Спорт | 18:06 / 03.02.2026
3101
1 дақиқада ўқилади

2029 йилги қишки Осиё ўйинлари Қозоғистонда ўтказилади

Мусобақа мезбонлиги спорт иншоотлари қурилишида орқада қолаётган Саудия Арабистонидан олиб қўйилди ва Олмаота шаҳрига берилди.

Фото: AP

2 феврал куни Осиё Олимпия кенгаши (ООК) 2029 йилги қишки Осиё ўйинлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилишини эълон қилди. Бу ҳақда Хитойнинг «Синхуа» агентлиги хабар берди.

Дастлаб тадбир Саудия Арабистонида ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ ўтган ойда Саудия Арабистони Олимпия ва Паралимпия қўмиталари ҳамда Осиё Олимпия кенгаши тадбир номаълум муддатга қолдирилганини маълум қилди.

Саудия Арабистонидаги қишки мусобақалар учун келажакда қуриладиган Трожена шаҳрида қишки ҳаво ҳароратини керакли даражада ушлаб туриш мумкин бўлган улкан ёпиқ иншоотларни барпо этиш режалаштирилган эди. Мусобақани 2029 йилда ташкил этиш кутилган эди, аммо футуристик шаҳар барпо этиш учун қурувчиларига кўпроқ вақт керак бўлиши ойдинлашди.

Қозоғистон 2011 йилда VII қишки Осиё ўйинларига мезбонлик қилган - мусобақалар Остона, Олмаота шаҳри ва вилоятида бўлиб ўтган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид