Ўзбекистон | 23:30 / 10.01.2023
53538
6 дақиқада ўқилади

11 январда дарс бўладими? Сўнгги маълумотлар

10 январ соат 23:30 ҳолатига, қишки таътил қачон тугаб, дарслар қачон бошланиши масаласига аниқлик киритган ҳудудлар сони 11 тага етди (хабар янгиланди). Ҳокимликлар энг охирги соатлардагина бу маълумотни эълон қилишяпти. Айрим ҳудудлар, масалан Тошкент шаҳри бўйича тушунарсиз ҳолат сақланиб турибди.

Фото: Kun.uz

Наманган вилояти

Вилоятдаги мактабларнинг аксариятида ўқиш 11 январдан бошланади. Фақат 24 та мактабда дарслар босқичма-босқич бошланади. Вилоят ҳақидаги бу хабарни Наманган шаҳри ҳокимлиги соат 23:25да (!) эълон қилди.

Қўшимча қилинишича, 11 январдан Наманган вилоятидаги ОТМлар, техникумлар, коллеж ва касб-ҳунар мактаблари ҳам таълимни давом эттиради.

Жиззах вилояти

Жиззах вилоятидаги 140 та мактабда дарслар 11 январдан бошланади. Вилоят ХТБнинг соат 23:07да (!) маълум қилишича, айнан шунча мактабда дарсларни эртагаёқ бошлаш имконияти бор.

Қолган 415 та мактабда ўқув жараёнлари босқичма-босқич бошланади. Расмий хабарда 140 та мактаб қайси мактаблар эканига аниқлик киритилмаган, қолган 415 та мактаб бўйича саналар мавҳум қолган.

Тошкент шаҳри

11 январдан бошлаб пойтахтдаги умумтаълим мактабларида уларнинг шароити, ишлашга тайёрлигига қараб, босқичма-босқич ўқув жараёнлари бошланади.

Бу ҳақда кеч соат 22:47да (!) маълум қилган шаҳар ҳокимлигига кўра, дарслар қачон бошланишини мактаблар раҳбарияти ота-оналар кенгаши билан келишган ҳолда ҳал қилади.

Ҳокимлик баёнотидаги бу икки абзац бир-бирига зид: 11 январдан дарслар бошланиши айтилди, лекин қайси мактабларда бошланишига аниқлик киритилмади – қандай қилиб ота-оналар 11 январдан дарсни бошлаш ҳақидаги қарорга келишлари мумкин, ахир 10 январ деярли тугаган.

Қашқадарё вилояти

Вилоят ҳокимлигининг 10 январ соат 22:07да (!) маълум қилишича, вилоятдаги таълим муассасаларида дарс жараёнлари 11 январдан босқичма-босқич бошланади.

Расмий хабарга кўра, “босқичма-босқич” деганда ҳудуддаги об-ҳаво шароити, ОТМ ётоқхоналаридаги шарт-шароитларга қаралади. Хусусан, тоғли ва узоқ қишлоқлар мактабларида таълим жараёнлари 16 январдан бошланади. Халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги имконияти чекланган махсус мактаб-интернатларида ўқиш 18 январдан бошланади.

Президент таълим муассасалари агентлигига қарашли ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларида эса ўқиш 16 январдан бошланади.

Вилоятдаги барча боғчаларда таътил 17 январгача давом этиб, улар фаолиятини 18 январдан бошлайди.

Сурхондарё вилояти

Аввалига, соат 21:41да (!) Сурхондарё вилоятидаги барча умумтаълим мактабларида эртага, яъни 11 январдан анъанавий шаклда дарслар бошланиши эълон қилинди.

Соат 22:32да эса қўшимча хабар берилди: вилоятнинг тоғли, олис ҳудудларидаги мактабларда дарс машғулотлари бошланмайди.

Туманлар ҳокимликлари томонидан тоғли, олис ҳудудларда жойлашган мактаблар рўйхати шакллантирилади ва бу мактабларда анъанавий дарс машғулотларининг бошланиш санаси қўшимча маълум қилинади.

Самарқанд вилояти

Самарқанд вилоятидаги жами 1255 та умумтаълим мактабидан 950 тасида дарслар 11 январ куни бошланади.

Ҳаво ҳарорати кескин совиган вақтда транспортда бориш қийинлиги, масофа узоқлиги ва зарур иссиқлик билан таъминлаш имконияти чеклангани сабабли 97 та мактабда дарслар 13 январдан, 208 тасида 18 январдан бошланади.

Вилоятдаги 13 та ОТМнинг ҳаммасида дарслар 11 январдан бошланиши маълум қилинди. 73 та ўрта махсус касб-ҳунар таълими масканларидан 71 таси 11 январдан, 2 таси 13 январдан ўқув жараёнларига киришади.

Юқоридагилар ҳақида соат 21:23да (!) хабар берган Самарқанд вилояти ҳокимлиги қайси мактаблар қачондан очилишига ҳозирча аниқлик киритмади.

Қорақалпоғистон Республикаси

Қорақалпоғистондаги мактабларда дарслар 12 январ, пайшанбадан бошланади. Ҳозирча истисноларсиз.

Бу ҳақда республиканинг Халқ билимлендириш министрлиги соат 18:21да (!) хабар қилди.

Бухоро вилояти

Бухоро вилоятидаги барча умумтаълим мактабларида 3-чорак 11 январдан бошланади. Бу ҳақда вилоят ХТБ 10 январ куни соат 17:04да (!) эълон қилди.

Фарғона вилояти

11 январдан Фарғона вилоятидаги 12 та ОТМ, 76 та техникум, коллеж ва касб-ҳунар мактабларида ўқиш бошланади.

Вилоятдаги 975 та умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларда эса учинчи чорак 16 январ, душанбадан старт олади.

Вилоятдаги боғчалар ҳам 16 январдан одатий фаолиятига қайтади.

Вилоят ҳокимлиги юқоридагилар ҳақида 10 январ соат 15:02да (!) хабар берди.

Андижон вилояти

Андижондаги таълим муассасаларида (нафақат мактаблар) 11 январдан расман ўқув жараёнлари бошланади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги 10 январ куни соат 12:34да (!) маълум қилди. Тушунарсиз қўшимчага кўра, “таълим муассасаларининг келгуси фаолияти об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади”.

Кечқурун вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов шу масалада йиғилиш ўтказди. Туни билан масъуллар мактабларнинг шароитини яхшилаш ишлари билан банд бўлиши маълум қилинди. Абдураҳмоновнинг ўзи 11 январга ўтар кечаси Андижон шаҳридаги 10-мактабда бўлиб турибди.

Хоразм вилояти

Хоразм мактабларида ҳам дарслар 11 январдан бошланади.

Бу ҳақда 10 январ соат 12:10да (!) хабар қилган вилоят ҳокимлиги бу қарорини “Ўзгидромет” прогнози билан изоҳлаган. Унга кўра, 11-18-январ кунлари вилоятда ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетмаслиги кутиляпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалбошдан мактабларда таътил 10 январда тугаши, дарслар 11 январдан бошланиши белгиланган эди. Лекин аномал совуқ прогнозидан кейин, 5 январ куни таътил 18 январгача узайтирилгани эълон қилинди. Охир-оқибат 10 январ кунининг иккинчи ярми ва охирги соатларига келиб, ҳаммаси ўзгариб кетди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 10 январ куни соат 20:15да (!) маълум қилишича, таътилни узайтириш ёки узайтирмаслик ваколати ҳудудлар ҳокимларига берилган.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги соат 13:23да (!) олий ва профессионал таълим муассасалари ҳамда академик лицейларда 11 январдан эътиборан босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланишини билдирган.

Мавзуга оид