Ўзбекистон | 15:35 / 31.05.2022
102530
9 дақиқада ўқилади

1 июлдан электр ва газ бўйича табақалаштирилган тарифларга ўтилади

Электр ва газ тарифларини ошириш бўйича қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Кутилганидек, ойлик базавий нормани киритиш орқали тарифлар табақалаштирилади. Маълум қилинишича, аксарият оилаларда ошган нархлардаги қўшимча тўлов миқдори бир ойга электр учун 7,5 минг сўмгача, табиий газ учун иссиқ ойларда 6 минг сўмгача, иситиш мавсумида 21 минг сўмгача бўлади.

“Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида” ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳа икки жиҳатига кўра аҳамиятли:

  • электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ тарифлари оширилмоқда;
  • энергетика ислоҳотининг аниқ муддатлари белгиланмоқда – бу ислоҳот электр ва газ танқислигига барҳам бериши лозим.

Табақалаштирилган тўлов тизимига ўтилади

Электр ва газ тарифларига ижтимоий норма киритилиб, аҳолининг кўп энергия сарфлайдиган (нисбатан ўзига тўқ) қатлами харажатларини бюджетдан субсидиялаш қисқартирилади.

Ижтимоий норма миқдорини қуйидагича белгилаш таклиф этилмоқда:

  • электр энергияси истеъмоли бўйича 250 кВт соатгача;
  • табиий газ бўйича октябр-март ойлари учун 700 куб метргача;
  • табиий газ бўйича апрел-сентябр ойлари учун 200 куб метргача.

Қуйида келтирилаётган янги нархлар 2022 йил 1 июлдан бошлаб жорий этилиши кутилмоқда. Эслатиб ўтамиз, газ ва “свет” тарифлари охирги марта 2019 йил ёзида оширилганди.

1 кВт соат электр энергияси учун таклиф этилаётган янги нархлар (аҳоли учун):

  • ижтимоий норма доирасида: ойига 250 кВт соатгача – 325 сўм (ҳозир 295 сўм);
  • 250 кВт соатдан юқори ҳар 1 кВт соат учун – 650 сўм.

Расмий изоҳга кўра, таклиф этилаётган нархлар тасдиқланса, хонадонларнинг харажати қуйидагича суммага ошади:

  • 250 кВт соатгача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун қўшимча харажат ойига 7,5 минг сўмгача;
  • 300 кВт соатгача ишлатадиган абонентлар учун қўшимча харажат ойига 25 минг сўмгача;
  • 400 кВт соатгача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун эса қўшимча харажат ойига 61 минг сўмгача бўлади.
Иқтисодиёт, Молия ва Энергетика вазирликларининг матбуот хизматлари тақдим этган инфографика

Шунингдек, 1 кВт соат электр энергияси нархи юридик шахслар учун қуйидагича белгиланиши мумкин:

  • НКМК, ОКМК ва бюджет ташкилотлари учун – 800 сўм;
  • қолган юридик шахслар учун – 600 сўм (ҳозир 450 сўм).

1 куб метр табиий газ учун таклиф этилаётган янги нархлар (аҳоли учун):

Иситиш мавсуми – октябр-март ойларида:

  • ойига 700 куб метргача – 410 сўм (ҳозир 380 сўм);
  • 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1200 сўм.

Иситилмайдиган мавсум – апрел-сентябр ойларида:

  • ойига 200 куб метргача – 410 сўм (ҳозир 380 сўм);
  • 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1200 сўм.

Таъкидланишича, иситиш мавсумида:

  • 700 куб метргача табиий газ истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 21 минг сўмгача;
  • 1 000 куб метргача истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 267 минг сўмгачани ташкил этади.

Иситиш мавсумидан ташқари даврда:

  • 200 куб метргача табиий газ истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 6 минг сўмгача;
  • 300 куб метргача истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 88 минг сўмгача бўлади.
Иқтисодиёт, Молия ва Энергетика вазирликларининг матбуот хизматлари тақдим этган инфографика

Шунингдек, 1 куб метр табиий газ нархи юридик шахслар учун қуйидагича белгиланиши мумкин:

  • НКМК, ОКМК ва бюджет ташкилотлари учун – 1300 сўм;
  • автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун – 1200 сўм;
  • иссиқлик электр станциялари учун – 1000 сўм;
  • қолган юридик шахслар учун – 1150 сўм.

Суюлтирилган газ эса аҳоли учун 1600 сўм миқдорида белгиланмоқда (ҳозир 1120 сўм). Бунда, 1 абонентга бир ойда ўртача 20 кг суюлтирилган газ етказиб берилиши инобатга олинса, абонентнинг қўшимча харажати бир ойда 9,6 минг сўмни ташкил этади.

Ижтимоий норма бўйича ўрганишлар натижалари

Ҳукуматга кўра, Ўзбекистонда электр энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 млн абонент бор ва уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт соатгача электр энергиясини истеъмол қилади. Лекин, мазкур хонадонларнинг ҳиссасига аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31 фоизи (5,7 млрд кВт с) тўғри келади.

Шунингдек, табиий газ истеъмол қилувчи жами 4 млн абонент мавжуд. Бу хонадонларнинг 85 фоизи ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Лекин, уларнинг ҳиссасига аҳоли жами истеъмолининг бор-йўғи 35 фоизи (4,5 млрд куб м) тўғри келади.

Юқоридаги кўрсаткичлар энергоресурсларни истеъмол қилишнинг йил давомида ўртача ойлик даражасини ифодалагани сабабли, ўртача ойлик истеъмолнинг аниқ миқдорларини аниқлаш мақсадида Тошкент ва Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги абонентларда танланма ўрганиш ўтказилган.

Электр энергияси. Ўрганиш натижаларига кўра, бу ҳудудларда йилнинг иситиш талаб этилмайдиган даврида:

  • эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 86 фоиз,
  • янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 65 фоиз,
  • ҳовлиларда яшовчи 57 фоиз абонент ойига ўртача 250 кВт соатгача электр энергияси истеъмол қилган.

Иситиш мавсумида эса:

  • эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 78 фоиз;
  • янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 77 фоиз;
  • ҳовлиларда яшовчи 44 фоиз абонент ойига ўртача 250 кВт соатгача электр энергияси истеъмол қилган.

Табиий газ. Юқоридаги ҳудудларда йилнинг иситиш талаб этилмайдиган даврида:

  • эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 100 фоиз абонент,
  • янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 99 фоиз абонент,
  • ҳовлиларда яшовчи 86 фоиз абонент ойига ўртача 200 куб метргача табиий газ истеъмол қилган.

Иситиш мавсумида эса:

  • эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 100 фоиз абонент;
  • янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 93 фоиз абонент;
  • ҳовлиларда яшовчи 64 фоиз абонент ойига ўртача 700 куб метргача табиий газ истеъмол қилган.

Нархларни ошириш зарурати: расмийлар изоҳи

Масъул вазирликлар баёнотига кўра, республикада ёқилғи-энергетика ресурсларига талаб йилдан йилга ошиб бормоқда. Хусусан, охирги 5 йилда аҳолига етказиб берилган –

  • электр энергияси ҳажми 1,5 бараварга ошган (11 млрд кВт соатдан 16 млрд кВт соатга);
  • табиий газ ҳажми 1,3 баробарга ошган (10 млрд куб метрдан 13 млрд куб метрга).

Шу билан бирга, таъминотда жиддий муаммолар бор. 2021 йилда қондирилмаган талаб 2-3 млрд кВт соатни ташкил этган.

Ортиб бораётган талабни қондириш учун ишлаб чиқаришнинг янги қувватларини барпо этиш, хусусий инвестицияларни кенг жалб этишга тўғри келмоқда. Бунинг учун эса энергия ресурслари бозорини босқичма-босқич ислоҳ қилиш талаб этилади.

Юридик шахслар учун тарифлар 2023 йилда ҳам ўзгаради

Корхоналарни узоқ муддатли режалаштиришга мослаштириш, операцион самарадорликни ва энерготежамкорликни ошириш ҳамда таннархни пасайтириш учун “перспектив мўлжал”ни кўрсатиш мақсадида, жорий йил учун янги нархлар билан бирга 2023 йил 1 апрелдан кучга кирадиган янги нархларни ҳам тасдиқлаш таклиф этилмоқда. Бунда, 2023 йил 1 апрелдан қуйидаги нархлар жорий этилиши кўзда тутилмоқда:

Электр энергияси бўйича:

  • Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун 800 сўм миқдоридаги нархни сақлаб қолиш;
  • қолган юридик шахслар учун – 700 сўм.

Табиий газ бўйича:

  • иссиқлик электр станциялари учун – 1200 сўм;
  • Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 1350 сўм;
  • автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун – 1400 сўм;
  • қолган юридик шахслар учун – 1350 сўм этиб белгилаш.

2026 йилдан тўлиқ бозорга ўтилади

Маълум қилинишича, 2023 йил 1 апрелдан ўрнатиладиган ёқилғи-энгергетика ресурсларининг нархлари 2024 ва 2025 йилларда фақатгина инфляция даражасига индексация қилиб борилади. 2026 йилдан бошлаб эса электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтилади ҳамда нархлар эркин шаклланади.

Мавзуга оид