Ўзбекистон | 20:16 / 17.01.2026
4210
2 дақиқада ўқилади

“Yangi bank”ни тугатиш комиссияси иш бошлади

Айни пайтда омонатчилар рўйхати шакллантирилмоқда, ушбу жараён 8 иш куни давомида амалга оширилиши режалаштирилган.

Фото: Yandex Maps

Лицензияси чақириб олинган “Yangi bank” акциядорлик жамиятини тугатиш бўйича комиссия иш бошлади. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

Қайд этилишича, айни пайтда омонатчилар рўйхати шакллантирилмоқда, ушбу жараён 8 иш куни давомида амалга оширилиши режалаштирилган.

Шунингдек, икки иш куни ичида Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан компенсация миқдори ҳамда агент-банк тўғрисида қўшимча ахборот эълон қилинади. Маълумот тахминан 28 январ куни тақдим қилинади.

Марказий банк омонат маблағлари бўйича компенсация тўланиши юзасидан батафсил маълумотни Омонатларни кафолатлаш агентлигининг 55-550-05-00 рақамли ишонч телефони орқали олиш мумкинлигини билдирди.

Марказий банк Бошқарувининг 15 январдаги қарори билан, “Yangi bank” АЖ фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинганди.

Бунга банк фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар етарли даражада самара бермагани, жумладан, устав капитали миқдорини қонунчиликда белгиланган энг кам талаблар даражасига етказилмагани, шунингдек, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган айрим талаблар бажарилмагани сабаб бўлган.

Банкнинг 32 526 та омонатчисидан 32 153 тасига давлат томонидан кафолатланган омонат маблағлари тўлиқ қайтарилади, 373 та ҳақдор эса омонатининг 200 млн сўмдан ортиқ қисмини қонунчиликда белгиланган тартибда қайтариб олиши мумкин.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид