Ўзбекистон | 19:17
586
5 дақиқада ўқилади

Инвесторлар учун янги кафолатлар ва аҳолидаги мобил телефонлар миқдори — маҳаллий дайжест

Президент инвесторлар учун янги ҳуқуқий кафолатларни эълон қилди. Тошкент дунёнинг энг тез ўзгараётган шаҳарлари қаторига кирди. 10 ёшдан катта аҳолининг қарийб барчаси мобил телефон ишлатиши маълум бўлди. Андижонда 160 минг долларлик ер савдоси билан боғлиқ фирибгарлик фош этилди. Муддати ўтган маҳсулотларни сотганлик учун жарималар оширилиши мумкин. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Президент инвесторлар учун янги ҳуқуқий кафолатларни эълон қилди

Ўзбекистонда инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро молиявий хизматлар бозорини ривожлантириш мақсадида Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилади. Унинг иштирокчилари учун махсус ҳуқуқий режим ҳамда 50 йиллик солиқ имтиёзлари жорий қилиниши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида маълум қилди.

Таъкидланишича, марказ иштирокчилари учун жозибадор солиқ тизими яратилади. Хусусан, фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи ҳамда божхона божлари нол фоиз этиб белгиланади. Шунингдек, капиталнинг эркин ҳаракати ва исталган валютада ҳисоб-китоб қилиш имконияти кафолатланади.

Марказ ҳудудида молиявий технологиялар, рақамли активлар ва «яшил» молияни ривожлантириш учун замонавий инфратузилма шакллантирилади. Бундан ташқари, норматив ҳужжатлар қабул қилиш ваколатига эга мустақил молиявий регулятор ташкил этилади.

Тошкент дунёнинг энг тез ўзгараётган шаҳарлари қаторига кирди

Халқаро консалтинг компанияси Boston Consulting Group (BCG) томонидан ўтказилган тадқиқотда Тошкент дунёнинг энг тез ўзгараётган шаҳарлари қаторида қайд этилди. Пойтахт “ўзгариш суръати” кўрсаткичи бўйича жаҳоннинг бир қатор йирик шаҳарларини ортда қолдириб, юқори ўринлардан бирини эгаллаган.

BCG томонидан тайёрланган тадқиқотда дунёнинг турли шаҳарлари иқтисодий имкониятлар, яшаш сифати, ижтимоий капитал, давлат бошқаруви билан ўзаро муносабатлар ҳамда ўзгаришларга мослашиш суръати каби мезонлар асосида баҳоланган.

Таҳлил натижаларига кўра, Тошкент “ўзгариш суръати” йўналишида Хитойнинг Шенчжен шаҳри ва Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддан кейинги поғонани эгаллаган. Тадқиқот муаллифлари Тошкентнинг юқори натижаларини аввало иқтисодий фаолликнинг ўсиши, янги имкониятларнинг пайдо бўлиши ҳамда давлат хизматларининг рақамлаштирилиши билан изоҳлаган. Шунингдек, аҳоли ва давлат идоралари ўртасидаги мулоқот механизмларининг такомиллашиб бораётгани ҳам муҳим омил сифатида қайд этилган.

10 ёшдан катта аҳолининг қарийб барчаси мобил телефон ишлатиши маълум бўлди

Ўзбекистонда мобил алоқа воситаларидан фойдаланиш даражаси рекорд кўрсаткичга етди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда 10 ёш ва ундан катта аҳолининг 99,3 фоизи мобил телефондан фойдаланган.

Қайд этилишича, мамлакатда рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши, мобил алоқа хизматлари қамровининг ортиши ҳамда интернет инфратузилмасининг ривожланиши аҳоли орасида мобил телефонлар оммалашувига хизмат қилган.

Мутахассислар фикрича, мобил телефонлар нафақат алоқа воситаси, балки давлат хизматлари, электрон тўловлар, онлайн таълим, электрон тижорат ва турли рақамли платформалардан фойдаланишнинг асосий воситасига айланиб бормоқда.

Андижонда 160 минг долларлик ер савдоси билан боғлиқ фирибгарлик фош этилди

Андижон вилоятида давлат захирасидаги ер майдонини расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, катта миқдорда пул талаб қилган шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинди.

Терговга қадар текширув материалларига кўра, фуқаро З.Ю. бошқа бир фуқаронинг ишончига кириб, ўзини гўёки Андижон вилояти Статистика бошқармаси ходими сифатида таништирган. У Андижон туманидаги Йўлдош Охунбобоев массивида жойлашган давлат захираси ер майдони аукцион орқали унинг фарзанди номига расмийлаштирилгани ҳақида ёлғон маълумот берган. Шундан сўнг мазкур 40 сотих ер майдонининг ҳужжатларини келгусида харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, бу хизмат учун 160 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида у 80 минг АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Муддати ўтган маҳсулотларни сотганлик учун жарималар оширилиши мумкин

Яроқлилик муддати ўтган ёки белгиланган тартибда ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган озиқ-овқат маҳсулотларини сотганлик учун жавобгарликни кучайтириш режалаштирилмоқда. Бу бўйича қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди.

Ҳужжат билан «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 178-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда. Лойиҳага кўра, яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши мажбурий бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини ушбу маълумотларсиз реализация қилиш ёки сотиш мақсадида қабул қилганлик учун белгиланган жарималар миқдори оширилади.

Таъкидланишича, мазкур ташаббус истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бозорларда маҳсулотлар сифати устидан назоратни кучайтириш ҳамда аҳоли саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид