Ўзбекистон | 16:34 / 14.07.2020
25521
4 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этаётганларнинг сони яширилмаяпти» – Нурмат Отабеков

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков 13 июль куни АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этаётганларнинг сони яширилмаётгани, аксинча, одамларни ҳушёр торттириш учун маълумотлар борича эълон қилинаётганини таъкидлади.

«Ҳар битта ўлим ҳолати – фожиа. Биз буни тўғри тушунамиз. Ўзбекистон Республикасида коронавирус касаллигидан вафот этганлар, ҳатто бошқа бир касаллик, айтайлик, юрак, ўпка, юрак қон-томир тизимидаги касалликлар туфайли вафот этган бўла туриб улардан олинган намуналарда коронавирус касаллиги аниқланган бўлса ҳам булар барчаси статистикага қўшилаяпти.

Аҳамият берилса, баъзи бир кунлари Ўзбекистонда ўлим кўрсаткичи 1-2та деб кўрсатилмади, балки олтитагача ўлим ҳолати қайд этилгани ҳақида ҳам маълумот берилди. Шунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги касалликдан вафот этганларни сонини яширмай тўғри маълумот тақдим этиб бормоқда. Яна қайтариб айтаман, республикамизда коронавирусдан вафот этаётганларнинг сони зинҳор яширилмаяпти, бундан ҳеч қандай манфаат йўқ. Қачонки аҳолимиз ушбу касаллик натижасида ўлим юз беришини билиб янада ҳушёр тортадиган бўлса, нега биз бу ахборотни етказмаймиз. Мақсадимиз –зарур ахборотларни фуқароларимизга етказиш орқали сизни сергакликка тортиш. Шу боис коронавирус билан касалланганлар тўғрисидаги маълумотлар аниқ, шаффоф холда фуқароларга етказилмоқда.

Касалликка чалинганларни қанчалик эрта шифохонага ётқизиб, эрта даволаш муолажаларини олишларига имкон яратиб берсак, кутган натижаларимиз орасида ижобийлари кўпроқ бўлади», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Нурмат Отабеков, шунингдек, Навоий вилоятида мутасаддилар томонидан касалланганлар тўғрисидаги маълумотларни камайтириб кўрсатаётгани ҳақидаги саволга ҳам муносабат билдирди.

«Биринчидан, республикада коронавирусга чалинаётган беморларнинг барчаси рўйхатга олинаётганини эътироф этишимиз керак. Касалликка чалинганларни яшириш ёки бўлмаса статистик рақамларни камайтириб кўрсатишдан ҳеч ким манфаатдор эмас.

Битта нарсани унутмаслик керак. Юқумли касалликлар маълумотларни яширишни кечирмайди. Демак, биз касалликни рўйхатга олмасак, статистик рақамларда кўрсатмасак, касаллик ўчоғида эпидемияга қарши тадбирлар ўтказилмайди. Шундай экан, статистик маълумотларда баъзи бир рақамларни кам қилиб кўрсатиш ҳолатлари бўладиган бўлса, бу кимнинг ташаббуси билан бўлаётганини билмадим. Лекин республикада бу касалликка чалинганлар сонини, ушбу касалликдан вафот этганлар сонини яширишдан ҳеч қанақа манфаат йўқ. Касаллар сони юзтага кўп ёки кам, ўлим кўрсаткичи бирмунча кўп ёки кам экани аҳамиятсиз. Энг асосийси, биз ҳар битта касаллик манбаини жиловлашимиз ва ўша касаллик ўчоғида эпидемияга қарши тадбирларни амалга оширишимиз керак бўлади», деб айтган у.

Мавзуга оид