Ўзбекистон | 19:02
1743
4 дақиқада ўқилади

Банк картасидаги кафолатли қолдиқ ва маст ҳолдаги ЙПХ ходими – маҳаллий дайжест

Қарздорнинг картасидан автоматик пул ечилганда камида 1,2 млн сўм пул қолиши шарт бўлди. Жиззахда маст ҳолда юрган ЙПХ ходими ишдан олинди. Тадбиркорларга солиқ органлари номидан сохта хатлар келмоқда. 1 июлдан ёшларни давлат хизматига қабул қилиш тизими ўзгаради. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Қарздорнинг картасидан автоматик пул ечилганда камида 1,2 млн сўм пул қолиши шарт бўлди

Uzcard тўлов тизими банк карталаридан автоматик (акцептсиз) маблағ ечиб олишда минимал камайтирилмайдиган қолдиқ жорий этилганини эълон қилди.

2026 йил 15 апрелдан бошлаб, банклар ва бошқа ташкилотлар кредитлар, бўлиб тўлаш ва бошқа мажбуриятлар юзасидан шахснинг Uzcard картасидан автоматик маблағ ечиб олганида, баланс нолга тушиб қолмайди.

Ўзбекистонда “картамга пул ташласам, кредитга ечиб олади” деб, нақд пулни афзал кўрувчилар бор. Янги тартибга кўра, энди кредитлар, бўлиб тўлаш ва бошқа мажбуриятлар доирасида шахснинг картасидан автоматик равишда пул ечиб олинганида, карта ҳисобида камида 3 БҲМ (1 млн 236 минг сўм) маблағ қолиши шарт. Картадаги пул шу миқдордан кам бўлса, автоматик ечиб олиш рўй бермайди.

Жиззахда маст ҳолда юрган ЙПХ ходими ишдан олинди

Жиззахда ЙПХ ходими хизмат формасида маст ҳолда юргани аниқланди. Маълум бўлишича, ҳолат март ойида Фориш туманида содир бўлган. Бир нечта фуқаро ЙПХ ходимини ушлаб, унинг мастлигини аниқлаш учун шифохонага олиб борган.

Видеолавҳаларнинг бирида ЙПХ ходими шифохонанинг орқа эшигидан чиқиб, қочиб кетгани кўринади. Бироқ уни ушлаб, қайтаришган. Кейинчалик, ходим ИИБ бўлимига олиб борилиб, алкотестерда мастлик даражаси аниқланган.

Kun.uz ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида, ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев билан боғланди. Унинг маълум қилишича, ходим ишдан бўшатилган. Ҳозир фуқароларнинг ходимга нисбатан ҳаракатларини прокуратура ўрганмоқда.

Тадбиркорларга солиқ органлари номидан сохта хатлар келмоқда

Сўнгги кунларда тадбиркорларга солиқ органлари номидан юборилаётган сохта электрон хатлар кўпайди. Мутахассислар бундай хабарлардаги ҳаволаларни босиш ёки файлларни очиш шахсий ва банк маълумотларининг ўғирланишига, ҳатто ҳисобдаги маблағларни йўқотишга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси ҳамда йирик солиқ тўловчилар инспекцияси номидан юборилаётган айрим электрон хатлар расмий тизимда рўйхатдан ўтмаган. Ушбу хабарлар ортида фирибгарлар турган бўлиб, улар орқали қурилмаларга зарарли дастурлар юкланиши, шунингдек, фойдаланувчиларнинг шахсий ва молиявий маълумотлари қўлга киритилиши мумкин.

1 июлдан ёшларни давлат хизматига қабул қилиш тизими ўзгаради

2026 йил 1 июлдан ёшларни давлат хизматига қабул жараёнларида ягона ёндашув жорий этилади. Жумладан, суҳбат босқичида бериладиган саволлар ва топшириқлар давлат органларининг расмий веб-сайтларида камида бир ой олдин эълон қилиниши шарт бўлади. Бир ой олдин эълон қилинмаган саволларни номзодларга бериш тақиқланади.

Шунингдек, ички танлов ўтказилмайдиган лавозимлар рўйхати белгиланади ҳамда айрим лавозимлар учун иш стажига оид талаблар бекор қилинади. Бошқа айрим ҳолатларда эса номзодлар учун кўпи билан икки йиллик умумий ёки махсус иш стажи талаби қўйилиши мумкин.

Сардор Юсупов
Муаллиф Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид