Жамият | 18:28 / 09.09.2025
30149
2 дақиқада ўқилади

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходими аёлга жинсий алоқа эвазига лавозим таклиф қилди

Эркак аёлга жинсий алоқа таклиф этиб, эвазига сертификат олиб беришни ҳамда мактабга директор қилиб қўйишини айтган. Вазирлик ушбу ходим лавозимидан озод қилинганини билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходими Ҳ.Ҳ.га тегишли экани айтилган аудио ёзув тарқалди.

Аудио ёзувда эркак аёл кишига қарата соғинганини айтган ва жинсий алоқа таклиф қилган. Сўнгра сертификат олиб беришини билдирган.

Сертификатни олиб бераман. Ҳасан аканг бор, қўрқма. Кейин ўзим сени бир яхши мактабга директор қилиб қўяман. Директор бўлишингга ўзим ёрдам бераман”, деган эркак.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Унга кўра, мазкур ходим лавозимидан озод қилинган.

“Ушбу вазият иштирокчиси бўлган вазирлик ходими лавозимидан озод этилган. Айтиш лозимки, вазирлик соҳага доир коррупцион ҳолатлар ҳамда манфаатлар тўқнашувига мутлақо қарши. Шунингдек, тизимда меҳнат қилаётган барча ходимларнинг касбий одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиши тарафдори”, дейилади муносабатда.

Вазирлик шу каби ноқонуний вазиятларга йўл қўйган ходимларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда қатъий чоралар кўрилиши таъминланишини маълум қилган.

Тайёрлаган:  Руслан Рамазанов

Мавзуга оид