Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Омонхона БМТ Туризм ташкилотининг туризм қишлоқларини ривожлантириш дастурига киритилди
БМТ Туризм томонидан ўтказиладиган “Энг яхши туризм қишлоқлари” (Best Tourism Villages) танлови доирасида Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Омонхона қишлоғи ғолиблардан бири сифатида эътироф этилди ва “Ривожлантириш дастури” (Upgrade Programme)га киритилди. Бу Ўзбекистон туризм соҳасининг халқаро миқёсда яна бир муҳим ютуғи сифатида қайд этилмоқда.
Фото: Туризм қўмитаси
БМТ Туризм томонидан навбатдаги “Энг яхши туризм қишлоқлари” (Best Tourism Villages) лойиҳаси ғолиблари эълон қилинди. Мазкур глобал ташаббус туризм қишлоқларига эътиборни кучайтириш, кичик қишлоқларнинг ўзига хос маданияти, урф-одатлари ва табиат гўзалликларини асраб-авайлаш мақсадида амалга оширилади.
Жорий йилги танловда Африка, Америка, Осиё ва Европадаги 65 та мамлакатдан 270 дан ортиқ номзод қишлоқлар иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан Туризм қўмитаси Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган Омонхона қишлоғи номзодини тақдим этди. Натижада Омонхона қишлоғи танлов ғолибларидан бири деб топилиб, лойиҳанинг “Ривожлантириш дастури” (Upgrade Programme)га киритилди. Бу халқаро миқёсда Ўзбекистон туризм тармоғининг навбатдаги ютуғи сифатида эътироф этилмоқда.
Сурхондарё вилояти Бойсун тумани тоғли ҳудудида жойлашган Омонхона қишлоғи ўзининг табиий манзаралари, шифобахш булоқлари, тарихий ёдгорликлари, номоддий маданий мероси ва меҳмондўст аҳолиси билан машҳур. Сўнгги йилларда бу ерда туризм инфратузилмаси босқичма-босқич ривожлантирилиб, сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида қишлоқ ҳудудида туризм маркази барпо этилмоқда. 2024 йилда Омонхона қишлоғига Ўзбекистоннинг “туризм қишлоғи” мақоми берилган эди.
Омонхонанинг мазкур дастурга киритилиши нафақат халқаро эътироф, балки мамлакатнинг қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожлантириш ва янги туризм нуқталарини шакллантиришга қаратилган изчил сиёсат самараси сифатида ҳам баҳоланмоқда.
БМТ Туризмнинг “Ривожлантириш дастури”га дунёда туризм салоҳияти юқори бўлган нуфузли қишлоқлар танлов асосида киритилади. Дастур доирасида мутахассислар кўмаги, ўқув дастурлари ва техник маслаҳатлар орқали қишлоқнинг туризм салоҳиятини янада ошириш, уни халқаро майдонда тарғиб этиш кўзда тутилган.
Жумладан, БМТ Туризм экспертлари томонидан туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича стратегик йўл харитасини ишлаб чиқиш, халқаро экспертлар иштирокида тренинг ва консултациялар ўтказиш, маҳаллий бошқарув, хизмат сифати ва маркетинг тизимларини илғор халқаро тажриба асосида яхшилаш режалаштирилган. Шунингдек, қишлоқни “Энг яхши туризм қишлоқлари тармоғи”га (Best Tourism Villages Network) қўшиш орқали бошқа давлатлар билан ҳамкорлик ва тажриба алмашиш имкониятлари яратилади.
Маълумот учун, БМТ Туризмнинг “Энг яхши туризм қишлоғи” танлови 2021 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Ушбу мақом экологик ва агротуризм йўналишларида юқори кўрсаткичларга эга, табиий ҳамда маданий қадриятларини, органик овқатланиш ва анъанавий турмуш тарзини асраб қолган қишлоқларга берилади.
2023 йилда Навоий вилоятида жойлашган Сентоб қишлоғи мазкур нуфузли эътирофга сазовор бўлган эди.
Мавзуга оид
12:51
«Ҳақиқат бўлишига жуда кучли асослар бор» – БМТ Бош котиби Ғазодаги уруш жиноятлари ҳақида
09:50 / 04.12.2025
Ўзбекистон Гоа билан туризм соҳасида қўшма лойиҳаларни йўлга қўймоқда
08:04 / 04.12.2025
АҚШ БМТнинг украиналик болаларни қайтариш тўғрисидаги резолюциясини қўллаб-қувватлади
22:51 / 27.11.2025