Ўзбекистон | 22:07 / 31.03.2026
1083
4 дақиқада ўқилади

Миллий жамоанинг ютуғи ва Тошкентда сунъий ёмғир – маҳаллий дайжест

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси FIFA Series 2026 халқаро футбол турнири ғолиби бўлди. 2026 йилда инфляцияни 6,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш вазифаси белгиланди. Тошкент шаҳри ва вилоятидаги намлик паст бўлган ҳудудларда сунъий ёмғир ёғдирилиши мумкин. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Ўзбекистон Венесуэлани мағлуб этиб, халқаро турнир ғолиби бўлди

Тошкентда FIFA Series 2026 халқаро футбол турнири якунланди. Унда Ўзбекистон миллий жамоасидан ташқари Габон, Тринидад ва Тобаго, шунингдек, Венесуэла ҳам иштирок этди.

Ҳал қилувчи баҳсда Ўзбекистон ва Венесуэла тўқнаш келди. Ўйинда ҳисоб очилмади, пенальтилар сериясида эса ўзбекистонликлар ғалаба қозонди. Бу натижадан сўнг, Ўзбекистон 5 очко билан биринчи, Венесуэла 4 очко билан иккинчи, Габон 2 очко билан учинчи, Тринидад ва Тобаго 1 очко билан сўнгги ўринни эгаллади.

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашиб: «Келганимдан бери миллий жамоада фақат ўсишни кўряпман», деди.

Президент 2026 йилда инфляцияни 6,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш вазифасини белгилади

Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтган йиғилишда масъулларга инфляцияни жиловлаш, саноат ва экспорт кўрсаткичларини таъминлаш, инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, банк тизими ва қурилиш дастурларидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Инфляцияни жорий йилда 6-6,5 фоиз доирасида сақлаб қолиш энг муҳим вазифалардан бири эканига алоҳида эътибор қаратилди.

Жаҳон бозорида нефть нархининг кескин қимматлаши транспорт ва нефть-кимё маҳсулотлари таннархига таъсир кўрсатаётгани, полиэтилен ва полипропилен нархларида ҳам ўсиш кузатилаётгани айтилди. Шу боис, асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг импорти, транспорт-логистика масалалари ва муқобил йўлаклардан фойдаланиш бўйича тезкор чоралар кўриш вазифаси қўйилди.

Тошкентда сунъий ёмғир ёғдирилади

Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш ва сунъий шамол технологиясини босқичма-босқич жорий қилиш чоралари кўрилади. Бунинг учун ижобий синовдан ўтган хорижий тажриба ўрганиб чиқилади. Ҳаво сифатини яхшилашга оид президент фармони билан, Экология қўмитаси, Фанлар академияси ва Олий таълим вазирлигига шундай топшириқ берилди.

Унга кўра, 2027 йил 1 октябрга қадар пойтахтнинг атмосфера ҳавосини яхшилаш мақсадида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида намлик паст бўлган ҳудудга сунъий ёмғир ёғдириш учун керакли асбоб-ускуналар ўрнатилади. Бунинг учун маблағ Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармасидан ажратилади.

Тошкентдаги барча автомобилларга йил охиригача эко-стикер берилади

2026 йил якунига қадар Тошкент шаҳридаги барча автотранспорт воситаларига экологик тоифасини тасдиқловчи экологик стикер берилиши керак. “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси тўғрисидаги президент фармони билан, Ички ишлар вазирлигига шундай вазифа юклатилди. Экология қўмитаси эса 2026 йил якунига қадар Тошкент шаҳри ҳудуди “қизил”, “сариқ” ва “яшил” зоналарига ажратиб чиқилишини таъминлаши лозим.

Ўзбекистонда “Экологик транспорт” тизими 2026 йил 1 январдан бошлаб расман кучга кирган. Унга асосан, шаҳарлар ҳудуди ва транспорт воситалари “яшил”, “сариқ” ва “қизил” зоналарга ажратиб чиқилади ҳамда шаҳарнинг тегишли зонасига тегишли рангдаги экостикерга эга бўлмаган автомобилларнинг кириши чекланади.

Сурхондарёда пенсионерлар иштирокидаги наркогуруҳ фош этилди

Сурхондарё вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган махсус операция давомида пенсионерлар ҳам иштирок этган наркогуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Ички ишлар органлари маълумотига кўра, чегара ҳудудларида яшовчи айрим шахслар, жумладан пенсионерлар, афғон етказиб берувчилар билан тил бириктириб, опий моддасини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва уни Термиз шаҳри ҳамда атроф ҳудудларда тарқатиш билан шуғулланган. Ҳозир жиноят иши қўзғатилиб, барча гумонланувчилар қўлга олинган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид