Ўзбекистон | 20:01
690
4 дақиқада ўқилади

Маҳкумлар учун енгиллик ва эски автомобиллар учун экологик компенсация — маҳаллий дайжест 

Тошкентда реновациянинг биринчи босқичи бошланди, маҳаллаларда махсус штаблар тузилди. Эски автомобил эгаси экологик компенсация тўлаши кераклиги ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Ўқиган ҳар бир китоб учун маҳкумнинг жазо муддати уч кунга қисқартириладиган бўлди. Самарқандда ЙТҲ содир қилган Damas ҳайдовчиси машинадан тушиб қолди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Тошкентда реновациянинг биринчи босқичи бошланди

Унда аҳоли, ташаббускор гуруҳлар ва лойиҳа иштирокчиларига реновация жараёни, кўчириш шартлари, компенсация тартиби ҳамда бошқа муҳим масалалар юзасидан батафсил маълумот бериш кўзда тутилган.

Босқич доирасида Яшнобод туманидаги Жарқўрғон, Миробод туманидаги Фитрат ҳамда Сергели туманидаги Хонободтепа маҳаллаларида махсус штаб иш бошлади.

Штаб таркибига ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар органлари, Миллий гвардия, солиқ идораси, Мажбурий ижро бюроси, коммунал хизмат, кадастр, адлия ва қурилиш ташкилотлари вакиллари, шунингдек, газ, электр энергияси, сув ва иссиқлик таъминоти соҳаси мутахассислари, банклар ҳамда нотариат идоралари жалб қилинган. Таъкидланишича, штабнинг асосий вазифаси аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, реновация механизмларини тушунтириш, фуқароларнинг саволларига жавоб бериш, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиш ҳамда ҳар бир оиланинг ўзига хос ҳолатларини инобатга олишдан иборат.

Эски автомобил эгаси экологик компенсация тўлаши мумкин

2027 йил 1 январдан бошлаб, ишлаб чиқарилганига 30 йилдан ошган автомобил эгаси йилига бир марта БҲМ 30 баравари (12 млн 360 минг сўм) миқдорида экологик компенсация тўлаши керак бўлади. Тегишли қарор лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ҳужжат атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини асраш, транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли моддалар миқдорини камайтириш, шунингдек, эскирган автомобилларни утилизация қилиш ва уларнинг қисмларини қайта ишлашнинг самарали тизимини яратишга қаратилган.

Шунингдек, «зарарли» экологик тоифага киритилган транспорт воситасидан фойдаланиш ва уни қайта рўйхатдан ўтказишни тақиқлаш таклиф этилмоқда. Бундай автомобил (антиквар автомобиллар мустасно) давлат рўйхатидан чиқарилади. Лойиҳа муҳокамаси 28 июнгача давом этади.

Ўқиган ҳар бир китоб учун маҳкумнинг жазо муддати уч кунга қисқартирилади

Жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган маҳкумнинг маънавий-ахлоқий қадриятларга оид адабиётларни ўқиши ва ўзлаштиришини баҳолашнинг янги механизми жорий этилди. Унга кўра, тест синовидан муваффақиятли ўтган маҳкумнинг жазо муддати ўқиган ҳар бир китоби учун уч кунга қисқартирилиши мумкин. Бироқ бир йил давомида қисқартириладиган муддатнинг умумий ҳажми ўттиз кундан ошмайди.

Ҳужжатга кўра, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида маҳкумлар учун махсус адабиётлар рўйхати шакллантирилади ва ҳар йили янгиланади. Маҳкум ўқиган китоби бўйича махсус электрон тизим орқали тест синовидан ўтади. Тест 100 баллик тизим асосида баҳоланади ва муваффақиятли натижа қайд этилиши учун камида 70 балл тўплаш талаб этилади.

Самарқандда ЙТҲ содир қилган Damas ҳайдовчиси машинадан тушиб қолди

Самарқанд вилоятида Damas русумли автомобил ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, юк машинасига урилгани акс этган видео тарқалди.

Видеода ҳайдовчи машинасини йўлнинг асфалт бўлмаган четки қисмида катта тезликда бошқариб, ўзидан олдинда кетаётган бошқа машиналарни қувиб ўтишга урингани, аммо бошқарувни йўқотиб, юк машинасига урилгани, ҳайдовчи эса машинадан тушиб қолгани акс этган. ЙҲХХ хабарига кўра, ҳолат 9 июн куни Пахтачи туманидан ўтган М-37 автомобил йўлида содир бўлган. Таъкидланишича, Damas рулида бўлган 35 ёшли ҳайдовчи тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид