Жамият | 17:18 / 27.11.2025
13111
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ижарачи аёлга шилқимлик қилган уй эгаси 5 суткага қамалди

28 ёшли шахс Шайхонтоҳур туманидаги хонадонини ёш оилага ижарага берган. Сўнг турмуш ўртоғи ишга кетганини била туриб, сув ҳисоблагич кўрсаткичларини кўриш баҳонасида хонадонга борган ва ижарачи аёлга шаҳвоний шилқимлик қилган. Ижарачи келин қўлига пичоқ олган ҳолда ундан ҳимояланишга уринган.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрида ижарачи аёлга тегажоғлик қилган уй эгаси маъмурий жазога тортилди. Kun.uz суд қарори билан танишди.

Суд ҳужжатига кўра, 1997 йилда туғилган М.М. Шайхонтоҳур тумани Хадра маҳалласидаги хонадонини ёш оилага ижарага берган. У 2025 йил 8 ноябр куни соат 10:00 ларда оила бошлиғи ишда эканини билган ҳолда сув ҳисоблагичнинг кўрсаткичларини кўриш баҳонасида хонадонга борган. Уйга кириб, аёлга шилқимлик қилган.

М.М. аёлга “эри яхши эмаслиги, ўзи унга уйланиб олмоқчи” экани ҳақидаги гапларни айтган. Сўнгра жинсий алоқа қилишга таклиф қилиб, белидан қучоқлаган ва юзидан ўпмоқчи бўлган. Аммо аёл бақириб, қўлига пичоқ олган ҳолда ўзини ҳимоя қилишга уринган. Қолаверса, бақир-чақирни эшитган қўшни хонада ижарада яшовчи фуқаролар келиб қолган.

Судда М.М. аёлга тегажоғлик қилмаганини айтган. Аёл эса бўлиб ўтган ҳолатни айтиб, эркакка нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Шаҳвоний шилқимлик қилди. Ўзимни йўқотиб, довдираб қолдим. 9 ойлик келинчакман, қўлимга пичоқ олиб, ўзимни ҳимоя қилишга мажбур бўлдим. Дарров эримга қўнғироқ қилиб, бўлган ҳолатни айтиб бердим”, деган жабрланувчи судда.

ЖИБ Шайхонтоҳур туман судининг 2025 йил 26 ноябрдаги қарори билан М.М. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган (шаҳвоний шилқимлик) ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди. Унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Аввалроқ Тошкентда автобусда қизларга шилқимлик қилган эркак 5 суткага қамалганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид