Иқтисодиёт | 11:23
1472
2 дақиқада ўқилади

5 граммли олтин қуймасининг нархи 10 миллион сўмдан ошди

Ўзбекистон бозорида олтин қуймалар нархи 1 грамм учун 2 млн сўмга етди. 2025 йил бошидан бери нарх ошиши 16 фоизни ташкил этяпти. Жаҳон бозорида ҳам олтин баҳоси сезиларли даражада қимматлаб, 1 унцияси учун 5100 долларга яқинлашди.

Марказий банк доимий равишда ўлчовли олтин қуймаларининг нархларини янгилаб боради. 26 январда эълон қилинган маълумотларга кўра, 5 граммли олтин қуймасининг нархи 10 млн 36 минг сўмни ташкил қилди. Қуймалар нархи 1 грамм учун 2 млн 7 минг сўмга баҳоланяпти.

2026 йилнинг бошидан бери олтин қуймалар қарийб 16 фоизга қимматлашди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Марказий банки олтин ва кумушдан тайёрланган эсдалик тангаларни 2018 йилда муомалага чиқарган. 2020 йил ноябридан бошлаб эса ўзбекистонликларда жамғармаларини қуйма олтин шаклида сақлаш имконияти ҳам пайдо бўлди: Марказий банк 5, 10, 20 ва 50 граммли олтин қуймаларини тижорат банклари орқали сотувга чиқарди.

Олтин қуймалари нархлари халқаро қимматбаҳо металлар бозори конъюнктурасидан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан кун давомида қайта кўриб чиқилади. Шунга кўра, нархлар доимий ўзгарувчан характерга эга бўлади.

100 граммли олтин қуймалар Ўзбекистонда 2025 йил 17 январдан бошлаб сотувга чиқарилган.

Жаҳон бозорида ҳам қимматбаҳо металл баҳоси унцияда аллақачон 5000 доллардан ошиб, янги психологик нуқта — 5100 долларга яқинлашяпти. Нархларни рағбатлантираётган асосий омиллар сифатида геосиёсий кескинликнинг сақланиб қолаётгани, АҚШ долларининг заифлашуви ва Федерал захира тизими (ФЗТ) фоиз ставкаларини пасайтириши мумкинлиги ҳақидаги кутилмалар келтириляпти.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров

Мавзуга оид