Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бизнес учун ягона QR-код ва коррупционерларга чекловлар — маҳаллий дайжест
1 июлдан бошлаб мижозлардан тўловни қабул қилиш учун ягона QR-код тизими ишга туширилади. Коррупцияга оид жиноятлар рўйхати ва коррупционерларга нисбатан жорий этиладиган чекловлар белгиланди. Маҳалла фаолиятини илмий асосда йўлга қўйиш учун Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади. Янги Наманганда IT-парк қурилишига тамал тоши қўйилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Бизнес учун ягона QR-код ишга тушади
1 июлдан бошлаб бизнеснинг ягона UzQR тизимидан фойдаланиши мажбурий бўлади. Янги тартибга кўра, юридик шахслар мижозларига нафақат нақд ёки терминал орқали, балки ягона QR-код орқали ҳам тўлов қилиш имкониятини яратиши шарт бўлади. Бу қоидани бузиш жавобгарликка сабаб бўлади.
UzQR коднинг асосий хусусияти — истеъмолчи исталган банк иловаси ёки тўлов ташкилоти мобил иловаси орқали битта QR-кодни сканер қилган ҳолда тўловни амалга ошириши. Бунда савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари бир неча хил QR-код ва тўлов ечимларини сақлаб туриш заруратидан озод бўлади.
Марказий банк маълумотларига кўра, UzQR учун сотувчидан транзакция суммасининг 0,65 фоизи миқдорида комиссия ундирилади. Харидордан ҳеч қандай ҳақ ундирилмайди.
Коррупционерлар реестри жорий этилади
Президент 22 июн куни коррупция учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонунни имзолади.
Қонун билан, коррупцияга оид жиноятлар рўйхати ва коррупционерларга нисбатан жорий этиладиган чекловлар белгиланди. Жумладан, Жиноят кодексининг 18 та моддасидан (ёки уларнинг айрим диспозицияларидан) иборат коррупцион жиноятлар рўйхати тузилди.
Шунингдек, коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестри юритиладиган бўлди. Реестрга киритилган шахсларга давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиш, сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодининг кўрсатилиши, давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзоси бўлиш ва бошқа чекловлар жорий этилади. Қонун расмий эълон қилинган сана – 2026 йил 23 июндан кучга кирди.
Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 22 июнь куни маҳаллалар фаолиятини рақамлаштириш ва Маҳаллани ривожлантириш миллий институтини ташкил этиш юзасидан тақдимот билан танишди. Унда маҳалла фаолиятини илмий асосда ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, шу вақтгача тадқиқ этилган 20 мингга яқин илмий ишнинг атиги 10 тасида маҳаллага алоқадор айрим масалалар ўрганилган.
Шу муносабат билан Маҳаллани ривожлантириш миллий институтини ташкил этиш таклифи билдирилди. Институт фаолияти катта илмий салоҳиятга эга Давлат бошқаруви академияси билан боғлиқ ҳолда йўлга қўйилади.
Янги институт маҳалла тизимидаги ислоҳотларни илмий таҳлил қилиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштириш, “еттилик” фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Ушбу тизим орқали ҳар йили 21 минг нафар маҳалла тизими ва “еттилик” аъзоларининг малакаси оширилади.
Янги Наманганда IT-парк қурилишига тамал тоши қўйилди
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти, Давлатобод туманидаги Янги Наманган шаҳарчасида барпо этиладиган замонавий IT-парк қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди. Қиймати 117 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда минглаб ёшлар учун юқори даромадли иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.
Қайд этилганидек, хитойлик ҳамкорлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган 117 миллион долларлик лойиҳа доирасида республиканинг олти ҳудудида IT-парк қурилади. Янги Наманган шаҳрида барпо этиладиган мажмуа мазкур ташаббуснинг илк лойиҳаси ҳисобланади.
Лойиҳага мувофиқ, 1,7 гектар майдонда 17 қаватли замонавий бино қад ростлайди. Майдони қарийб 18 минг квадрат метр бўлган мажмуада таълим ва экспорт марказлари, коворкинг ва офис майдонлари, стартап акселератори ҳамда хорижий компанияларга хизмат кўрсатиш инфратузилмаси жойлаштирилади.
Мавзуга оид
19:45 / 22.06.2026
Одамсимон роботлар заводи ва кўпайиб бораётган автомобиллар — маҳаллий дайжест
20:06 / 19.06.2026
Машиналарни оқизган сел ва 1,5 миллионга етган талабалар — маҳаллий дайжест
19:27 / 18.06.2026
Миллий жамоанинг тарихий ўйини ва биринчи сунъий йўлдош интернети — маҳаллий дайжест
19:17 / 17.06.2026