Ўзбекистон | 22:12 / 21.04.2026
1930
3 дақиқада ўқилади

«Солиқ тўламайман» дейишга ор қилиш керак – Озодбек Назарбеков

Маданият вазири Озодбек Назарбеков 21 апрель куни санъаткорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқатда уларни солиққа тортиш бўйича янги тартиб юзасидан ўз фикрларини айтди.

Фото: Kun.uz 

Вазир сўзларига кўра, хонандаларнинг барчаси ҳозир солиқ тўлаяпти, аммо баъзилари билимсизлиги туфайли ҳатто солиқ тўлаётганини билмаяпти.

«Биринчидан бу ҳали лойиҳа, тасдиқлангани йўқ. Ва бу ўртага чиққанида жуда кўп санъаткорлар юзини кўрсатиб қўйди. Саводсизлигини, солиқ ҳақида ҳеч қанақа билимга эга эмаслигини кўрсатди. Санъаткорлар солиқ тўлаяпти. Тўламаяпти деган гап чиқиб қолди ўртага, ҳатто «тўламаймиз» деганлар чиқиб қолди. Ўзи аслида тўлаяпти, лекин ўзини тўлаётганини билмайди. Ҳамма жойдан тўлаяпти, тўйдан ҳам, коцертдан ҳам. Фақат кўтарилаётган масала – мана шу солиқ солиқ тури соғломми ёки йўқми. Ҳозирги мавжуд солиқ тури соғлом эмас. Шунинг учун солиқ идораси буни муҳокамага қўйяпти, буни соғлом ечимини топайлик деган маънода. Шунинг учун бу ерда солиқ тўлаймизми ёки тўламаймизми, деган масала муҳокама бўлмаслиги керак. Ҳамма тўлайди, солиқ тўламайдиган одам йўқ. «Солиқ тўламайман» дейишга ор қилиш керак. Бугун солиқлар орқасидан тинч ухлаяпсиз, болаларингиз мактабга боряпти, хотиржам бизнес қиляпсиз»,

Ўзбекистонда концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи шахсларни солиққа тортиш бўйича янги тартиб назарда тутилган президент қарори лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан март ойи охирида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Унда белгиланишича, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб ижрочилар билан боғлиқ барча хизматлар “Soliq” мобил иловасида рўйхатга олинади. Ижрочилар 2026 йил 1 сентябрдан 2029 йил 1 январга қадар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини “бир хизмат – бир тўлов” тамойили асосида, қатъий белгиланган миқдорда тўлайди. Унинг миқдори ижрочилар рейтингидан келиб чиқади ва БҲМ 0,25 барваридан (103 минг сўм) 3 бараваригача (ҳозир 1 млн 236 минг сўм) бўлиши мумкин. Бу қоидаларга амал қилмаслик камида 20 баравар БҲМ (ҳозир 8 млн 240 минг сўм) миқдорида жаримага сабаб бўлади.

Қарор лойиҳаси баъзи санъаткорларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ҳатто «Ўзларинг ашула айтинглар», дейишгача борди.

Солиқ қўмитаси хонандалар томонидан “Концерт-томоша фаолияти” хизмати бўйича солиқ декларациялари тақдим этилиши бўйича берган маълумотига кўра, 2025 йилда ушбу фаолиятдан олган даромади бўйича 728 нафар хонанда солиқ декларациясини тақдим этган. Жами йиллик декларация асосида солиққа тортиладиган даромад 3 млрд 728,7 млн сўм миқдорида кўрсатилиб, шундан 437,1 млн сўм даромад солиғи ҳисобланган.

Сардор Юсупов
Муаллиф Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид