— Туркияда яшовчи ҳамюртларимиз ушбу мамлакатда энергоресурслар қиммат, лекин барқарорлигини таъкидлайди. Яъни одамлар қор ёки ёмғир кўп ёғган пайтларда свет ўчиб қолиши, газ босими тушиб келишини ўйлашмайди. Аксарият экспертлар Ўзбекистонда ҳам худди шу нарса жорий этилиши мумкинлиги, бунинг учун соҳа хусусийлаштирилиши кераклигини таъкидлаб келади. Ўзбекистон ҳукумати ҳам шунинг ҳаракатида.

Ўтган йили 1 июлдан электр ва газ бўйича табақалаштирилган тарифларга ўтилиши эълон қилинган, бироқ жамоатчилик норозилигидан чўчиган ҳукумат охиригача туриб беролмай бу ислоҳотни номаълум муддатга кечиктирганди.

Нима деб ўйлайсиз, энергоресурслар тарифи икки баравар оширилса ва истеъмолчилар учун ижтимоий норма белгилаб берилганди, нормадан кўпроқ ишлатганлар қимматроқ тўласа, тизимдаги муаммолар ҳал бўладими? Ёки соҳадаги коррупция, ўғрилик, ҳисоб-китобларда шаффофликнинг йўқлиги фонида бу ислоҳот ҳам натижа бермайдими?

Умид Мамадаминов, Stantop Energy МЧЖ раҳбари:

— Тариф масаласини Молия вазирлиги қўяди. Давлатга электр таннархни аслидан камайтирган ҳолатда халққа сотади. Лекин бу нарсани доимий ушлаб туриб бўлмайди. Бозор иқтисодиётига ўтиб борганимиз сари, нарх ҳам кўтарилиб бошлайди. Бу соҳада хусусий компаниялар ҳам кўпаймоқда, ўз-ўзидан бозор муҳити пайдо бўлади.

Бозор муҳитида эса биз хоҳласак-хоҳламасак ўша тизимга ўтамиз. Бу нарса масаланинг кўп қисмини ҳал қилади. Ишлаб чиқарувчи корхона ўз харажатларини қоплаб, фойда қилгач, албатта, ишлаб чиқаришни оширади, сифатни яхшилайди. Бу ҳолатда ҳудудий тармоқларда ҳам инфратузилма янгиланиб боради.