Спорт | 18:02 / 04.10.2022
26887
3 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари-2029 мезбонлиги ҳали қурилмаган шаҳарга берилди 

Осиё Олимпия Кенгаши (ООК) 4 октябр куни Камбожа пойтахти Пномпень шаҳрида ўтказилган Бош ассамблеясида Саудия Арабистонининг Трожена шаҳрини 2029 йилги қишки Осиё ўйинлари мезбони сифатида тасдиқлади. Қизиғи шундаки, бу шаҳар мутлақо янгидан қурилади. 

Фото: neom.com

Трожена – валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон томонидан эълон қилинган қиймати 500 миллиард долларлик футуристик Неом шаҳри лойиҳасининг бир қисмидир. Унинг қурилиши 2029 йилда якунланади ва Форс кўрфазидаги биринчи очиқ тоғ-чанғи курорти бўлади. 

Сўнгги бор қишки Осиё ўйинлари 2017 йилда Япониянинг Саппоро шаҳрида ўтказилганди. 2021 йилги мусобақа Пекинда ўтказилиши режалаштирилганди, бироқ, коронавирус пандемияси туфайли бекор қилинди. 2025 йилги ўйинларни ўтказиш учун номзод топилмади. 2029 йилги ўйинлар учун Трожена ягона номзод эди. 

Саудия Арабистонида ҳаво ҳарорати камдан кам ҳолларда 8 даражадан пастга тушса-да, мамлакат раҳбарияти қишки ўйинларни юқори савияда ўтказишга ваъда бермоқда. Трожена Сарават тоғлари этагида барпо этилади. Дам олиш маскани қайта тикланадиган энергиядан қувват олади, шунингдек, режада тоғ-чанғи қишлоқчаси, ҳашаматли оилавий ва соғломлаштириш марказлари, минтақадаги энг йирик чучук сувли сунъий кўл ва интерактив табиат қўриқхонаси ҳам барпо этилади. Саудия Арабистони Ғарбий Осиёда бундай тадбирга мезбонлик қиладиган биринчи давлат бўлади.

Трожена лойиҳаси Саудия Арабистони Олимпия ва Паралимпия қўмитаси президенти ва ООК вице-президенти шаҳзода Абдулазиз ибн Туркий Ол Файсал, Неом бош директори Назмий Ан-Наср, Саудия Арабистонининг биринчи олимпия чанғичиси Файик Абдий, ҳоккейчи Садим Ат-Туҳамий томонидан тақдим этилди. Унга кўра, мусобақада эркаклар ва аёллар ўртасида 47 шода медаллар ўйналади. Ўйинларни ўтказишда табиий қордан ташқари сунъий қордан ҳам фойдаланилади. 

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон спорт орқали мамлакатнинг жаҳондаги имижини яхшилашга ҳаракат қилмоқда. Қишки Осиё ўйинларидан ташқари, Саудия Арабистони 2023 йилда Бутунжаҳон жанг санъатлари ўйинлари, 2025 йилда Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари, 2034 йилда Ар-Риёзда ёзги Осиё ўйинларини ўтказиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритган. 

Бундан ташқари, 2030 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионатини Миср ва Греция билан биргаликда ўтказиш масаласи ҳам фаол муҳокама қилинмоқда.

Мавзуга оид