Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Антимонополистик чоралар фонида пропан нархи сезиларли даражада арзонлашди
Рақобат қўмитасининг тегишли кўрсатмаси билан биржада суюлтирилган газ баҳосининг бошланғич нархга нисбатан ошиш чегараси 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтирилди. Бунга 2026 йилнинг дастлабки 4 биржа кунида пропаннинг қарийб 15 фоизга ошиб кетгани сабаб бўлди. Кўрилган чоралар натижасида нархлар барқарорлаша бошлаган.
Фото: Yandex Maps
12 январдан бошлаб Рақобат қўмитасининг тегишли кўрсатмаси билан Республика товар хомашё биржасида суюлтирилган газ нархининг бошланғич нархга нисбатан ошиш чегараси 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтирилган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.
Шунингдек, бошланғич нарх ҳар тонна учун 7,5 млн сўмдан ошса, биржа пропан импортчилари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг таклифларини қабул қилмайди. Бу биржада максимал нарх 8,25 млн сўмдан ошмаслигини англатади.
Нега чеклов жорий этилди?
2026 йилнинг дастлабки 4 биржа кунида пропан нархи 14,7 фоизга кўтарилди. Ўтган йилнинг сўнгги иш куни – 30 декабрдаги савдоларда суюлтирилган газнинг 1 тоннаси учун нарх ўртача 8 млн 87 минг сўмни ташкил этган. 5-8 январ кунлари эса нарх қарийб 1,2 млн сўмга ёки 14,7 фоизга кўтарилиб, 9 млн 277 минг сўмгача етди. Шу 4 кун давомида сотилган маҳсулот ҳажми кунига ўртача 2 минг тоннага тенг бўлди. Таққослаш учун, 2025 йил сўнгидаги охирги 4 биржа кунида кунига ўртача 2390 тоннадан пропан сотуви амалга оширилган.
2025 йил 1-4 декабр кунлари (душанба–пайшанба) биржада пропаннинг ўртача нархи тоннасига 7 млн 337 минг сўмни ташкил этган бўлса, 2026 йил 5-8 январ кунлари (душанба–пайшанба) ўртача нарх бундан 18,8 фоизга кўтарилиб, 8 млн 716 минг сўмни ташкил этди.
Рақобат қўмитасининг изоҳи
Рақобат қўмитаси пропан қимматлашгани юзасидан изоҳ бериб, бу бозорда импорт маҳсулот улуши ва нархининг ошиши ҳисобига юзага келаётганини билдирди.
Қўмита маълумотларига кўра, 2025 йилда биржа савдоларида жами 358 минг тонна пропан сотилган бўлиб, шундан 61 фоизи (219 минг тонна) маҳаллий ва 39 фоизи импорт маҳсулот ҳиссасига тўғри келган. Январ-июл ойларида ички бозорда маҳаллий маҳсулотнинг улуши юқори бўлиб, ўртача 80 фоизгачани ташкил этган. Август ойидан бошлаб бу кўрсаткич камайиб борган ва декабр (35 фоиз) ойи ва январнинг ўтган даврида 10 фоизгача қисқарган.
«Бунга асосий сабаб – маҳаллий маҳсулотнинг аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилганлиги», — дейилади қўмита хабарида.
Қайд этилишича, қўмита томонидан пропан нархига нисбатан бошланғич нархдан ошириш чегараси кўпи билан 20 фоиз (спред) этиб белгиланиши, 1 та савдо сессиясида 5 тонна (бунгача – 10 тонна) харид лимити ўрнатилиши ҳисобига маҳаллий маҳсулот сотилиш нархи йил давомида тоннасига 7 млн сўмдан ошмаган. Айни пайтда импорт маҳсулот нархи 8 млн сўмгача шаклланган.
«Маҳаллий ва импорт маҳсулотнинг бошланғич (50 фоиз) ва сотилиш (35 фоиз) нархи ўртасида 40 фоизгача тафовут мавжуд, – дея аниқлик киритди қўмита. – Бироқ сўнгги ойларда ички бозорда импорт маҳсулот улуши ва талабнинг ошиши ҳисобига биржа савдоларидаги ўртача нарх импорт маҳсулот ҳисобига шаклланмоқда. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан импорт маҳсулотнинг бошланғич нархлари оширилиши сабабли бугунги кунда 1 тонна суюлтирилган газ маҳсулоти ўртача 9,5 млн сўмгача сотилмоқда – декабрга нисбатан ўсиш 20 фоиз».
Ўз навбатида, Рақобат қўмитаси ички бозорда пропан нархини барқарорлаштириш мақсадида ўз ваколати доирасида тезкор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, АЁҚШларда нархлар устидан доимий мониторинг олиб борилаётганини маълум қилди.
Нарх арзонлаша бошлади
Пропаннинг бошланғич нархига нисбатан 10 фоиз миқдорида чеклов (спред) жорий этилиши фонида нархлар барқарорлаша бошлаган. Рақобат қўмитасининг 12 январ кунидаги хабарига кўра, биржада ўртача нархлар 9,3 млн сўмдан 7,8 млн сўмгача ёки 18 фоизга пасайган.
2025 йилнинг ноябр-декабр ва жорий йилнинг январь ойида биржа савдоларида пропаннинг бошланғич нархларини асоссиз ошириш ва ҳажмларни сунъий равишда чиқармаслик мақсадида рақобатга зид бўлган мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга ошириш аломатлари билан 92 импорт қилувчи корхонага нисбатан монополияга қарши иш қўзғатилган.
«Чакана нархлар асоссиз ошиб кетмаслиги бўйича ёқилғи қуйиш шохобчаларида доимий мониторинг амалга оширилмоқда», дейилади қўмита хабарида.
Маълумот учун, 2024 йилнинг ноябр ойида Рақобат қўмитаси нархлар 5 ойда қарийб 2 баробаргача қимматлашиб кетгани ортидан биржага чиқарилаётган пропаннинг бошланғич нархига нисбатан 20 фоизлик спред (чеклов) ўрнатганди.