Ўзбекистон | 17:36 / 07.02.2026
11764
2 дақиқада ўқилади

Президент танқидидан сўнг прокуратурада бир гуруҳ ходимлар нафақага кузатилди

Шавкат Мирзиёев 27 январ куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳуқуқ-тартибот тизими масъулларини қаттиқ танқид қилганди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигида прокуратура органларида кўп йиллар давомида хизмат қилган ходимларни нафақага кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, тадбирда Ниғматилла Йўлдошев фахрий ходимларнинг қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлидаги хизматларини эътироф этган ҳамда уларнинг касбий маҳорати ва бой ҳаётий тажрибаси ёш ходимлар учун ибрат эканини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 27 январ куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳуқуқ-тартибот тизими масъулларини қаттиқ танқид қилган, Тошкент шаҳри ИИББ бошлиғи Равшан Султонхўжаев ҳамда Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи Анвар Ўрмоновга «ҳайфсан» бериб, олти ойлик синов муддати тайинлаганди.

Президент шунингдек, нафақа ёшидан кейин ҳам раҳбарлик лавозимларида ишлаётган ходимларга эътибор қаратган эди. Йиғилишда қайд этилишича, ҳуқуқ-тартибот тизимида хизмат ўташ чегараси полковниклар учун 55 ёш, генераллар учун 60 ёш бўлса-да, ҳозир бу ёшдан ошган 300 дан ортиқ ходим раҳбарлик лавозимида ишламоқда.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид