Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Жапаров узоқ йиллик иттифоқчисини ишдан олди

10 феврал куни президент Садир Жапаров узоқ йиллик иттифоқчиси ва Қирғизистондаги иккинчи энг таъсирли амалдор — Қамчибек Ташиевни Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ва бош вазир ўринбосари лавозимларидан озод этди.

Президент бу қарорни «жамиятда ва давлат идоралари ўртасида бўлинишларнинг олдини олиш, бирликни мустаҳкамлаш мақсадида» қабул қилганини билдирган.

Шунингдек, Ташиевнинг уч нафар ўринбосари ва хавфсизлик кенгаши котиби Рустам Мамасодиқов ҳам лавозимидан озод этилган.

Ташиев ўрнига Жумгалбек Шабданбеков миллий хавфсизлик қўмитасига вақтинчалик раис этиб тайинланди.

Қамчибек Ташиев 2020 йилдан буён юқори даражадаги лавозимларда ишлаб келаётганди. Ўша йили у ва Жапаров сайлов натижалари сохталаштирилгани ҳақидаги иддаолардан кейинги намойишлар тўлқинида ҳокимиятга келган.

Жапаров ва Ташиев тарафдорлари уларни республикада узоқ давом этган сиёсий беқарорликка чек қўйган ва ҳокимиятни марказлаштирган етакчилар сифатида кўради.

Танқидчилар эса уларни илгари Марказий Осиёдаги энг демократик давлат сифатида қаралган Қирғизистонда мухолифат ва эркин оммавий ахборот воситаларига босим ўтказишда айблайди.

Хабарларга кўра, хавфсизлик идорасининг собиқ раҳбари ҳозир Германияда даволанмоқда.

Трамп Эронга босимни оширмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп давом этаётган дипломатик музокаралар фонида Яқин Шарққа иккинчи авиация ташувчи зарба гуруҳини юбормоқчи.

«У ерга йўл олган армадамиз бор ва яна биттаси ҳам юборилиши мумкин», деди Трамп. У Axios нашрига қўшимча жойлаштириш масаласини «кўриб чиқаётганини» тасдиқлаган.

АҚШ расмийси ҳам ички муҳокамалар давом этаётганини тасдиқлади. Иккинчи зарба гуруҳи ҳозир минтақада жойлашган Abraham Lincoln авиация ташувчи кемасига қўшилиши мумкин.

Трамп Эрон олдига икки йўлли танлов қўйди: «Ёки келишувга эришамиз ёки ўтган сафаргидек жуда қатъий чоралар кўришга мажбур бўламиз», деди у. Бу билан у ўтган йил июн ойидаги АҚШ зарбаларини назарда тутди.