Жамият | 16:44 / 28.01.2026
2019
2 дақиқада ўқилади

Чиқиндидан қарзи бор 152 минг абонентнинг электр тўловига чеклов қўйилди

​​​​​​​Чиқинди хизматидан 87,5 млрд сўм қарздорлиги мавжуд 873 минг 990 абонент СМС хабарнома орқали огоҳлантирилган. Шунингдек, мамлакат кесимида 14,8 млрд сўм қарздорлиги бор 151 минг 202 нафар абонентнинг электр энергияси учун тўловига чеклов ўрнатилган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда чиқинди хизматидан қарздор 152 мингга яқин абонентнинг электр тўловига вақтинча чеклов ўрнатилди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар берди.

«16 январь ҳолатига, чиқинди хизматидан 87,5 млрд сўм қарздорлиги мавжуд 873 990 абонент СМС хабарнома орқали огоҳлантирилди.

Шундан сўнг, абонентларга мавжуд қарздорлигини бартараф этиш учун 5 кун муддат берилди ва ушбу даврда 7,4 млрд сўмлик тўловлар амалга оширилди.

Шунингдек, мамлакат кесимида жами 14,8 млрд сўмлик маиший чиқинди хизматларидан қарздорлиги мавжуд бўлган 151 202 нафар абонентнинг электр энергияси учун тўловига чеклов ўрнатилди», дейилади агентлик хабарида.

Мазкур чеклов қарздорлик бартараф этилиши биланоқ дарҳол ечилади.

Эслатиб ўтамиз, чиқиндини тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари бўйича тўлов интизомини кучайтиришга қаратилган қонун 2025 йил 7 мартда қабул қилинганди. Чиқинди хизматларидан қарздор абонентларга ҳар ойнинг 5-санасигача «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг 2100 қисқа рақами орқали СМС хабарнома юборилади. Ушбу огоҳлантириш юборилганидан кейин 5 кун қарздорликни бартараф этиш учун қўшимча муддат берилади.

2026 йил 1 январдан чиқиндилар учун тўловларни уйма-уй юриб ундириш амалиёти ҳам тўхтатилди

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров

Мавзуга оид