Жамият | 14:13 / 16.04.2026
3013
3 дақиқада ўқилади

Янгиҳаётдаги боғчада тарбиячи болаларни ҳожатхонага қамагани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги 566-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи 3 нафар болани ҳожатхонага қамаб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тарбиячиларнинг айтишича, 3 нафар бола ҳожатхонага қамаб қўйилган, уларнинг биттаси қўли боғлаб қўйилган. Ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўрганилмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Воқеа ҳақида қамаб қўйилган болалардан бирининг онаси Instagram’да видео эълон қилган. Унда бола қўрқиб йиғлаб чиққани айтилади. Шунингдек, ота-оналар Telegram гуруҳида бошқа ота-оналар ҳам фарзандларининг гапларига таяниб, шунга ўхшаш ҳолат бўлганини билдирган.

Видеода Самира исмли тарбияланувчи қуйидагиларни айтган:

“Учаламизни — мени, Лайло ва Темурни ҳожатхонага қамаб қўйди. Темурнинг қўлини ҳам боғлаб қўйди. Бақирдик ҳам, йиғладик ҳам, очмади. “Сичқонларга олиб бораман”, деди”.

Ота-оналардан бири эса ўғли ҳам шунга ўхшаш гапларни айтганини билдирган:

“Менинг ўғлим ҳам шу ҳақида гапирди. Янги энага келиб, болаларни подвалга қамаб қўйишини, мени ҳам олиб бориб қамаб қўйишини айтди”.

Темур исмли боланинг онаси сўзларига кўра, болалар тарбиячига қулоқ солмагани учун жазоланган бўлиши мумкин:

“Қамаб қўйди, йиғладим”, дейди. Нега қамаб қўяди, нима ҳаққи бор десам, қулоқ солмадик, деб жавоб берди”.

Ота-оналар гуруҳида юборилган бир нечта овозли хабарларда ҳам бошқа болалар шу каби ҳолат бўлганини айтгани қайд этилган. Яна бир тарбияланувчи эса болалар ҳожатхонага рухсатсиз киргани учун жазоланганини билдирган.

Самиранинг онаси фарзанди ҳодисадан кейин ҳам қўрқувдан йиғлаётганини таъкидлаган:

“13 апрел куни соат 00:25 да ҳам бола қўрқувдан йиғлаб чиқди. Энди боланинг психикасига ким жавоб беради?”

Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдириб, мазкур вазият ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганилаётганини маълум қилди. Қўшимча ахборот берилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон боғчаларида болалар ҳуқуқлари бузилишига оид бундай ҳолат биринчиси эмас. Бир неча кун олдин Навоийда болаларни уриб қўпол муносабатда бўлган тарбиячи қамоққа олинди.

Аввалроқ Тошкент вилоятида болани ухламагани учун уриб ҳақоратлаган тарбиячи ишдан бўшатилганди.

Жорий йил бошида эса Чирчиқ шаҳридаги 30-сонли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида имконияти чекланган болаларга нисбатан ноўрин муносабатда бўлингани акс этган видеолавҳа тарқалганди

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид