Ўзбекистон | 19:29 / 16.06.2021
7262
3 дақиқада ўқилади

Жиззахлик тадбиркор Гюнел Алиева иши бўйича машмашалар тўлиқ барҳам топди

 “Авваламбор Kun.uz мухбирларига, қолаверса Жиззах вилоят прокуратураси ходимларига эгилган, аммо синмаган адолатни тиклашдаги жонкуярликлари учун чуқур миннатдорчилигимни билдираман” дейди онлайн аукционда кўчмас мулк сотиб олиб, судьяларнинг мантиқсиз қарорлари сабаб узоқ йиллар сарсон бўлган жиззахлик тадбиркор аёл Гюнел Алиева.

7 май куни Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди даъвогар Гюнел Алиеванинг жавобгарлар Қосимжон Ҳусанов ва Рустам Аҳатовларга нисбатан олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризасини қаноатлантирди.

Шунингдек, суд Қосимжон Ҳусановга нисбатан ўзбошимчалик билан қилинган қурилишни буздириш ҳақидаги даъво аризасини ҳам қаноатлантирди.

Яъни бино аукционда Гюнел Алиевага сотиб бўлингач, унинг аввалги эгаси Қосимжон Ҳусанов ва Рустам Аҳатовлар ўртасида 2019 йил 30 декабр куни тузилган ноқонуний олди-сотди шартномаси суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилди. Шунингдек, Қосимжон Ҳусановга у томонидан ўзбошимчалик билан қурилган бинонинг иккинчи қаватини ўз ҳисобидан буздириш мажбурияти юкланди.

Гюнел Алиеванинг маълум қилишича, суднинг мазкур ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти келтирилмаган ва 7 июн куни ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган.

“Авваламбор Kun.uz мухбирларига, қолаверса Жиззах вилоят прокурорига, шунингдек вилоят прокуратураси ходими Хуршид Муҳаммадиевга ўз миннатдорлигимни билдираман. Улар эгилган, букилган адолатни юзага чиқаришди ва Ўзбекистонда қонун устуворлигига менда ишонч пайдо қилишди. Айнан уларнинг ёрдами билан суд идораларидаги икки йиллик сарсонгарчилигим барҳам топди. Бош прокуратурага ҳам ўз миннатдорлигимни билдираман”, – дейди Алиева.

Аввалроқ Kun.uz сайтида онлайн аукциондан кўчмас мулк сотиб олиб, Жиззахдаги судьяларнинг мантиқсиз қарорлари сабаб муаммолар гирдобига кириб қолган тадбиркор аёл Гюнел Алиеванинг ҳуқуқлари Олий судда тикланган бўлишига қарамай, Жиззахдаги судларда навбатдаги «кўзбўямачиликлар» бошлангани, кейинчалик судьялар ўз хатоларини тузатгани ҳақида ёзилганди.

Ушбу мақолалардан сўнг Судьялар олий кенгаши томонидан Гюнел Алиевага нисбатан ноҳақлик қилган судьяларга нисбатан хизмат текшируви тайинланганди.

Мавзуга доир:

Аббос Салайдинов
Тайёрлаган Аббос Салайдинов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид