Жамият | 20:14 / 18.04.2026
2720
3 дақиқада ўқилади

Ёқилғи харажатига 3 фоизгача комиссия миняпти. Фарғонадан репортаж

1 апрелдан бензин ва дизел, метан ва пропанни нақд пулга сотиш тақиқланди. Kun.uz мухбири Фарғона вилоятининг айрим туманларидаги шохобчаларда янги тартиб қандай ишлаётганини ўрганди, ҳайдовчилар фикрига қизиқди.

Машинангизга бензин ё газ қуйишга кирдингиз, ёнингизда эса фақат нақд пул бор. Лекин тушкунликка тушишга ҳали эрта: ҳар қандай чекловда бўлгани каби, амалиётда ноқулайликни имкон қадар енгил ўтиш йўллари пайдо бўлиб улгурган. Қува ва Фарғона шаҳарлари ҳамда Риштон туманидаги қатор шохобчаларга кириб, бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик.

Нақдга қуяверамиз-у, фоизи бор-да...”

Биринчи шохобчада операторга юзланиб, ёнимизда фақат нақд пул борлигини айтдик ва пластик картасиз ҳам ишимизни битириб беришлари ёки йўқлигини сўрадик. Оператор буни касса ходими ҳал қилишини айтди. Кассага бориб, 50 минг сўм узатдик. Ходим нақд пулдан фоиз ушлаб қолиниши ва 47 500 сўмлик пропан қуйиб беришларини айтди.

Лекин ҳамма жойда ҳам бундай эмас. Яна бир шохобчада 50 минг сўмлик пропан қуйдик, касса ходими ҳеч қанақа комиссия ушлаб қолмади. Бу вазиятда, тахминимизча, у икки йўлдан бирини танлаган: ё харид чеки чиқармаган, ёки бошқа бир жисмоний шахснинг картасидан 50 минг сўм ечиб ҳисобни тўғрилаб қўйган.

65 минг сўмга қўшимча 1 000 сўм...

Кейин, бошқа бир шаҳарда нақд пулга АИ-92 бензини қуйишга муваффақ бўлдик. 5 литр бензиннинг нархи 65 минг сўм бўлди. Лекин уларнинг талаби билан кассага қўшимча 1 000 сўм, жами 66 минг сўм тўлашга тўғри келди.

Шунга ўхшаш комиссияни бошқа бир шохобчада ҳам учратдик. Оператор 100 минг сўмлик пропанга нақд тўлов қилганимиз сабаб, 1 000 сўм комиссия борлигини айтди.

Отахон пул қўйишни билмаяпти, ёрдам беринглар...”

Метан шохобчалардан бирида қўлида бир тахлам пул билан бошини қашиб турган ёши улуғ ҳайдовчини учратдик. У машинасига метан қуйиб олган, тўлаш учун қўлидаги нақд пулини банкоматга солишни билмай ўйланиб турарди. Шу пайт касса ичкарисидан микрофонда “отахон пул қўйишни билмаяпти, ёрдам беринглар...” деган овоз эшитилди. Операторлардан бири ишини ташлаб ёрдамга келиб ҳайдовчининг пулини пластик картасига солиб берди.

Касса ходимининг айтишича, нақд пул савдосининг тақиқланиши ҳайдовчиларга ҳам, заправка ходимларига ҳам ноқулайликлар туғдиряпти.

70-80 фоиз мижозлар нақд пул билан келяпти. Картаси борлар – 20-25 фоиз. Энди, янгилик бўлгани учун-да бу”, дейди у.

Картани инфокиосклар орқали тўлдираётган ҳайдовчилар ушлаб қолинаётган комиссиядан норози. Биз суҳбатлашган кўплаб аҳоли вакиллари янги тартибни бекор қилиш керак, деб ҳисоблашини билдирди.

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид