Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пенсияга кузатилган божхоначи 4 кундан кейин янги лавозимга тайинланди
Давлат раҳбарининг ёш кадрлар корпусини шакллантириш ҳақидаги топшириғидан кейин тантанали равишда пенсияга кузатилган Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи Толибжон Саидов, орадан бир ҳафта ўтмай, янги лавозимга тайинланди. У фаолиятини “Божхона сервис” давлат муассасида директор сифатида давом эттиради.
Толибжон Саидов 14 феврал кунги тадбирда / Фото: Божхона қўмитаси
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси собиқ бошлиғи Толибжон Саидов тантанали тарзда пенсияга кузатилганидан бир ҳафта ўтар-ўтмай янги лавозимга тайинланди.
27 январ кунги селекторда давлат раҳбари ҳуқуқ-тартибот соҳасига ёш ва талабчан раҳбарлар корпуси кераклигини айтган, шундан кейин божхона, прокуратура ва Миллий гвардияда узоқ йиллар ишлаган ходимлардан бир гуруҳи пенсияга чиқарилган эди.
Шулар қаторида Толибжон Саидов ҳам пойтахт божхона бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод қилиниб, 14 феврал куни тантанали тарзда нафақага кузатилганди.
Фото: Божхона қўмитаси матбуот хизмати
18 феврал куни эса у Божхона қўмитаси раисининг буйруғи билан, “Божхона сервис” давлат муассасига директор этиб тайинлангани маълум бўлди.
Шу куни қўмита раиси ўринбосари Отабек Ибрагимов муассасада йиғилиш ўтказиб, янги раҳбарни жамоага таништирган.
“Тадбирда “Божхона сервис” давлат муассасаси фаолиятида эришилаётган натижалар билан бир қаторда йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам таҳлил қилинди. Шу боисдан янги раҳбар зиммасига биринчи галда ҳал қилиниши зарур бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди”, – дейилади қўмита матбуот хизмати хабарида.
Бу қандай ташкилот?
“Божхона сервис” ДМ ва унинг ҳудудий бўлимлари 2022 йилда ташкил этилган бўлиб, қуйидаги вазифаларни бажаради:
- давлат ташкилотлари ва декларантлар учун шартнома асосида божхона декларацияси ва бошқа ҳужжатларни тузиш, божхона хизмати органларига тақдим этиш ҳамда божхона органлари номидан товар ва транспорт воситаларини кўздан кечириш ҳамда божхона кўригидан ўтказишга тайёрлаш, қайта юклашда иштирок этиш, шунингдек, товарларга доир божхона расмийлаштируви бўйича бошқа операцияларни амалга ошириш;
- чегара ўтказиш пунктларини назорат-техник воситалар билан жиҳозлаш, улардан фойдаланишни (сервис хизматлар кўрсатиш ва таъмирлаш) таъминлаш, шунингдек, ушбу воситалардан фойдаланганлик учун пулли хизматлар кўрсатиш;
- чегара ўтказиш пунктлари ва уларга туташ ҳудудларда автотураргоҳлар ташкил этиш ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган консалтинг хизматларини кўрсатиш;
- давлат божхона хизмати органларига тегишли бўлган бино ва омборларда шартнома асосида божхона омборлари фаолиятини ташкил этиш, божхона омборларида товарларни сақлаш, юклаш, тушириш хизматларини кўрсатиш ҳамда бошқа юк операцияларини амалга ошириш;
- божхона органлари тасарруфидаги ва фойдаланувидаги объектларда қурилиш-монтаж ишларини мустақил равишда ёки қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ рухсат олган ҳолда бошқа ташкилотлар билан биргаликда амалга ошириш;
- қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда божхона хизмати органлари томонидан олиб қўйилган ва давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни, божхона омбори режимида сақлаш муддати ўтган ва 90 кун ичида талаб қилиб олинмаган ҳолларда, қонунда белгиланган тартибда суд қарори асосида давлат эгалигига ўтказилган товарларни сақлаш ва сотиш, шу жумладан, «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали (қонунчилик ҳужжатларида бошқа давлат органларга бериладиган мол-мулклар бундан мустасно) сотиш;
- шахснинг давлат фойдасига воз кечиш тўғрисидаги қарори асосида олинган товарларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ сотилишини ташкил этиш, электрон божхона пломбаларини етказиб бериш ҳамда қўллаш, чет эл товарлари божхона назорати остида ташилаётганда, шу жумладан, якка тартибда божхона назорати остида ташилаётганда пулли хизматлар кўрсатиш орқали божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришни ташкил этиш;
- Божхона қўмитаси раисининг буйруғи (топшириғи)га асосан қўмита марказий аппарати эҳтиёжи, шунингдек, божхона органларида ташкил этиладиган халқаро ва республика миқёсидаги тадбирлар учун зарур товарлар (хизматлар)ни қонунчиликда белгиланган тартибда харид қилиш.
Мавзуга оид
16:44 / 21.02.2026
Амалдорлар даромадини декларациялаш қонунини муҳокамага қўйиш Адлия вазирлигига боғлиқ эмаслиги айтилди
18:43 / 18.02.2026
Собиқ давлат хизматчиларининг ўзи назорат қилган хусусий секторга бориши назоратга олинади
19:20 / 17.02.2026
«Ўзбекнефтгаз» раисига янги ўринбосарлар тайинланди
22:45 / 12.02.2026