Ўзбекистон | 22:40 / 18.11.2025
3787
4 дақиқада ўқилади

Қайта ҳисобланган ЯИМ ва БМТ эътироф қилган Омонхона – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қайта ҳисоблашдан кейин Ўзбекистоннинг 2024 йилги ялпи ички маҳсулоти ошди

Ўзбекистонда 2024 йилги ялпи ички маҳсулот ҳажми қайта ҳисоблангач, 121,4 млрд долларга етди.

Якуний ҳисоб-китобларга кўра, 2024 йил якуни билан мамлакат ялпи ички маҳсулотининг номинал ҳажми амалдаги 1 квадриллион 454,6 триллион сўмдан 1 квадриллион 535,4 триллион сўмга (+80,9 триллион сўм) ёки 5,6 фоизга ортди. ЯИМ АҚШ доллари ҳисобида 115 млрд доллардан 121,4 млрд долларга кўпайган.

Шунингдек, қайта ҳисоблашдан сўнг, 2024 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 41,3 млн сўмни ташкил этди.

Омонхона БМТ туризм қишлоқларини ривожлантириш дастурига киритилди

БМТ Туризм ташкилоти томонидан навбатдаги “Энг яхши туризм қишлоқлари” (Best Tourism Villages) лойиҳаси ғолиблари эълон қилинди.

Ўзбекистон томонидан Туризм қўмитаси Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган Омонхона қишлоғи номзодини тақдим этди. Натижада Омонхона қишлоғи танлов ғолибларидан бири деб топилиб, лойиҳанинг “Ривожлантириш дастури”га (Upgrade Programme) киритилди. Бу халқаро миқёсда Ўзбекистон туризм тармоғининг навбатдаги ютуғи сифатида эътироф этилмоқда.

“Ривожлантириш дастури”га дунёда туризм салоҳияти юқори бўлган нуфузли қишлоқлар танлов асосида киритилади. Дастур доирасида мутахассислар кўмаги, ўқув дастурлари ва техник маслаҳатлар орқали қишлоқнинг туризм салоҳиятини янада ошириш, уни халқаро майдонда тарғиб этиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон сув объектларининг давлат тилидаги рўйхати тасдиқланди

Ҳукумат қарори билан, республика бўйлаб 130 та сув объекти: дарёлар ва сойлар, кўллар ва булоқлар, шаршаралар ва сув омборларининг давлат тилидаги номлари тасдиқланди. Рўйхатда янги гидронимлар ҳам бор: Сассиқсой номи Шўрсув деб, Гаистон сел сув омбори Янгиқўрғон деб, Жиннидарё эса Зўғатасой деб ўзгартирилди.

Рўйхатдаги объектларнинг номи бундан буён норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хариталар, иш юритиш ҳужжатлари ва хизмат ёзишмаларида ушбу қарор билан тасдиқланган шаклда ёзилади.

Алоқа операторлари абонент тўловини ошираётгани юзасидан текширув бошланди

Ўзбекистонда мобил алоқа операторлари нархларни ошираётгани юзасидан Рақобат қўмитаси томонидан ўрганишлар бошланди. Қўмита хабарига кўра, ноябр ойи бошида алоқа компанияларига сўровлар юборилган.

“Бугунги кунга қадар, хизмат сифатини яхшилаш ва қамровини кенгайтириш юзасидан алоқа операторлари томонидан амалга оширилаётган харажатларнинг нархларга таъсири тўғрисида тақдим этилган маълумотлар кўриб чиқилмоқда. Ўрганиш натижаларида операторлар томонидан рақобатга зид ҳаракатлар, хусусан мувофиқлаштирилган ҳаракатларнинг аломатлари аниқланган тақдирда ўрнатилган тартибда текшириш ўтказилади ва ушбу ҳолатлар тасдиқланганда амалдаги қонунчиликка мувофиқ қатъий чоралар кўрилиши маълум қилинади», дейилади истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимояловчи орган ахборотида.

Бинолар зилзилабардошлигини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўрилади

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, лойиҳалаштириш амалиёти сейсмик хавфни аниқроқ инобатга олган ҳолда такомиллаштирилади, зилзилабардошлик бўйича илмий хулосалар учун тўловлар қисқартирилади ва жараёнлар “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимига интеграция қилинади.

Шунингдек, 2027 йил 1 октябрга қадар MSK-64 шкаласи бўйича 8 ва ундан юқори балли сейсмик фаол зоналарда махсус сейсмик ҳимоялаш ускуналари ёрдамида лойиҳалаштиришга устуворлик бериладиган объектлар турлари тасдиқланиши белгиланган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид