Ўзбекистон | 21:22 / 04.03.2026
1556
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда бекатлар “ислоҳоти” ва 4 одамни ўлдирган авария – маҳаллий дайжест

Педофилияга қарши жазони кучайтириш ва эрта никоҳларнинг олдини олишга қаратилган фармон имзоланди. Тошкент шаҳри Бош режаси ўзгартирилди: 1,5 минг гектар майдонда 30 та йирик кўчмас мулк лойиҳаси амалга оширилади. Тошкентда бекатлар инфратузилмаси янгиланади: савдо нуқталари кўчирилади. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Тошкент Бош режаси ўзгартирилди: 30 та нуқтада йирик мажмуалар қад ростлайди

Тошкент шаҳридаги 1,5 минг гектар майдонда 30 та йирик кўчмас мулк лойиҳаси амалга оширилади – умумий қиймати 14,5 млрд долларга баҳоланган мажмуалар рўйхати ҳукумат қарори билан тасдиқланди. Рўйхатдаги йирик мажмуалар, хусусан реновация қилинадиган мавзелар ҳудудининг камида 30 фоизи яшил майдонлар бўлиши керак. Шаҳарда ер майдони 1 гектаргача бўлган кичик ва зич қурилишлардан воз кечилиши белгиланди.

Танланган ҳудудлардаги қурилишлардан тушадиган инфратузилма тўловлари ва бошқа ажратмалар ҳисобидан 9 та ҳудудда “Тошкент Инвест” компанияси томонидан умумий майдони 139,6 гектар бўлган янги яшил ҳудудлар – жамоат парклари ташкил этилади. Шунингдек, Янгиҳаёт тумани Хўжа Учқун ва Янги Гулзор маҳаллалари ҳудудида ер майдони 799 гектар, лойиҳа қиймати 1 млрд 670 млн доллар бўлган “Янги авлод” саноат зонаси барпо этилади. Шулардан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган бош режасига кўплаб ўзгаришлар киритилди.

Педофилия учун умрбод қамоқ жазоси ҳақидаги қонун лойиҳаси 3 ой муддатда ишлаб чиқилади

Президент имзолаган янги фармонда муқаддам судланган шахслар вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши жиноятларни содир қилганда умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини 3 ой муддатда ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди.

Ҳужжатда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлашга қаратилган кўплаб чоралар назарда тутилган. Жумладан, эрта никоҳларнинг олдини олиш, ҳомиладор талаба-қизларга ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга имтиёзлар бериш, вояга етмаган шахслар билан никоҳ тузишни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш, ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан тергов қилиниши ва кўриб чиқилиши белгиланди.

Тошкентда бекатлар инфратузилмаси янгиланади

Шаҳар маъмуриятининг тегишли қарорига асосан барча бекатларни янгилаш режалаштирилган, жумладан, улардаги савдо объектлари кўчирилади. Рухсат берувчи ҳужжатларга эга тадбиркорларга савдо нуқталарини ўрнатиш учун бошқа жой ажратиш орқали компенсация тўлаш механизми ҳам кўзда тутилган.

Таъкидланишича, жаҳон амалиётига кўра жамоат транспорти бекатларининг замонавий концепцияси бекат ҳудудида савдо объектлари бўлмаслигини, йўловчиларнинг транспортни эркин ва хавфсиз кутишини, платформалар етарлича кенг бўлишини ҳамда тирбандлик юқори бўлганда уларни кенгайтириш имконияти мавжудлигини, шунингдек инклюзив муҳит яратилишини назарда тутади.

Рақобат қўмитаси Наманганда 26 та дорихонага иш қўзғатди

Рақобат қўмитасининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси Fair tech ягона ахборот тизими орқали ўтказган ўрганишларида айрим дорихона ва улгуржи сотувчилар белгиланган савдо устамаларига амал қилмагани аниқланди.

Хусусан, бошқарма томонидан 26 та дори воситаларини улгуржи сотувчи субъектда ўрганиш ўтказилган ва белгиланган улгуржи референт нархлардан юқори нарх қўллангани, шу орқали эса жами 497 млн сўмга яқин асоссиз даромад олингани маълум бўлган. Қайд этилишича, ҳолат махсус комиссия томонидан кўриб чиқилиб, референт нархларга амал қилмаган, асоссиз равишда нархларни ошириб сотган улгуржи сотувчиларга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилган.

Навоийда ЙТҲ оқибатида 4 киши вафот этди

Навоийда инсон ўлими билан боғлиқ аянчли йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳодиса шу йил 22 феврал куни содир бўлган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси бугун маълум қилди. Англашиладики, масъуллар бу хабарни жамоатчиликдан яширган.

Маълум бўлишича, ҳодиса 22 феврал куни Конимех тумани ҳудудида, “Навоий–Зарафшон–Учқудуқ” автомобил йўлида содир бўлган. Nexia ҳайдовчиси ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланаётган автомобилни қувиб ўтишга уринган. Аммо бунга улгурмасдан қарама-қарши йўналишда келаётган юк машинаси билан тўқнашган.

Nexia машинаси тезлиги ҳам белгиланган чекловдан юқори бўлгани айтилмоқда. ЙТҲ оқибатида 2 киши воқеа жойида, яна 2 киши эса шифохонада вафот этган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бугунча шулар. Воқеа-ҳодисаларни Kun.uz’нинг Telegram, Instagram, Facebook ва YouTube каналларида кузатиб боринг. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид