Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дунёнинг энг қудратли 2 кишиси яна учрашиш арафасида. Кутилмалар қандай?
АҚШ-Хитой ўртасидаги савдо, Эрондаги уруш, сунъий интеллект ва Тайван масалалари кун тартибидан жой олиши кутилмоқда. Аммо натижалар борасидаги кутилмалар камтарона.
АҚШ президенти Доналд Трамп ва Хитой раҳбари Си Жинпинг келаси ҳафта Пекинда учрашув ўтказади. Ушбу саммит дунёнинг икки йирик қудрати ўртасидаги рақобатнинг кейинги босқичини белгилаб берадиган ўта муҳим музокаралар сифатида кўрилмоқда.
14 май куни бошланадиган икки кунлик саммитда Трамп ва Си Эрондаги уруш, савдо, Тайван ва бошқа зиддиятли масалаларни муҳокама қилиши кутилмоқда. Улар сўнгги бор 2025 йил октябрь ойида Жанубий Кореяда учрашганди. Ўшанда АҚШ Хитой товарларига юз фоиздан ортиқ божлар киритган ва Пекин ноёб ер элементларининг глобал таъминотини бўғиб қўйиш билан таҳдид қилган шиддатли савдо урушини тўхтатилганди.
New York Times'нинг ёзишича, келгуси ҳафтадаги ташриф – АҚШ-Хитой ўртасидаги беқарор юмшаш даври сақланиб қолиш-қолмаслигини ҳал қилиши мумкин.
Cўнгги учрашувдан бери кўп нарса ўзгарди
Доналд Трамп Хитойнинг Яқин Шарқдаги энг яқин ҳамкори бўлган Эрон билан урушга киришиб кетди. Бу глобал бозорда энергия инқирозига олиб келди ва АҚШ ҳарбий ресурсларини Шарқий Осиёдан чалғитди. Шунингдек, уруш – АҚШнинг ўқ-дорилар захирасини камайтириб юборди. Бу эса хитойлик таҳлилчиларда – Қўшма Штатларнинг ўзини яқин ҳамкори ҳисобланган Тайванни ҳимоя қилиш имкониятига нисбатан шубҳа уйғотди.
Си Жинпинг ҳам ўзига хос қийинчиликлар: иқтисодий ўсишнинг секинлашуви, энергия нархларининг кўтарилишига юз тутмоқда. Бундан ташқари, Пекин Хитойнинг экспортга қарам иқтисодиётига зарар етказиши мумкин бўлган глобал рецессия – иқтисодий пасайиш эҳтимоли билан курашмоқда.
Музокаралар кун тартибида нималар бор?
Трамп ва Си энг аввало савдо масалаларини, жумладан, бир-бирининг мамлакатларига эҳтимолий сармояларни муҳокама қилишлари кутилмоқда.
Вашингтон таҳлилчилар «Бешта B» (Five B's) деб атайдиган масалаларга урғу бермоқда, улар қуйидагилар:
- Хитой томони Boeing самолётлари;
- АҚШ мол гўштини (beaf);
- АҚШнинг соя ловияларини (soybeans) сотиб олиши;
- Инвестиция кенгаши (Board of investment);
- Савдо кенгашини (Board of trade) ташкил этиш киради.
Ушбу икки тузилма Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасида миллий хавфсизлик борасида хавотир уйғотмайдиган иқтисодий алмашинув йўналишларини белгилаб бериши назарда тутилади.
Хитойликлар эса «Учта T» (Three T's) деб аталган масалаларга урғу бермоқда:
- Тарифлар;
- Технология;
- Хитой ўз ҳудуди деб даъво қиладиган Тайван масаласи.
Пекин ўтган йилги савдо сулҳини узайтиришни ва илғор яримўтказгичларга нисбатан экспорт назоратини юмшатишни талаб қилиши эҳтимоли бор.
Шунингдек, «Тайваннинг Хитойдан ажралиб чиқишига ҳеч қачон йўл қўймаслигини» айтган Си – ушбу оролга АҚШнинг қўллаб-қувватлашини камайтиришга ундаши кутилмоқда. Доналд Трамп эса Пекинни эронликларни Ҳўрмуз бўғозини қайта очишга кўндиришга чақириши кутилмоқда.
Томонлар сунъий интеллект билан боғлиқ хавф-хатарларни бошқариш бўйича ҳамкорлик масаласини муҳокама қилишлари кутилмоқда.
Бундан ташқари, Трамп февраль ойида 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳонконглик фаол Жимми Лай ишини ўртага ташлашини айтган. Бошқа масалалар қаторига: Хитойнинг ядровий қуролларини кўпайтириши, Жанубий Хитой денгизидаги хавфсизлик ва АҚШга фентанил оқимини камайтириш кабилар киради.
Қандай эҳтимолий натижалар кутилмоқда?
Нашрнинг ёзишича, Трамп «дўстим» деб атайдиган Си билан муносабатлари ҳақида одатда мақтаниб келади. У Қўшма Штатларда Хитой сармояси кўпайишини эълон қилишга иштиёқманд. Худди ўтган йили бой араб давлатларидан триллионлаб долларлик ваъда олиб келганидек.
Бироқ, икки томон йирик иқтисодий келишувга эришиши ёки чуқур келишмовчиликларни ҳал этиши борасида кутилмалар юқори эмас. Сармоялар бўйича қатор камтарона келишувлар ва ўтган йилги вақтинчалик савдо сулҳининг узайтирилиши – энг эҳтимолий натижа ҳисобланади.
Ушбу учрашув янада кўпроқ мулоқотлар учун бошланғич нуқта бўлиб хизмат қилишини айтди. Америкалик расмийларнинг таъкидлашича, икки етакчи бу йил жами тўрт марта учрашиши мумкин.
Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг «China Power» лойиҳаси директори Бонни Линнинг сўзларига кўра: «Хитойнинг 'ичида' ҳамон Қўшма Штатларга нисбатан чуқур шубҳа ҳисси мавжуд».
Шу боис, ушбу саммит ҳар икки томон учун рақобат давом этаётган бир пайтда бошқа мамлакатга қарамликни камайтириш учун вақт ютиш усули ҳамдир.
Нималар халақит бериши мумкин?
Эрондаги уруш бўйича тортишувлар музокараларга путур етказиши мумкин. Ўтган ой Си Жинпинг Трампнинг исмини айтмаган ҳолда, Америка президентининг халқаро ҳуқуқни писанд қилмаслигини «ўрмон қонунларига қайтиш» деб танқид қилганди.
Шунга қарамай Хитой Эрон расмийларини Қўшма Штатлар билан музокара ўтказишга ундаяпти, аммо урушни ҳал қилишга ёрдам бериш учун кўпроқ иш қилишдан ўзини тийиб турибди. Пекин наздида бу уруш – Вашингтоннинг муаммоси.
Хитой ташқи ишлар вазири Ван И шу ҳафта Пекинда ўзининг эронлик ҳамкасби Аббос Ароқчи билан учрашди. Хитой бош дипломати бўғозни очиш учун кўпроқ ҳаракат қилишга чақирди. Шу билан бирга Хитой Эроннинг «ядро энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича қонуний ҳуқуқи»ни қўллаб-қувватлашини айтди.
Бугунга келиб Хитой ҳам, АҚШ ҳам иқтисодий уруш қуролларини кучайтирмоқда. Хусусан, апрель ойида АҚШ Ғазначилиги Эрон нефтини сотиб олгани учун Хитойнинг нефтни қайта ишлаш заводига санкциялар жорий қилди. Хитой эса ўз компанияларига ушбу санкцияларга риоя қилмасликни буюрди. Шунингдек, расмий Пекин ҳукумат органларига хорижий компаниялар ҳамда ҳукуматларни тергов қилиш ваколатини берувчи қоидаларни ишлаб чиқди.
Мавзуга оид
02:52
Трампнинг компанияси криптовалютада 405 млн доллар йўқотди
01:20
Си Жинпинг ўз генералларига ишонмай қўйди – ОАВ
23:45 / 06.05.2026
Эрон яна БААга ракета отди: Теҳрон Трампни менсимаяптими?
22:17 / 06.05.2026