Ўзбекистон | 13:50 / 14.01.2023
15599
3 дақиқада ўқилади

ЮНЕСКО Бухоро туризм маркази учун бошқа жой танлашга чақирган

Бухоро туризм марказини қуриш учун танланган жой Бухоро тарихий марказининг буфер зонасида жойлашган, шу сабабли ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳани қўллаб-қувватламаган. Маданий мерос агентлигининг ҳукуматга эслатишича, бу жойдаги ҳар қанақа лойиҳа агентлик ва ЮНЕСКО билан келишилиши шарт.

Туризм марказининг тахминий лойиҳаси / Фото: Bukhara News

Бухоро тарихий марказига яқин ҳудудлардаги иншоотлар бузилиб, ўрнига туризм маркази қурилиши ҳақидаги мақола эълон қилингач, Kun.uz ихтиёрига Маданий мерос агентлиги бўлим бошлиғи А.Расулов ва Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Ш.Шарофиддиновнинг лойиҳа ҳақидаги маълумоти келиб тушди.

Унда айтилишича, Бухоро шаҳрида жойлашган Бухоро тарихий маркази 1993 йилда ЮНЕСКО томонидан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бухоро тарихий марказининг ҳудуди 216 гектар бўлиб, унинг муҳофаза ҳудуди эса 339 гектар (жами 555 гектар)ни ташкил этади.

Қурилиши режалаштирилган туризм марказининг умумий майдони 32,6 гектар бўлиб, тўлиқлигича Бухоро тарихий марказининг муҳофаза зонасида жойлашган. Бу ҳудудда Миллий рўйхатга киритилган 2 та маданий мерос объекти жойлашган. Булар – 2012 йилда қайта тикланган “Саллоҳхона” дарвозаси ҳамда 1980 йилда ўрнатилган Абу Али ибн Сино бюсти.

Агентлик бу 2 объектни сақлаш ва уларга зарар етказилишининг олдини олиш учун қуйидагиларни таклиф қилган:

  • Вазирлар Маҳкамасининг 30.03.2019 йилдаги 265-сонли қарорига асосан, “Саллоҳхона” дарвозасининг ташқи кўринишига ҳамда тарихий қийматига зарар етказилишининг олдини олиш мақсадида унинг ҳимоя ҳудудида, яъни объектдан 50 метр масофа радиусида бино-иншоот қурилишини режалаштирмаслик;
  • ҳозирги Тиббиёт институти ҳудудида жойлашган Абу Али ибн Сино бюсти – маданий мерос объектини инвестор таклифига кўра ўз ўрнида сақлаб қолиш ёки инвестор томонидан таклиф этилаётган умумий концепцияга тўғри келмаган тақдирда ҳукумат қарорига мувофиқ Бухоро шаҳар М.Иқбол кўчасида жойлашган Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказий касалхонаси ёки Бухоро тиббиёт коллежи ҳудудига кўчириш;
  • Бухоро туризм маркази учун танланган ҳудуднинг Бухоро тарихий марказига туташ ва яқин бўлган қисмида бино-иншоотларни 2 қават ёки 7,5 метрдан оширмаслик тавсия этилади.

Шунингдек, агентликнинг билдиришича, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш конвенцияси талабларига кўра, Бухоро тарихий маркази ва унинг буфер зонасида қурилиши режалаштирилган ҳар қандай йирик лойиҳалар ЮНЕСКО билан ва маҳаллий қонунчиликка кўра, агентлик билан мажбурий тартибда олдиндан келишилиши шарт.

Масъул органнинг кўрсатишича, 2022 йилнинг 1 октябрида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Сара Ношади, собиқ туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Бухоро туризм маркази лойиҳаси учун танланган ер майдонларини ўрганиб чиқишган. Ўшанда Сара Ношади бу лойиҳани Бухоро тарихий марказининг муҳофаза зонасидан 1,8 км узоқликдаги, «Гулчорбоғ» МФЙ Қалқон кўчаси ёқасидаги ер майдонида қуриш мақсадга мувофиқлигини таклиф қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бир гуруҳ бухороликлар туристик мажмуани Бухоро марказий стадионининг ўрнига қуриш таклифига қарши чиқиб, президентга мурожаат қилганди.

Мавзуга оид