Ўзбекистон | 19:45
719
4 дақиқада ўқилади

Одамсимон роботлар заводи ва кўпайиб бораётган автомобиллар — маҳаллий дайжест

Тошкентда одамсимон роботлар ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошланди. Аҳолига тегишли автомобиллар сони кўпайиб бормоқда ва 5 миллионга яқинлашди. Тошкентда автобуслар учун ажратилган йўлакларга делиниатор ўрнатилади. Наманган аҳоли сони энг тез ўсган ва энг зич шаҳар бўлди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Одамсимон роботлар ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошланди

Тошкент шаҳрида Жанубий Кореянинг Robotis компанияси билан ҳамкорликда ҳуманоид роботлар ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод қурилиши бошланди. Мазкур лойиҳа доирасида қарийб 70 млн доллар инвестиция жалб этилиши, 2 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши ҳамда 10 гектар майдонда замонавий ишлаб чиқариш мажмуаси барпо этилиши режалаштирилган.  

Қайд этилишича, янги корхона юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, халқаро тажрибани жалб этиш ва малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилади. Лойиҳа Ўзбекистонда робототехника соҳасини ривожлантириш бўйича муҳим ташаббуслардан бири сифатида баҳоланяпти.

1999 йилда асос солинган Robotis компанияси автоном робототехника соҳасида жаҳон етакчиларидан бири саналади. Активлари 2,5 миллиард долларни ташкил этувчи ушбу йирик корхонанинг АҚШ, Япония ва Хитойда ваколатхоналари мавжуд. Компания технологияларидан Amazon, Microsoft, Apple, NASA, Google, Samsung вa BMW каби дунёга машҳур гигантлар кенг фойдаланади.

Аҳолига тегишли автомобиллар сони 5 миллионга яқинлашди

1 апрел ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жисмоний шахслар номида рўйхатдан ўтган транспорт воситалари сони 4,9 миллиондан ошди. Бир йил давомида аҳолига тегишли автомобиллар 344,6 мингтага кўпайган.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ҳозир мамлакатда жисмоний шахсларга тегишли 4 миллион 903,1 мингта автотранспорт воситаси рўйхатга олинган. Уларнинг асосий қисмини енгил автомобиллар ташкил этади: 4 миллион 552,3 минг дона (92,8 фоиз).

Шунингдек, аҳоли тасарруфида 330,3 мингта юк автомобили, 7,5 мингта микроавтобус, 7,2 мингта махсус транспорт воситаси ва 5,8 мингта автобус мавжуд.

Тошкентда автобуслар учун ажратилган йўлакларга делиниатор ўрнатилади

Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракати самарадорлигини ошириш мақсадида автобуслар учун ажратилган махсус йўлакларга делиниатор ўрнатиш ишлари бошланди. Янги ечим автобуслар ҳаракатини тезлаштириш, кечикишларни камайтириш ва йўловчилар учун қулайлик яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Маълум қилинишича, пойтахтда автобуслар ҳаракати учун мўлжалланган «А» тоифасидаги алоҳида йўлакларни босқичма-босқич жорий этиш ишлари давом этмоқда. Хусусан, Magic City ҳудудидаги Фурқат кўчасидан Халқлар дўстлиги саройи атрофидаги Ислом Каримов кўчасигача бўлган йўл қисмида махсус йўл чизиқлари чизилиб, делиниатор ўрнатилмоқда.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, делиниатор автобус йўлагини умумий транспорт оқимидан ажратиб, бошқа транспорт воситаларининг ушбу йўлакка киришини чеклайди. Бу эса жамоат транспорти ҳаракати тезлиги ва барқарорлигини таъминлашга ёрдам беради.

Наманган аҳоли сони энг тез ўсган ва энг зич шаҳар бўлди

2010 йилдан 2026 йилгача Наманган аҳолиси 65 фоизга ўсиб, 728 минг кишига, аҳоли зичлиги эса ҳар квадрат километрга 8289 кишига етди. Ҳар икки кўрсаткич бўйича у мамлакатдаги шаҳарлар орасида биринчи ўринни эгаллади.

Энг тез ўсган шаҳарлар ичида Термиз (64 фоиз), Самарқанд (52 фоиз), Қўқон (44 фоиз), Фарғона (43 фоиз) ва Тошкент (42 фоиз) ҳам бор.

Энг зич икки шаҳар Фарғона водийсида жойлашган: Наманганда ҳар квадрат километрга 8289 киши, Андижонда эса 7683 киши тўғри келади. Кейинги ўринда 7312 киши билан Тошкент жойлашган. Энг сийрак шаҳарлар собиқ саноат шаҳарлари: Ангренда ҳар квадрат километрга 1171 киши, Олмалиқда эса 1058 киши тўғри келади.

Зичлик фақат аҳоли сони эмас, балки шаҳар майдони билан ҳам белгиланади. Ихчам қурилган марказ юқори зичликни таъминлайди, кенг режалаштирилган шаҳар эса аҳоли сони бир хил бўлса ҳам, сийрак бўлиб қолади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид