Ўзбекистон | 09:00
1313
13 дақиқада ўқилади

Энерготарифлар бўйича мавҳумлик ва бюджети кесилган футбол — ҳафта дайжести

Апрел тугаяпти, расмийлар эса сукутда: электр ва газ тарифлари бу йил ошмайдими? Ўзбек футболида ўтиш даври: футболчиларга бюджетдан ойлик тайинланди. Тошкент кўчаларида яна бир янгилик: дўконлар қаршисидаги автотураргоҳлар пулли бўлади. Катталашиб бораётган хавфсизлик муаммоси: Россия армиясига ёлланган ўзбеклар сони 5 мингга яқинлашди.

Якунланган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Маҳаллий товарларни арзонлаштириш вазифаси қўйилди

Инглизларда “янгилик йўқ бўлса, шунинг ўзи яхши янгилик” деган гап бор. 1 май санасига тўрт кун қолди, лекин электр энергияси ва газ тарифлари ошиши бўйича ҳозирча расмий хабарлар бўлмади. Қонунчилик бўйича, монопол товарларнинг оширилган нархлари кучга киришидан камида 15 кун олдин эълон қилиниши керак.

Жорий шарт-шароитлардан келиб чиқсак, нархлар кўтарилишини кечиктириш учун етарли асослар бордек кўринади. Аввало, ўзи шундоғам Яқин Шарқдаги уруш қўшимча инфляцион босим яратгани, шунга мувофиқ март ойи охиридаги йиғилишда ҳам, жума кунги селекторда ҳам инфляцияни жиловлаш бўйича давлат раҳбари томонидан қатъий топшириқ берилганини қайд этиш керак. “Агар инфляция ошиб бораверса, аҳоли ва тадбиркорлар ҳаётида ижобий ўзгариш сезилмайди”, деди Шавкат Мирзиёев. Президент нарх-наво барқарорлигини сақлаш учун маҳаллий товарларни арзонлаштириш шартлигини айтди.

Айни пайтда, энергетика соҳаси расмийлари кўз-кўз қилаётган ютуқлар ҳам мантиқан олиб қараганда тарифларга ижобий томондан таъсир қилиши керак. Масалан, “Ўзбекнефтгаз” шу ҳафта ўтказган матбуот анжуманида тизимда самарадорлик ошгани, триллионлаб маблағ тежаб қолинганини эълон қилди. Энергетика вазирлиги эса душанба кунги баёнотида йил бошидан бери қуёш ва шамол электр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 37 фоизга ошиб, 3 млрд kWh'га етганини маълум қилди. Булар эътирофга лойиқ албатта, лекин пиар қилинаётган ютуқлар охир-оқибат тарифлар ва хизмат сифатида акс этмас экан, истеъмолчи учун қуруқ рақамлар бўлиб қолаверади.

Бундан ташқари, энергетик товарлар нархлари 2024-2025 йилларда сезиларли ошгани – кетма-кет учинчи йил ҳам нарх оширишга қанчалик зарурат бор, деган саволни ўртага чиқаради. Лекин унутмаслик керакки, ҳукумат энерготоварлар нархини ҳар йили ошириб боришини қонунчилик даражасида белгилаб бўлган. Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилги қарорига асосан, электр энергияси ва табиий газ нархлари ҳар йили 1 майда инфляция даражасига мувофиқ, лекин 10 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда оширилиши кўзда тутилган. Маълумот учун, март ойи якунларига кўра, йиллик инфляция 7,1 фоизни ташкил этяпти.

“Ўзбекнефтгаз”: Футболга йилига 200-300 млрд сўм берардик

Энергетика тарифлари ҳақида гап кетганда, ўзбекистонликлар йиллар давомида газ ва бензинга пул тўлаш орқали аслида футбол клубларини ҳам боқиб келганини айтиш ўринли. Душанба кунги матбуот анжуманида “Ўзбекнефтгаз” футбол клубларига пул ажратишни тўхтатганини расман тасдиқлади.

Компания раиси ўринбосари Суҳроб Ҳамроевнинг айтишича, бунга қадар “Ўзбекнефтгаз” 3–4 та футбол клубига ҳар йили 200–300 млрд сўм ажратиб келган. 2026 йил 1 январдан бошлаб эса, бу ажратмалар бирданига, узил-кесил тўхтатилган. “Ўзбекнефтгаз”, шунингдек, “Бунёдкор”нинг Ривалдо олдидаги қарзини ҳам тўламаслигини маълум қилди.

Ушбу фонда, Суперлигадаги футбол клублари илк марта бевосита давлат бюджетидан пул ола бошлади. Ҳар бир клубга жорий мавсум учун ваъда қилинган 35 млрд сўмнинг биринчи қисми тўлаб берилган. Маълум бўлишича, солиқ тўловчилар ҳисобидан пул бераётган ҳукумат клублар олдига муайян талабларни қўйган: давлат берган маблағ ҳисобидан ҳеч қайси футболчига 27 млн сўмдан ортиқ маош бериб бўлмайди. 1 апрелдан бошлаб футболчилар даромад солиғидан мутлақ озод қилинганини ҳисобга олсак, улар ажратилган 27 млн сўмни тўлиқлигича олишлари мумкин. Лекин бунақа маошга кўнишадими-йўқми, бу албатта бошқа масала.

Ўзбек футболида дабдурустдан бошланиб кетган бу ўзгаришларга нима туртки бергани ҳақида миш-мишлар болалай бошлаган. Гап-сўзларга қараганда, иштаҳаси карнай маҳаллий мураббийлардан бири ўзига 350 млн сўм ойлик маош, қўшимчасига жамоанинг ҳар бир ғалабаси учун яна шунчадан мукофот пули ёздирган, бу эса пул берувчиларда ҳақли эътирозлар уйғотган. Ва яна айтишларича, пойтахт клубларидан бирида легионер футболчилар бунақа маошни эшитиб машғулотларда қатнашишдан бош тортибди.

Қисқасини айтганда, футболимизда – ўтиш даври кечаётгандек. Мавзу бўйича тўлиқроқ тафсилотлар билан Ўткир Жалолхонов шарҳида танишишингиз мумкин.

Банк карталарини ишлатишга қўшимча рағбат

Ўзбекистонда аҳолининг қарз юки охирги йилларда кескин ошгани ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабли, “картамга пул ташласам, кредитга ечиб олади” дея, нақд олди-бердини афзал кўрувчиларни тез-тез учратиш мумкин. Албатта, олинган қарзни вақтида қайтариш керак, ва умуман, қарз олишда етти ўлчаб бир кесган маъқул. Лекин ҳозир гап бу ҳақда эмас. Гап шундаки, энди кредитдан қарзи борлар ҳам қўрқмасдан картасида маълум миқдорда пул олиб юрса бўлаверади.

Янги тартибга кўра, энди кредит, насия ёки бошқа мажбуриятларга эга шахснинг банк картасидан автоматик равишда пул ечиб олинганида, балансни нолга тушириб қўйиш тақиқланди. Бунда, пул ечиб олинганидан кейин карта ҳисобида БҲМнинг камида 3 баробари, яъни 1 млн 236 минг сўм маблағ қолиши шарт.

Агар картадаги пул шу миқдордан кам бўлса, автоматик ечиб олиш рўй бермайди. Ушбу тартиб ҳозирча Uzcard карталарига тааллуқли, тез орада Humo тўлов тизими ҳам бу ҳақда эълон қилиши айтиляпти.

Тахмин қилиш мумкинки, бу янгилик – 1 апрелдан кучга кирган нақд пулсиз савдо талаблари билан боғлиқ. Чунки ҳатто ёқилғи, алкогол ва тамаки каби маиший товарлар савдоси ҳам тўлиқ нақдсиз шаклга ўтказилгани сабаб, шу пайтгача банк картасидан фойдаланмай келган кўпчиликда энди карта олишга жиддий эҳтиёж пайдо бўлди.

Бошқа бир янгилик – банклар ва тўлов ташкилотларининг мобил иловаларига нисбатан 22 апрелдан кучга кирган талаблар билан боғлиқ. Бундан буён молиявий иловаларда рўйхатдан ўтиш учун телефон рақамингиз фақат ўзингиз ёки яқин қариндошингиз номида бўлиши керак. Рақам эгасини ўзгартириш хизматига эҳтиёж ортгани сабаб, бу хизматнинг рақамли шакли ишга туширилди. Яъни авваллари телефон рақамни бошқа одамнинг номига ўтказиш учун компания офисига бориш керак бўлган бўлса, энди буни MyGov орқали ҳам амалга ошириш мумкин. Порталдаги статистикага қараганда, саноқли кунлар ичида бу хизматдан фойдаланиш учун 24 мингдан ортиқ ариза келиб тушган.

Бюджетга қўшимча даромад манбайи

Ўзбекистонда уч нафар ҳайдовчи жарима баллари сабаб биринчилардан бўлиб гувоҳномасидан айрилиш арафасида турибди. Бу – 1 апрелдан бошлаб камера ва радарлар ҳам жарима баллари ёза бошлагани билан боғлиқ. ЙҲХХга кўра, ой бошидан бери қарийб 23 мингта ҳайдовчи 5 баллдан тўплаб улгурган. Яна учта ашаддий қоидабузар ҳисобида аллақачон 10 балл бор. 12 баллик лимитни тўлдириб қўйиш ҳолати эса ҳозирча қайд этилмади.

Эслатиб ўтамиз, бир йил ичида ҳаддан ташқари кўп қоидабузарлик содир этиб, 12 балл тўплаб улгурган шахслар камида 6 ойга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади. Бу муддат тугаганидан кейин гувоҳнома олиш учун қайта имтиҳон топширишига тўғри келади. Гувоҳномасиз рулга ўтирган тақдирда, у яна камералар таъқиби остида бўлади: расмий маълумотларга кўра, аллақачон 192 киши гувоҳномасиз машина бошқаргани камералар орқали аниқланиб, тегишли тартибда жавобгарликка тортилган.

Ҳайдовчиларга оид яна бир янгилик – Тошкентдаги автотураргоҳлар билан боғлиқ. Пойтахтда савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари олдидаги автотураргоҳлар ягона бошқарув тизимига уланяпти. Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабарига кўра, бу орқали автотураргоҳларни тартибга келтириш ва ягона қоидаларни жорий этиш мақсад қилинган. Қисқасини айтганда эса, дўконлар ва ресторанлар қаршисидаги автотураргоҳлар пулли бўлиши кутиляпти. Расмий хабарда тўлов миқдорларига аниқлик киритилмаган, фақатгина тажриба-синов босқичидаги лойиҳа шаҳар бюджети учун “қўшимча даромад манбайи” экани қистириб кетилган. Келиб тушган маблағлар шаҳардаги йўлларни яхшилаш учун ишлатилиши айтиляпти.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Сурхондарёда кондан сизиб чиққан нефт дарё ўзанига оқиб кетди. Ёдингизда бўлса, декабр ойи охирларида Бойсунда Eriell компанияси пудратидаги М25 конидан нефт ер юзасига сизиб чиқа бошлаган, натижада уни сақлаш учун тупроқдан дамбалар қурилган эди. Ўтган вақт давомида ҳовуздаги нефтни махсус техника ёрдамида ташиб кетиш йўлга қўйилган. Лекин 23 апрел куни кучли ёғингарчиликдан кейин сел келиб, дамбаларни ювиб кетган, натижада нефт аралашган сув аввалига Бандихонсойга, ундан ўтиб Сурхондарёга қуйилган. Ҳовузларнинг дамбалари ўша куннинг ўзидаёқ тўлиқ тикланиб, сувга нефт оқиши тўхтатилган, дейилади Сув хўжалиги вазирлиги хабарида.

Чорвоқ сув омбори бўйида курорт-шаҳарча қурилишига навбатдаги яшил чироқ ёқилди. Маълум бўлишича, Экологик экспертиза маркази 10 феврал куни “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳасининг биринчи босқичига ижобий хулоса берган. Лекин бу ҳали лойиҳани бошлаш учун расман ва тўлиқ рухсат олинганини англатмайди. Экспертлар хулосасига кўра, курорт-шаҳарча қурилишининг атроф-муҳитга таъсири қанақа бўлиши борасида кўплаб масалаларга ҳали аниқлик киритиш керак. Якуний тасдиқни олиш учун инвестор қўшимча равишда муҳандислик-геология, гидрология, геодинамика, ботаника ва зоологияга оид тадқиқотлар ўтказиши, ҳаво, сув, тупроқ, биохилма-хиллик, транспорт юкламаси ва фавқулодда ҳолатлар бўйича ҳисоб-китобларни тақдим этиши керак.

Россия томонида Украинага қарши урушаётган ўзбекистонликлар сони 5 мингга яқинлашиб қолди. Украинанинг “Хочу жить” лойиҳаси хабарига кўра, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаб, Украинага қарши урушда иштирок этган ёки иштирок этаётган Ўзбекистон фуқаролари сони 4853 нафарни ташкил этади. Бу – Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори кўрсаткич. Умумий ҳисобда, жами 13 мингга яқин марказий осиёлик фронтга жўнатилгани айтиляпти. Бир қатор фаоллар нуқтайи назарига кўра, бу рақамларнинг катталиги – келгусида минтақамиз учун хавфсизлик муаммоларини яратиши мумкин. Айниқса Ўзбекистонда, урушга ёлланган шахсларга кўплаб ҳолатларда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланаётгани тармоқларда тез-тез муҳокамаларни келтириб чиқаряпти.

Ўзбекистонда чет элликларга аукцион орқали ер ижара ҳуқуқини сотиш тўхтатилади. Бу ҳақда сешанба куни давлат раҳбари ҳузуридаги тақдимотда маълум қилинди. Унга кўра, бундан буён хорижий инвесторлар қишлоқ хўжалиги ерларини аукцион орқали ижарага ололмайди. Улар фақат вилоят ҳокимликлари орқали, камида 10 млн доллар инвестиция киритиш ҳамда яйлов, лалми ва фойдаланишдан чиққан ерларни айланмага қайтариш шарти билан, иккиламчи ижарага ер олиши мумкин. Бу қарор миллий манфаатларни ҳимоя қилиш мақсади билан изоҳланди. Эслатиб ўтамиз, охирги вақтларда Ўзбекистонда фермерлик билан шуғулланишга айниқса хитойликларнинг қизиқиши ортиб бораётгани турли хавотирларга сабаб бўлиб келаётган эди.

Охирги йилларнинг энг йирик фирибгарлик жиноятларидан бири “Credit House” ишида суд ҳукми ўқилди. Яккасарой туман суди икки нафар судланувчи, хусусан фирибгарлик схемасига бошчилик қилишда айбланган Дмитрий Баженовни 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. Яна уч кишига 8 йилдан берилди. Тергов хулосасига кўра, айбдорлар 1766 кишини жами 486 млрд сўмга чув туширган. Бунда, қурувчи компаниялар ва харидорлар ўртасида воситачилик қилган фирмалар ҳали битмаган уйларни узоқ муддатга бўлиб тўлашга сотиш билан шуғулланиб келгани айтилмоқда. Эслатиб ўтамиз, шу каби фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун, улуш киритиш асосидаги уй-жойлар қурилишида 2026 йил 1 январдан бошлаб эскроу тизимига мажбурий равишда тўлиқ ўтилиши керак эди, лекин тегишли қонун ҳалигача қабул қилингани йўқ.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Боймирза Халилов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид