Иқтисодиёт | 15:58 / 21.01.2026
3391
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорга қўлланган 7,4 млрд сўмлик ноқонуний жарима бекор қилинди

Солиқ органи сайёр текширувда тадбиркорга 7,4 млрд сўм жарима солган. Бунга сабаб сифатида 37,4 млрд сўмлик уй-жой савдоси учун электрон ҳисобварақ-фактуралар муддатида расмийлаштирилмагани келтирилган. Мазкур ҳолат «яширинган тушум» дея баҳоланган. Суд қарорини ҳақиқий эмас деб топди.

Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатувчи «E.H.G» МЧЖ ўтказилган сайёр солиқ текшируви натижасидан норози бўлиб мурожаат қилди, дея хабар берди Бизнес-омбудсман матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан тадбиркорлик субъектида ўтказилган сайёр солиқ текширувида 37,4 млрд сўмлик уй-жойлар савдоси учун электрон ҳисобварақ-фактуралар муддатида расмийлаштирилмагани аниқланган. Солиқ органи ушбу ҳолатни Солиқ кодексининг 223-моддасига асосан «яширинган тушум» дея баҳолаб, тадбиркорга нисбатан 7,4 млрд сўм миқдорида жарима қўллаган.

Тадбиркорнинг Солиқ қўмитасига қилган шикояти натижа бермагач, низо судга кўчган. Тошкент туманлараро маъмурий судининг инспекция зиммасига текширув материалларини қайта кўриб чиқиш мажбуриятини юклаганига қарамай, солиқ органи ўз қарорида қатъий қолиб, жаримани ўз кучида қолдирган.

«Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясида тадбиркорнинг қонуний матфаатлари Бизнес-омбудсман томонидан ҳимоя қилинди. Суд вакил девони томонидан киритилган ҳуқуқий асосларни кўриб чиқиб, инспекция ҳамда Солиқ қўмитаси қарорларини ҳақиқий эмас деб топди. Якуний қарорга кўра, тадбиркорга нисбатан қўлланган 7,4 млрд сўмлик жарима бекор қилинди», дейилади Бизнес-омбудсман хабарида.

Аввалроқ тадбиркорнинг лойиҳа ҳужжатларини асоссиз кечиктирган қурилиш бошқармаси ходими жавобгарликка тортилгани хабар қилинганди

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид