Иқтисодиёт | 13:31
1971
3 дақиқада ўқилади

Қуёш панеллари эгаларига субсидия тўлаш кечикмоқда

Қуёш панелларида ишлаб чиқарилиб, умумий электр тармоқларига узатилган энергия учун фуқароларга субсидиялар вақтида тўлаб берилмаяпти. Kun.uz'га келиб тушган мурожаатларда айрим ҳолатларда ҳисобланган маблағлар бир неча ойдан буён тўланмаётгани айтилади. Энергетика вазирлиги бу масала Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ваколатида эканини маълум қилди. ИМВга кўра, масала юзасидан тегишли ишлар олиб бориляпти ва яқин вақт ичида расмий маълумот берилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 2023 йил 1 апрелдан “Қуёшли хонадон” дастури жорий этилган. Унга кўра, умумий қуввати 50 kWh'гача бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатган жисмоний шахсларга ўз эҳтиёжидан ортиб, ягона электр энергетика тизимига узатилган ҳар 1 kWh электр энергияси учун 1 минг сўмдан субсидия ажратилади.

Тармоққа узатилган электр энергияси ҳажми ҳисоблагичлар орқали қайд этилади, ҳисобланган маблағлар эса “Солиқ” мобил иловасида акс эттирилади. Фуқаролар орасида ушбу маблағлар кўпинча “кешбэк” номи билан тилга олинаётган бўлса-да, амалдаги тартибда улар субсидия сифатида белгиланган.

Kun.uz’га йўлланган мурожаатда қайд этилишича, айрим қуёш панели эгалари экспорт қилинган электр энергияси учун ҳисобланган субсидияларни ўз вақтида ололмаётганидан шикоят қилган. Мурожаат муаллифлари тўловларнинг кечикиш сабаблари, муаммо вақтинчалик ёки тизимли экани, шунингдек, маблағлар қачон тўлаб берилиши юзасидан изоҳ сўраган.

Сўнгги бир ҳафта ичида таҳририят субсидиялар тўланмаётгани ҳақида бир нечта мурожаатни қабул қилди. Яна бир мурожаатда шундай дейилади: “Мен Фарғонаданман, субсидия 25 майдан буён тўлаб берилмаяпти. Бу савол ҳозирги кунда бутун республикада долзарб. Нима учун тўловлар кечикаётгани шахсан ўзим учун ҳам қизиқ”, – дейди мурожаатчи.

Kun.uz Энергетика вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан боғланди.

Энергетика вазирлиги матбуот котиби Kun.uz'га берган изоҳида ушбу субсидиялар давлат бюджетидан молиялаштирилиши, маблағларни ажратиш ва тўлаш билан боғлиқ масалалар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ваколатига киришини маълум қилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати эса масала юзасидан тегишли ишлар олиб борилаётгани, яқин вақт ичида расмий маълумот тақдим этилишини билдирди.

Аввалроқ, ўзбекистонликларнинг қуёш электр энергиясини сотишдан олган даромади 9 баробарга ошгани маълум қилинганди.

Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, жорий йилнинг I чорагида 45,2 минг нафар жисмоний шахс қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясини тармоққа сотиб, 73,9 млрд сўмдан ортиқ даромад олган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққосланганда, субсидия олувчилар сони 3,5 баробарга, тўланган маблағ ҳажми эса 9 баробарга ошган.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид