Иқтисодиёт | 15:36 / 13.10.2025
6013
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон почтаси” хусусийлаштирилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

UzPost'даги улушлар Россиянинг Wildberries маркетплейсига ўтгани ҳақида хабар тарқалиши ортидан, компания инвестиция излаётганини тасдиқлади ва “йирик инвестор”ни жалб этиш билан боғлиқ ўзгариш бўлган тақдирда, бу ҳақда хабар берилишини маълум қилди.

Фото: UzPost

“Ўзбекистон почтаси” хусусийлаштирилгани ҳақидаги хабарлар ортидан расмий баёнот билан чиқди.

Унда айтилишича, ҳозирда ҳақиқатан ҳам компанияга инвестиция жалб этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

“Бугунги кунда “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг акциядорлари сифатида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, давлат иштирокидаги бешта корхона ва 16 мингдан ортиқ юридик ва жисмоний шахслар иштирок этмоқда.

Жамият фаолиятига йирик инвесторни жалб этиш билан боғлиқ ўзгаришлар юз берган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни талабларига мувофиқ, тегишли маълумот расмий тарзда ошкор қилинади”, – дейилади UzPost ахборотида.

11 октябр куни иқтисодчи Отабек Бакиров ўз манбаларига таяниб “шимоллик маркетплейс” UzPost'ни хусусийлаштириб олаётгани ҳақида ёзди. 12 октябр куни Gazeta нашри битимдан хабардор манбасига асосланган ҳолда, компаниядаги давлат улуши Россиядаги онлайн-платформага ўтгани ҳақида хабар берди.

Ундан аввалроқ, сентябр ойи бошида Россиянинг Wildberries маркетплейси “Ўзбекистон почтаси”да улушдорга айлангани ҳақида миш-мишлар пайдо бўлганди.

2025 йилги хусусийлаштириш дастурига асосан, “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг Алоқабанкка тегишли 29,4 фоиз акцияси оммавий савдоларга чиқарилиши керак эди.

Миллий почта оператори республика бўйлаб 1602 та почта бўлими ва 3500 дан ортиқ етказиб бериш нуқталарига эга бўлиб, унда 7 мингдан ортиқ ходим, хусусан 2500 та почтальон фаолият юритади.

UzPost 2023 йилни 809,7 млн сўм, 2024 йилни 843,9 млн сўм соф фойда билан якунлаган.

Мавзуга оид