Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Шажара» ахборот тизими ва пули тўланмаган Cobalt шартномалари – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
«Шажара» ахборот тизими йўлга қўйилади
Шавкат Мирзиёев интеллектуал мулк, архив иши ва юридик таълим соҳаларини ислоҳ қилишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишар экан, интеллектуал мулкни ривожлантириш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш, архивларни 2030 йилгача кенг кўламда рақамлаштириш ва бу йўналишларда замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Тақдимотда «Шажара» ахборот тизимини йўлга қўйиш таклифи билдирилди. Янги хизмат фойдаланувчиларга ўз шажарасини яратиш, туғилиш, никоҳ ва ўлим ҳақидаги маълумотларни, генетик маълумотлар асосида узоқ қариндошларини излаш имконини яратади.
Cobalt учун олинган ҳар бешта шартноманинг фақат биттасига тўлов амалга оширилди
UzAuto Motors 3 ноябр куни 100 минг дона Cobalt’ни сотувга чиқарганди. Шартнома шартларига мувофиқ, 7 кун ичида тўлов амалга оширилмаган шартномалар бекор қилинди. Компаниянинг маълум қилишича, белгиланган муддатда 20 минг 833 донаси, яъни ҳар бешта шартноманинг биттаси учун тўлов амалга оширилган.
UzAuto Motors буни кўплаб шартномаларнинг аслида «автомобилга бўлган ҳақиқий эҳтиёжсиз» расмийлаштирилгани билан изоҳлади.
Энди тўлов муддати тугаган Cobalt автомобиллари расмий дилерлар салонида сотилади.
2026 йилдан «Ёшлар дафтари» ёрдами янги қоида ва шартлар асосида амалга оширилади
«Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди. Ҳужжатда ёшларни қўллаб-қувватлашда моддий ёрдам билан бирга, уларнинг таълим олиши, шахсий ривожланиши ва жамиятдаги фаоллигини кучайтириш устувор йўналиш сифатида белгилаб қўйилди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 февралдан «Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали ижтимоий ёрдам камбағал оилалар реестрига киритилган оиладаги ёшларга ижтимоий шартнома асосида, ўқиш, натижа ва фаолликка боғланган ҳолда тақдим этилади.
Тошкент ҳавосидаги чангни камайтириш учун йўлларга сув сепиш бўйича махсус режим жорий этилди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтда ҳаво ифлосланиши ва чангланиш даражаси ошган шароитда йўл қопламасига сув сепиш, яшил ҳудудларни суғориш ҳамда фавворалар ва микроиқлим қурилмаларини ишга тушириш бўйича махсус режим жорий этди. Чоралар ҳаводаги майда чанг заррачалари миқдорини қисқа муддатда камайтиришга қаратилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборотига кўра, шаҳар муҳитининг юқори чангланиши шароитида энг тезкор ва самарали чоралардан бири сифатида йўл қопламаси ва унга туташ ҳудудларни намлаш амалиёти кучайтирилди. Таъкидланишича, бу усул илмий асосга эга бўлиб, дунёнинг қатор йирик шаҳарларида ҳам атмосфера ҳавоси ифлосланиши авж олган даврларда қўлланади.
Кафе ва ресторанларда қўшимча ундирилаётган 15-20 фоиз мажбурий хизмат ҳақи қонунга хилоф – Рақобат қўмитаси
Рақобат қўмитасига умумий овқатланиш корхоналари фаолияти бўйича истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатларда айрим ресторан ва кафеларда таомлар нархидан ташқари 10–15 фоиз, баъзан эса 20 фоизгача хизмат ҳақи қўшимча тўлов сифатида ундирилаётгани ҳамда аввалдан депозит маблағлар талаб қилинаётгани ҳақида фикрлар билдирилган.
Рақобат қўмитаси умумий овқатланиш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларни қўшимча хизматлардан фойдаланишга ундашга йўл қўймаслиги, яъни умумий овқатланиш корхоналари турларидан келиб чиқиб истеъмолчиларнинг ўз-ўзига хизмат қилиш имкониятини яратиш, таомлар нархи, хизмат кўрсатиш тартиби ва улар билан боғлиқ шартлар, шу жумладан официант хизмати учун ҳақ миқдори ҳақидаги маълумотлар билан ўз вақтида тўлиқ таништириб ўтиши лозимлиги борасида огоҳлантирди.
Мавзуга оид
22:47 / 04.12.2025
Президент газ портлашида жабрланганлар билан учрашди ва 4,5 млн тонналик пахта режаси – маҳаллий дайжест
22:05 / 03.12.2025
Тошкентда тунги экорейдлар ва Гулистон бозоридаги фожиа – маҳаллий дайжест
23:11 / 02.12.2025
«Афросиёб»даги президент ва кўп қаватли уйларда ёнғин хавфсизлиги чоралари – маҳаллий дайжест
21:31 / 01.12.2025