Қурилишда хато бўлганми ёки лойиҳада? Эксперт Сардоба фожиаси омиллари ҳақида
Энергетика бўйича илмий тадқиқотчи Сарвар Қурбонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Сардоба фожиаси юзага келишига сабабчи бўлган омиллар, тизимли муаммолар ва мазкур фожиадан чиқариладиган хулосалар ҳақида сўз юритди.
– Сардобадаги тўғон ўпирилишига унинг бундай типдаги сув омборларига нисбатан анча қисқа муддатларда барпо этилгани сабаб бўлмаганми?
– Аввало, бизга шу сув омбори керак эдими, деган саволга жавоб топайлик. Ҳар қанча ёмонлашимизга қарамай олдинги даврда мелиорация тизими бўйича жуда қаттиқ назорат ташкил қилинган. Шунинг ҳисобига давлатлараро сув ўтиши, хавфсизлик ёки сув танқислиги каби муаммолар кузатилмаган. Кейин иттифоқ давлатлари мустақил бўла бошлагач, улар тўғон қуриш ишларини бошлаб юборган.
Масалан, Қирғизистон ҳам «Қамбар ота – 1», «Қамбар ота – 2» шаклида сув омборлари қурмоқда, бунинг билан бизга Норин ва Қорадарёдан келадиган сув ўзанини тўсиш, сувни керак пайтда ёпиб, керак бўлмаган пайтда очиб юбориш каби ҳолатлар юзага келиши мумкин.
Шунинг учун «Роғун» ГЭСи қурилгандан сўнг Ўзбекистонда 2та сув омбори қурилиши амалга оширилган ва буларни жуда тўғри қарор деб биламан.
Биринчиси, водийда Сирдарёдан келадиган сувни тўплаш учун қурилган, кейингиси эса Сирдарё вилоятида Тожикистондан ўтиб оқиб келадиган сувни тўплаб, зарур пайтда қўшни давлатлар чиқараётган сувни тўплаши учун қурилган.
Водийдаги сув омборида тупроқ ва технологик жиҳатдан ташкил қилинган ишлардан хабардорман: қурилишда олимлар ва мутахассислар иштирок этган.
Бироқ «Сардоба» сув омбори билан етарли даражада таниш эмас эдим. Мутахассислар билан гаплашганимда, улар қурилишга кўп маблағ сарфланганини омбор қурилиши жараёнида жойни қайта тайёрлаш учун тупроқ алмаштирилгани билан изоҳлаш мумкинлигини айтишмоқда. Чунки «Сардоба» сув омбори деярли тупроқ билан қуриладиган содда сув омборлари турига киради.
Лойиҳа бўйича тупроқ зичлиги, унинг қандай тупроқ экани лабораториядан ўтказилиб, сув келганда қай даражада нам бўлиши ва сув ўтказиши ёки структура бузилишига қадар ўрганилади. Натижа асосида тупроқ босқичма-босқич кўтарилиб борилади. Ҳар бир кўтарилганда тупроқ билан боғлиқ синовлар ўтказиб борилади ва махсус сенсорлар ўрнатилади.
– Фожиага лойиҳадаги хатолар сабаб бўлган бўлиши мумкинми?
– Менимча, лойиҳа тўғри ташкиллаштирилган, бироқ қурилишда хатолар кузатилган бўлиши мумкин.
Ижтимоий тармоқларда одамлар томонидан советлар давридаги қурилиш меъёрларида қолиб кетаётганимиз айтилмоқда. Бироқ ўша даврда қурилган «Чорвоқ» ва бошқа сув омборлари ҳалиям ишлаб келмоқда. Яъни мустаҳкамлик жиҳатдан фақат собиқ совет давлати даврида қурилган сув омборлари, балки бошқа далватлар ҳудудида қурилган омборлар ҳам ишламоқда.
Аслида, қачон техноген авариялар бўлиши мумкин? Бу қурилиш меъёрлари қўпол равишда бузилиши ва объектдан нотўғри фойдаланиш натижасида юзага келади. Менимча, омборда ишлайдиганларнинг барчаси мутахассислиги бўйича текшириб кўрилиши ҳам зарур. Чунки «Сардоба» сув омбори табиий усулда қурилган, унинг бу даражада бузилиши учун аввал тупроққа нам етиб бориши ва у емирилиши зарур. Бу вазиятда эса ўрнатилган сенсорлар сигнал бериши ва авариядан деярли 1-2 кун олдин хабардор қилиши лозим.
Бундан ташқари, тўғон бузилиши пайтида ҳеч қанақа бўрон ёки ёмғир ёғиши кузатилмаган. Ҳозир техника замони ва ҳамма нарсани тадқиқот орқали аниқлаш мумкин. Физик олим Рустам Ашуров ҳам ўзининг текширув-тадқиқотларида омбор бузилишига сабаб бўладиган табиий офат ёки босим кузатилмаганини аниқлаган.
Демак, айтайлик, сув омбор 100 литр сув сиғимига эга бўлса, у бундан кўпроқ сув босими остида текшириб кўрилади. Текшириб кўрилганда қаерларда мўртлик борлиги аниқланади.
Агар омбор цемент ёки бошқа қурилиш материалидан қурилиб, босим қайсидир нуқтадан уриб кетганда бошқа гап эди, лекин юқорида айтганимдек, тупроқ билан қурилган сув омборида унга намлик етиб борган заҳоти техник ходимлар тупроқни алмаштириб қўйиши мумкин эди. Вазият эса бунчаликка етиб бормаслиги, сув очилиб кетмаслиги мумкин эди.
– Тўғоннинг сув уриб кетган жойида ҳеч қандай бетон қолдиқлари кўзга ташланмайди. Бу қурилиш учун ажратилган материаллар талон-торож қилинганини англатадими? Тўғоннинг қолган қисми экспертизадан ўтказилса, буларни фош қилиш мумкинми?
– Сув омборида цемент бўлиши ҳам шарт эмас. Чунки унга ишлатиладиган тупроқнинг ҳам ҳар хил турлари бор. Унинг тайёрланиш, жипсланиш жараёнида қаердадир хато кетган бўлиши мумкин. Айни пайтда бу хатолик бўлиши мумкин ёки йўқлигини ҳам текшириш мумкин, чунки ҳали омбор ўпирилиши содир бўлган жойда ҳам ён томонларда тупроқлар сақланиб қолган. Уларни бемалол таҳлил қилиш мумкин.
Мен 90 фоиз қурилишда хатолик бўлган деган фикрдаман. Чунки лойиҳада камдан кам хато бўлади. Одатда, лойиҳалар ортиғи билан берилади, смета ҳам қилиб берилади, ҳар бир ҳудуднинг ўз коэффициентигача кўрсатилади.
Масалан, лойиҳада олиб келинадиган тупроқ километрини узайтириб ёки қисқартириб бўлмайди. Ҳар бирининг ўз жиҳати бор. Демак, лойиҳага амал қилмасдан пул топишнинг биргина йўли - қурилишни тўғри қилмаслик.
Айтиб ўтилганидек, тендер ўтказилмагани ва ўртадаги иштирокчиларнинг кўп бўлиши ҳам назоратни қийин аҳволга олиб келади. Яна бир ҳайрон қоларли тарафи, тўғондан сўнг гидроэлектростанция қурилиши бўйича тендер ҳам ўтказилган экан. Лекин бу нарса тўғон қурилишидан олдин ўйлаб кўрилмаганми?
Агар ҳозир гидроэлектростанция қуриладиган бўлса, унинг учун ҳам «каскад» қилинади, яъни худди ўша тўғон бузилиши, йўл қилиниши, ортиқча сарф-харажат қилиниши керак бўлади. Бошида эса булар ўйлаб кўрилмаган.
Бундан ташқари, сув омбори яқинида балиқхона борлиги ҳақида ҳам маълумотлар тарқалди. Бунинг сув омборига таъсири бор-йўқлигини ҳам ўргандим. Балиқхона сатҳи сув омбори сатҳидан баланд бўлсагина салбий таъсир кўрсатаркан. Унгача балиқхонанинг таъсири бўлиши керак эмас.
Демак, бу вариантни ҳам, табиий офат вариантини ҳам чиқариб ташласак, фақатгина қурилишда хатолик бўлгани ва иншоотда техник хизматнинг тўғри бўлмагани, назоратда камчилик бўлгани билан боғлиқ муаммолар қолади.
– Юқорида авариядан огоҳлантирувчи сенсорлар ҳақида гапириб ўтдингиз. Менимча, агар улар омборда мавжуд бўлганда сув сизиб чиқаётганини биринчи бўлиб бедана овига борган кишилар кўриб, бошқаларни огоҳлантирмаган бўларди. Вазият ҳақида олдинроқ билиш мумкин эди. Бу ҳақида хабарингиз борми?
– Йўқ, бундан бехабарман, бироқ «Сардоба» каби тупроқли сув омборларида сенсорлар ўрнатилиши лозим. Улар тупроқнинг қайсидир қисмида намлик қайси даражага етгани ҳақида камида 10 кун олдин хабар бериши керак.
Битта сенсордан намлик ўтса, кейинги сенсор намлик даражаси ҳақида маълумот бериши лозим. Бу вазиятда намлик ортган ҳудудда сувни музлатиш ёки бошқа усул билан тупроқни алмаштиришга ҳам имкон бўлади.
– Юқорида «Сардоба» сув омборининг мураккаб эмаслиги, содда шаклда қурилган сув омбори эканини айтиб ўтдингиз. ОАВда ёзилаётганидек, бундай гидроиншоот 404 млн долларга қурилиши мумкинми?
– Агар омбор қурилишида ҳудуддаги тупроқ қурилишга ярамаслиги учун уни бутунлай алмаштириб, бошқа айрим ҳудудларда учрайдиган ноёб тупроқ олиб келиб фойдаланилган бўлса, бўлиши мумкиндир, эҳтимол. Лекин шунда ҳам бошқа давлатларда бундан арзонроқ ва мустаҳкамроқ қурилган тўғонлар тажрибаси ҳам мавжуд.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди
Мавзуга оид
23:37 / 06.05.2024
Сирдарёдаги мактабда ўқувчилар клип томоша қилди, синф раҳбаридан директоргача ишдан олинди
07:34 / 20.04.2024
Тадбиркорнинг 943 млн сўмлик материалларини ўзлаштирган собиқ менежер аниқланди
23:56 / 02.05.2023
Сардоба фожиасига 3 йил: олдини олиш мумкин бўлган фалокат ва унинг оқибатлари
17:36 / 21.01.2023