани айтилган. Депутат Бобур Бекмуров раҳбарлигидаги ҳаракат фаоллари бунга ечим сифатида қатор таклифларни илгари сурмоқда. Бу таклифларга кўра, ҳар қанақа божлар, лимитлар ва ставкаларни белгилаш ваколатини парламентга бериш, 30 фоизлик божни пасайтириш, ички бозорда рақобат кучсиз бўлган товарлар учун импортни енгиллаштириш, 1-2 та шахсий қурилмалар учун UzIMEI тўловини бекор қилиш керак.
Умуммиллий ҳаракат божлар белгилаш ваколатини ҳукуматдан олиб қўйишга чақирганидан икки кун ўтиб, ҳукумат яна янги бож киритишни ўйлаётгани ойдинлашди. Бу сафар импортга эмас, экспортга бож қўйиш ҳақида гап кетяпти. Маълум бўлишича, корхоналарни қўшилган қиймат яратишга рағбатлантириш деган важ билан, мис сим экспортига бож киритилиши кутилмоқда. Бу янгиликдан кейин кўзга кўринган иқтисодчилар яна савдога тўсиқлар халқни камбағаллаштириши ҳақида ёзиб чиқишди. Уларнинг гапи инобатга олинадими-йўқми, буни вақт кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Конституциясининг 63-моддасига кўра, солиқлар ва йиғимлар адолатли бўлиши керак. 93-моддага биноан эса, солиқлар ва бошқа мажбурий йиғимларни жорий қилиш ваколати парламентга берилган.
Мубашшир Аҳмадга 2,5 йил берилди
Йилнинг энг шов-шувли суд жараёнларидан бири якунига етди. Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо Мубашшир Аҳмад 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. 8 октябр куни Учтепа туман суди уни Жиноят кодексининг учта моддаси: миллий-этник адоват қўзғатиш, жамоат тартибига таҳдид соладиган материаллар тарқатиш ва диний мазмундаги материалларни тарқатиш тартибини бузишда айбли деб топди.
Ҳукмга кўра, 2 йил-у 6 ойлик жазо муддати умумий тартибли колонияда ўталади ва 2025 йил 11 майдан бошлаб ҳисобланади. Уламога тегишли ижтимоий тармоқдаги саҳифалар ўчирилиши ёки блокланиши белгиланди. Судя Бобур Раҳимов ҳукмга изоҳ бераркан, енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб, тегишли моддаларнинг санкциясида кўрсатилганидан ҳам камроқ муддатлар белгилаганини айтди. Аввалги суд мажлисида прокурор 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўраганди.
Мубашшир Аҳмад ҳукм эълон қилинишидан олдин суддаги сўнгги сўзида диний материалларни Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсатисиз тарқатганини яна бир бор тасдиқлади ва буни жисмонан Ўзбекистон ҳудудида бўлмагани билан изоҳлади. Қолган моддалар бўйича айбловларни эса рад этди. “Одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда, адолат билан ҳукм қилинг”, – дея суддаги сўнгги нутқини оят билан якунлади Мубашшир Аҳмад. Ҳимоя томони ҳукм устидан апелляция берилиши ёки берилмаслигига ҳозирча аниқлик киритмади.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Фабио Каннаваро футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи сифатида иш бошлади. Тимур Кападзе ҳозирча унга ёрдамлашиб туради, муайян вақтдан кейин жамоани тарк этади. Тайинловдан кейинги матбуот анжуманида Каннаваро ўзини “ҳужумкор футбол тарафдори” деб таништирди; Кувайт билан Тошкентдаги ўртоқлик ўйинидан кейин эса, футболчилардан бироз агрессив бўлишни сўраганини айтди. ЎФА янги мураббийнинг маошини очиқламади, вице-президент Равшан Эрматов бу миқдор миш-мишларда айтилган 4 млн евронинг “ярмининг ярми ҳам эмас”лигини билдирди. Ҳафта давомида, шунингдек, ЎФА яна бир катта харажатга тушди: Осиё футбол конфедерацияси Қатар билан ўйиндаги регламент бузилишлари сабаб, ЎФАни 340 минг доллар жаримага тортди.
Олтин нархи тарихда биринчи марта бир унция учун 4000 доллардан ошди. Бу – йил бошидаги нархлардан 1,5 баробарга юқори. Бунчалик баланд нарх – Ўзбекистоннинг давлат бюджети, халқаро захиралари ва умуман иқтисодиёти учун миллиардлаб долларлик қўшимча тушумлар демакдир. Хусусан, 1 октябр ҳолатига халқаро захиралар қиймати янги рекорд – 55 млрд долларга етган. Bloomberg хабарига кўра, Навоий кон-металлургия комбинати келгуси 5 йил ичида олтин ишлаб чиқаришни 30 фоизга оширмоқчи. Маълумот учун, НКМК ўтган йилги кўрсаткичлари бўйича дунёдаги тўртинчи энг йирик олтин ишлаб чиқарувчи компания бўлиб турибди.
Жиззахда АЭС қурилиши бошланди. Ҳозирги босқичда котлован қазиш ишлари олиб борилмоқда. Буни бажариш субпудратчи Enter Engineering'га топширилган бўлиб, харажатлар тўлиқ давлат бюджетидан молиялаштирилмоқда. Айни пайтда, бўлажак АЭСда ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархи қимматлашган бўлиши мумкин. Чунки аввалроқ, 330 MWлик станция нархи 2 млрд долларга етмаслиги айтилган эди. Энди эса, лойиҳа қуввати 110 MW бўлишига келишилган бир пайтда, унинг қиймати 1 млрд доллардан кам бўлиши айтилмоқда. Яъни яратилажак қувват 3 баробарга пасайганига қарамай, қурилиш нархи бор-йўғи 2 баробарга камайиши мумкин. Бу номутаносиблик АЭСда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг таннархини оширади.
Бойсундаги кўмир тарқатиш пунктида талатўп юзага келди. Kun.uz'га келиб тушган видеода кўплаб одамлар поезд вагонларидан тўкилган кўмирни қопга солиб олиш учун шошилгани, кўп ўтмай ҳаммаёқни кўмирнинг қора чанги тутиб кетганини кўриш мумкин. Мурожаатчига кўра, қиш олдидан кўмир етказишда кечикиш рўй бергани учун ҳам шундай талатўп юзага келган. “Аслида масъуллар бу ишларни олдинроқ, ёз ойларида қилиши керак эди. Ўтган йили шундай ҳолатда кўмир талашиб, бир-бирини кетмон билан урганлар ҳам бўлган”, – дейди Kun.uz суҳбатлашган сурхондарёлик ватандош. Ҳафта давомида, шунингдек, Ўзбекистондаги иккинчи энг йирик кўмир кони – айнан Бойсунда жойлашган Шарғун конини хусусийлаштириш бўйича савдо жараёни бошланди.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Мавзуга оид
10:40 / 04.12.2025
Мактаб ва боғчалар қурилишини молиялаштириш маҳаллий бюджетларга ўтказилади
08:48 / 01.12.2025
Энди боғча тарбиячилари ва психологлар ҳам касбий сертификатдан ўтади
09:00 / 30.11.2025
Ишлаб кетган қонунлар ва тўхтамаётган дарахткушлик — ҳафта дайжести
11:33 / 29.11.2025