Жаҳон | 14:14
804
5 дақиқада ўқилади

Канада ҳам болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи

Канада ҳукумати тақдим қилган «Рақамли хавфсизлик тўғрисидаги» қонун лойиҳасига кўра, 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланади. Шунингдек, янги рақамли регулятор сунъий интеллект (AI) чатботларини ҳам хавфсизроқ қилиши назарда тутилмоқда.

Фото: Reuters

10 июнь куни Канада ҳукумати «Рақамли хавфсизлик тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди. Унга кўра, 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланади, бироқ муайян хавфсизлик стандартларига жавоб берадиган платформалар бундан мустасно бўлади.

Reuters нашри ҳукумат расмийсига таяниб ёзишича, мазкур қонун лойиҳаси Канадада хавфсизлик стандартларини белгилаш учун рақамли регулятор ташкил этишни кўзда тутади. Бу орқали эса сунъий интеллект (AI) чатботларини ҳам хавфсизроқ қилиш мақсад қилинган.

Талабларга риоя қилмаган компаниялар глобал даромадларининг 3 фоизи миқдорида ёки 10 миллион Канада долларигача (7,2 миллион АҚШ доллари) жаримага тортилиши мумкин. Бунда қайси даромад тури кўпроқ бўлса, ўша миқдордаги жарима тўланади.

«Ижтимоий тармоқ платформалари ва сунъий интеллект чатботлари эътиборни жалб қилиш учун мўлжалланган. Улар болалик даврининг соғлом ривожланишини қўллаб-қувватламайди ва кўплаб ёш канадаликлар учун хавотир, яккаланиб қолиш тушкунлик ҳамда бир қатор бошқа руҳий саломатлик муаммолари манбаига айланди», деди Канада ўзлиги ва маданияти вазири Марк Миллер.

2026-06-12 14.03.08
Марк Миллер марказда

«Ушбу қонунчилик ёш канадаликлар учун хавфсизроқ муҳитни таъминлайди ва уларга шахсан мулоқот қилиш, дўстлик алоқаларини ўрнатиш, мактабда эътиборни жамлаш ҳамда ҳаётда ривожланишлари учун реал дунё кўникмаларини ўрганиш имкониятини беради», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Reuters.

Ҳукумат расмийлари техник брифингда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши учун бир йил кетишини маълум қилган. Бундан ташқари, ҳужжат қабул қилингандан кейин рақамли регуляторни ташкил этиш учун яна 18 ой вақт кетиши мумкин.

Техно-гигантлар ва экспертларнинг муносабати

Google компания вакили барча платформалар учун юқорироқ хавфсизлик стандартларини ўрнатиш бўйича Канада федерал ҳукумати билан ишлашга содиқлигини билдирди. «Токи ота-оналар фарзандлари учун яхшироқ ва хавфсизроқ онлайн тажрибаларни танлашда ишонч ва назоратга эга бўлишсин», дея иқтибос келтирмоқда нашр.

Facebook ва Instagram эгаси бўлган Meta эса Канаданинг «Рақамли хавфсизлик тўғрисидаги қонуни» тафсилотларини ўрганаётганини билдирди. «Қонунчилар каби биз ҳам ёшлар учун хавфсиз, ижобий онлайн тажрибаларни хоҳлаймиз», деган компания вакили. Илон Маскнинг X платформаси ва Snapchat компаниялари ҳозирча изоҳ бермади.

Торонто университетининг технология ва махфийлик масалаларига ихтисослашган доценти Бретт Керавей Канаданинг таклифи бошқа давлатлари тақиқларидан кўра кенг қамровлироқ бўлишини айтди.

«Канаданинг сиёсати платформалар учун янада мураккаб мажбуриятлар тўпламини келтириб чиқаради», дейди у. «Унинг мақсади ижтимоий тармоқлар экотизимини болалар учун хавфсизроқ қилиш мақсадида уни қайта лойиҳалашдир. Австралия қонуни эса шунчаки экотизимга киришни чеклашга қаратилган».

«Бундан ташқари, унинг кўлами ҳам кенгроқ. Чунки Канада қонуни сунъий интеллект масаласини ҳам қамраб олади», дея қўшимча қилди у.

Можаролар ва халқаро тенденция

Қонун лойиҳасининг парламентга киритилиши Канададаги оммавий отишмалардан бирида жабр кўрган оилалар OpenAI компаниясини судга берганидан бир неча ҳафта ўтиб юз берди.

Жорий йил 10 феврал куни Канададаги ўрта мактаблардан бирида қуролланган шахс 7 кишини отиб ўлдирган ва 25 киши жароҳатланганди. Кейинроқ у ўзини ҳам отиб ўлдирган.

Ўша ҳужумдан жабрланганлар оилаларининг таъкидлашича, компания гумон қилинаётган қотил ҳужумни ChatGPT'да режалаштираётганини билган, бироқ полицияни огоҳлантирмаган. OpenAI ҳозирча ушбу иш юзасидан изоҳ бермаган.

Умумий олганда ижтимоий тармоқларнинг болаларга таъсирини тартибга солиш тенденцияси 2025 йилда Австралия томонидан бошланди.

Декабрь ойида Австралия 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаган дунёдаги биринчи давлатга айланганди. Қонун жорий этилганидан бир ой ўтгач, 10 та ижтимоий тармоқ компанияси биргаликда қарийб 5 миллион ўсмирнинг аккаунтларини ўчирган.

Бугунга келиб, бошқа давлатлар ҳам чекловларни кўриб чиқмоқда. Масалан, Франция, Дания ва Полша болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш қоидаларини кучайтириш ҳақида ўйламоқда. Греция эса аллақачон 2027 йил январидан бошлаб 15 ёшгача бўлганлар учун киришни тақиқлашини эълон қилган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид