Ўзбекистон | 18:43 / 08.07.2020
13884
3 дақиқада ўқилади

Россия–Қозоғистон чегарасида 2 мингдан ортиқ ўзбекистонлик тўпланди. Элчихона ва консулхона раҳбарлари етиб борган

Россияда бўлиб турган ва ватанга қайтиш истагидаги ўзбекистонликлар Россия-Қозоғистон чегарасига тўпланишда давом этмоқда.

Courtest photo via BBC

Ташқи ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, чегарадаги «Маштаково» назорат-ўтказиш пункти яқинига ва Оренбург вилояти Бузулук шаҳрига тўпланган ватандошлар сони мос равишда 1300 ва 700дан ортиқни ташкил этади.

«Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Москвадаги элчихонаси томонидан фуқароларнинг «Маштаково» назорат-ўтказиш пунктига боришга уринмасликлари, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишлари ва барча карантин чораларига қатъий риоя этишлари тўғрисида берилган кўп сонли огоҳлантиришларга қарамай, Қозоғистон ҳудуди орқали автотранспорт воситаларида ватанга қайтиш мақсадида фуқаролар Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси яқинида тўпланишни давом эттирмоқдалар.

Минтақада коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазиятнинг кескин ёмонлашиши, Қозоғистонда қатъий карантин чекловлари жорий этилиши муносабати билан фуқароларнинг қўшни давлатлар ҳудуди орқали қайтиши ташкилий ва бошқа қийинчиликларни келтириб чиқармоқда, айниқса фуқароларнинг соғлиғи учун жиддий хавф туғдирмоқда.

Ушбу ҳолатни юртдошларимизга тушунтириш мақсадида, мамлакатимизнинг Москва шаҳридаги элчихонаси ва Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси раҳбарлари фуқаролар тўпланган жойга келишди.

Мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда, Россия ҳудудида бўлиб турган фуқароларимиздан чеклов чораларига тўғри баҳо беришларини, Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва ўзларининг ва атрофдагиларнинг соғлиғини хавф остига қўймасликларини яна бир бор сўраймиз», – дейилади ТИВ оператив штаби ахборотида.

Расмий хабарда Россиядаги ватандошлар чартер рейслар билан ватанга қайтарилиши, бу масала эса Махсус комиссия ваколатида экани эслатиб ўтилган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Россия–Қозоғистон чегарасидан ўтказиб қўйишни ваъда қилаётган шахсларга ишонмасликни сўраган эди.

Эслатиб ўтамиз, Махсус комиссия халқаро авиақатновларни хорижий давлатлардаги эпидемиологик вазиятни таҳлил қилган ҳолда икки бараварга қисқартиришга қарор қилган.

Бугун Транспорт вазирлиги чартер рейслар бекор қилингани ҳақидаги миш-мишларни рад этиб, парвозлар жадвали қисқартирилганини маълум қилди.

Ўзбекистонликларнинг Россия-Қозоғистон чегарасига тўпланиши май ойида ҳам кузатилган, ўшанда Ўзбекистон ҳукумати Россия ва Қозоғистон ваколатли органлари билан келишган ҳолда, 1100 нафар фуқарони автобусда мамлакат ҳудудига олиб келганди. Ўшанда расмийлар мазкур амалиёт истисно тариқасида фақат бир мартагина амалга оширилаётганини таъкидлашган

Мавзуга оид