Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси мансабдор шахслари манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани тасдиқланди. Бу ҳақда Kun.uz суриштирувидан кейин текширув бошлаган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.
Агентлик ахборотига кўра, пойтахт ССББ бошлиғи ўринбосарлари ва мазкур муассаса ҳузуридаги “Ҳўжалик ҳисобидаги тиббий кўрик бўлими” ДУК директори “Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тиббий диагностика лабораторияси” (“SS-LAB”) МЧЖни очиб, аҳолига пулли лаборатория хизматларини кўрсатиш шаклидаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган.
Корхона оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда ўз филиалларини ташкил қилиб, пулли хизмат кўрсатган.
Бу, аксилкоррупцион органнинг қайд этишича, манфаатлар тўқнашуви бўйича нормаларга зид. Агентлик ўрганиш натижалари юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдимнома киритган; тўпланган ҳужжатларни қонуний чора кўриш учун Бош прокуратурага юборган.
Собиқ вазирлар сўроққа тутиладими?
Kun.uz бу ҳолат ҳақида илк марта бундан бир йил олдин хабар берган, лекин ўшанда на Соғлиқни сақлаш вазирлиги, на прокуратура ва на Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бунга эътибор қаратганди.
Бундан икки ой олдин Kun.uz мазкур ҳолатга яна бир бор эътибор қаратиб, ССВда вазир ўзгарганидан кейин бу таниш-билишчиликка чек қўйилиши кутилаётгани ҳақида маълум қилди.
Собиқ соғлиқни сақлаш вазирлари Алишер Шодмонов ва Абдуҳаким Ҳожибоев даврида бу йирик эҳтимолий коррупцион ҳолатга эътибор бермай келинган.
Аслида бепул хизматлар учун пул ундирилган бўлиши мумкин
Маълумот учун, “Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тиббий диагностика лабораторияси” МЧЖ 2018 йилда ташкил этилган. Унга тегишли лабораториялар 4 йилдан бери Тошкент шаҳридаги 35 та оилавий поликлиника, 9та туман тиббиёт бирлашмаси, 6та туғуруқ комплекси, шаҳар эндокринология диспансери, шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси, шаҳар биринчи ва учинчи клиник шифохоналарида аҳолига















