Жамият | 14:00
1514
3 дақиқада ўқилади

Фурқат туманида йирик савдо ва кўнгилочар мажмуа қурилиши бошланди

Kun.uzʼнинг Фурқат туманидан тайёрлаган репортажида аҳоли ўзларини қийнаётган асосий муаммолар ҳақида гапираркан, туманда кўнгилочар маскан, жамоат хиёбонлари йўқлигини айтишганди. Одамларнинг бу хоҳиш-истаклари жавобсиз қолмаган кўринади. Маълум бўлишича, орадан бир неча ой ўтиб туман марказида 15 гектарлик майдонда замонавий савдо ва оилавий кўнгилочар мажмуа барпо этиладиган бўлди.

2025 йилнинг март ойида Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари иштирокида дўстлик меморандуми имзоланиб, қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг рамзи сифатида «Дўстлик» стеласи очилганди.

Куни кеча Фурқат туманида барпо этиладиган ва Do’stlik city Mall номини оладиган мажмуанинг тамал тоши қўйилди ва айни пайтда қурилиш ишлари давом этяпти. Йирик лойиҳа бўлган Do’stlik city Mall ишлаб чиқариш, савдо ва кўнгилочар ҳудудлар, бренд дўконлар, кинотеатр, аттракционлар, амфитеатр, оилавий ҳордиқ масканлари, замонавий бозор ва кўп қаватли турар жойларни ўз ичига олади.

Фурқат туманининг географик жойлашуви инобатга олинса, мажмуа бир пайтнинг ўзида нафақат маҳаллий, балки қўшни Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларига ҳам хизмат қилади. Лойиҳа эгаларининг айтишича, Do’stlik city Mallʼни Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон савдо мажмуаси дейиш мумкин. Меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида Тожикистон ва Ўзбекистонни боғлаб турувчи Андархон чегара ўтказиш пунктига махсус автобуслар қўйилиши кўзда тутилган. 2027 йилгача фойдаланишга топширилиши кутилаётган бу жойда 4 000 та янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Фурқат туманидаги бугунги ўзгаришлар ҳақида тўхталиб ўтсак. Тумандаги “Турон одоб илм” хусусий мактабини ўқиб тамомлаган ёшлар 100 фоизлик натижа билан олий ўқув юртларига кираётган экан. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган “Интекс” текстил корхонаси, мебелчилик саноат зонаси, гипсокартон ва металл профил ишлаб чиқарувчи BNBM хитой-ўзбек қўшма корхонаси, ун маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Мастона Бўстони” МЧЖ туман иқтисодиётини янада юксалтиришга хизмат қиляпти.

Ёқимсиз ишлар содир бўлгани билан охирги 4-5 ойда жамоатчиликда салбий тасаввур шаклланган Фурқат туманида кўп ижобий ишлар ҳам борлигини кўрдик. Қолаверса, туманни ривожлантириш дастури доирасида катта лойиҳалар ҳам бошланган. Бу ишлардан аҳолининг умидлари катта.

Муаллиф:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид