Ўзбекистон | 18:51 / 28.11.2025
39388
4 дақиқада ўқилади

Акмал Хўжаев ва Жасур Расулов 4 йилга қамалди

Мактаб директори Гулираъно Қосимованинг таҳқирланиши билан боғлиқ жиноят иши бўйича Фурқат туман ички ишлар бўлими собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг ўринбосари Жасур Расуловга суд ҳукми ўқилди. Уларга тўрт йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Суд ҳукми ўқилганидан кейин Гулираъно Қосимова Kun.uzʼга интервю бериб, ўзининг кечинмалари билан бўлишди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Мактаб директори Гулираъно Қосимованинг таҳқирланиши билан боғлиқ жиноят иши бўйича Фурқат туман ички ишлар бўлими собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг ўринбосари Жасур Расуловга суд ҳукми ўқилди. Уларга тўрт йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, Акмал Хўжаев ва Жасур Расулов уч йил муддатга ички ишлар вазирлиги тизимида ҳамда давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган ишларда ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинган.

Суд 39 ёшли Акмал Хўжаев ва 34 ёшли Жасур Расуловни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш, фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш, ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш, қалбакилаштириш, қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш жиноятларини содир этганликда айбли деб топган.

Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси манзил колонияларда ўтаттирилиши белгиланди. Тергов ва суд даврида очиқда бўлган ҳар икки собиқ амалдор ҳукм эълон қилингач, суд залидан қамоққа олиниб, махсус автомобилда вақтинча сақлаш изоляторига олиб кетилган. Жабрланувчиларга келгусида маънавий зарар ва бошқа зарарлар юзасидан тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилган. Бундан ташқари, суднинг алоҳида хабарномаси билан ушбу жиноят иши юзасидан бошқа шахсларга нисбатан жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда Фарғона вилояти прокуратурасига хабар қилиниши белгиланган.

Суд ҳукми ўқилганидан кейин Гулираъно Қосимова Kun.uzʼга интервю бериб, ўз кечинмалари билан бўлишди.

«Суд ҳам ўз ниҳоясига етди. Икки ой давом этган суддан кейин судланувчиларга ҳукм ўқилди. Бу ишда ёрдам берган ҳаммага раҳмат айтаман. Хусусан, президентимга, администрация раҳбари Саида Мирзиёевага, Сенат, ҳамма-ҳаммаларига раҳмат айтаман. Лекин бу, ишонинг, сиз ўйлаган даражада хурсанд бўладиган ҳолат эмас. Тўғри, ҳақиқат қарор топяпти. Аммо бировнинг кулфатига мен ҳеч қачон сабабчи бўлишни хоҳламаганман. Мана шу ҳолатгача келган барча-барчага ўз миннатдорлигимни билдираман. Хусусан, шу судларга ҳам, жиноят ишлари бўйича Қува туман судига ҳам, айнан ўша Авазбек Раҳимовга — ҳаққоний, адолатли кўргани учун ўз миннатдорлигимни билдираман. Ҳозир суднинг чиқарган қароридан қониқдим. Ўзинглар ҳам мана, гувоҳи бўлдинглар, қолган барча иштирокчилар номма-ном ўқилди. Ўша жойда бўлган, қатнашган, қолган ички ишлар ходимларининг ҳаракатлари ҳам ўрганиб чиқилиши юзасидан хабарнома вилоят прокуратурасига юборилди», дейди Гулираъно Қосимова.

Kun.uz ушбу иш тафсилотлари ҳақида ёритган материаллар билан бу ерда танишинг:

Ишнинг бошқа тафсилотлари - батафсил

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид