Ўзбекистон | 17:06 / 30.04.2020
18642
9 дақиқада ўқилади

Диний эркинлик: АҚШ «қора рўйхати»дан чиққан Ўзбекистон «махсус кузатув»дан ҳам чиқиши учун нима қилиши керак?

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликларга оид «қора рўйхат»дан чиқарганидан бир ярим йил ўтиб, мамлакат бу йўналишда эришган ютуқларни Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ Комиссияси (USCIRF) ҳам расман эътироф этди.

Фото: KUN.UZ

USCIRF Давлат департаментига Ўзбекистонни «махсус кузатув рўйхати»га ўтказишни тавсия этмоқда.

Комиссия раиси Тони Перкинс 2019 йилда Ўзбекистон «диний гуруҳлар учун кўпроқ эркинликни таъминлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришда сезиларли илгарилашга эришгани»ни қайд этди.

«2019 йилда баъзи ҳукуматлар, айниқса USCIRF билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатган 2та давлат томонидан кўрилган ижобий чоралар бизга юқори кўтаринкилик бағишлади», деди Комиссия раҳбари Ўзбекистон ва Суданни назарда тутган ҳолда.

Ўзбекистонда ҳокимият алмашгач, АҚШ билан диний эркинлик масалаларида ҳам тез-тез маслаҳатлашувлар ўтказиб турилмоқда, USCIRF билан мунтазам алоқа ўрнатилган. Комиссия аъзолари ва экспертлари 2019 йил давомида 11та давлатга хизмат сафари билан борган бўлса, улар орасидан фақат Ўзбекистонгагина икки марта (май ва сентябрь ойларида) ташриф билан келишган.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео февраль ойи бошида Ўзбекистонга қилган илк ташрифи давомида Тошкент шаҳар бош имом хатиби Нуриддин Холиқназаров ва бошқа диний фаоллар билан ҳам учрашган эди.

2020 йилги ҳисоботда Ўзбекистон ҳақида нималар дейилган?

«2019 йилда Ўзбекистондаги диний эркинлик билан боғлиқ вазият ижобий томонга ўзгарди. USCIRF мамлакатни 2005 йилдан буён «алоҳида хавотирга молик давлатлар» рўйхатига киритиб келишига сабаб бўлган омиллар юзасидан ҳукумат муҳим чоралар кўрди», дейилади ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид саҳифасидаги илк сатрларда.

Комиссия Ўзбекистон ҳуқуқни муҳозафа қилувчи органлари томонидан диний гуруҳларнинг таъқиб қилиниши тўхтатилгани, Жаслиқ қамоқхонасининг ёпилгани, АҚШ ва халқаро ташкилотлар билан диний эркинликлар бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этаётганини эътироф этган.

Шу билан бирга, USCIRF диний экстремизм ва тақиқланган ташкилотларга аъзоликда айбланган маҳкумларнинг ҳибсда қолаётгани, баъзиларининг озодликдан маҳрум этилиш муддатлари узайтирилгани ва диний фаолияти ортидан қамоққа олинган айрим маҳбуслар қийноққа солинаётгани ҳақида маълумотлар борлигини қайд этган.

Шунингдек, ҳисоботда мусулмонларнинг соқол ўстириши, муслималарнинг ҳижоб ўрашига нисбатан ҳукуматнинг муносабати ижобий эмаслиги таъкидланган.

«Бир қатор ҳолатларда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев мусулмонларга нисбатан очиқчасига адоватини намойиш этди, хусусан ҳижоб ўраганларга тоқат билан ёндашган ходимларига таҳдид қилди», дея қайд этилган USCIRF шарҳида.

«Август ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар Тошкентдаги бозорларнинг бирида тахминан юз кишини қўлга олиб, уларни соқолини олишга мажбурлади. Бу тадбир фуқаролар смарт-камералар томонидан таниб олиниши учун уларнинг юз кўринишини паспортларидаги расмлари билан бир хил бўлишини таъминлаш мақсадида амалга оширилгани билан изоҳланди. Шунга ўхшаш камида яна битта ҳолат кейинги ойда Наманганда кузатилди», дейилади ҳисоботда.

Ҳужжатда Тошкент Халқаро ислом академиясининг собиқ талабаси Луиза Мўминжонова билан рўй берган ҳолат ҳақида ҳам сўз боради.

Шунингдек, маълум тоифа фуқароларга Ҳаж ва Умра зиёратларига бориш чеклангани, норасмий ёш чеклови қўйилгани, бу зиёратларни амалга ошириш учун хусусий турфирмаларга рухсат йўқлиги, август ойида БААдаги хусусий турфирма орқали ҳажга бориб қайтган 35 киши Тошкент халқаро аэропортида сўроқ қилингани айтилган хабарлар тарқалгани ҳам эслаб ўтилган.

«Махсус кузатув рўйхатидан» ҳам чиқиш учун нима талаб этилади?

«Америка овози» журналисти Навбаҳор Имомованинг сўзларига кўра, АҚШ томонининг чақириғида соқол ва рўмол масаласи ҳам бўлса-да, «лекин умуман олганда асосан қонунчиликдаги меъёрлар билан боғлиқ муаммолар Вашингтон диққат марказида».

USCIRF`нинг 2020 йилги ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистон диний соҳадаги қонунчиликни янгилаши ва диний сабаблар билан қамалганларни озод этиш амалиётини давом эттириши керак.

Комиссия раиси ўринбосари Надин Маенза берган изоҳга кўра, Ўзбекистонда 1998 йили қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун асосий муаммо бўлиб қолмоқда.

«Биз Ўзбекиcтонда бўлганимизда ҳукумат билан очиқ гаплашдик, муаммоларни муҳокама қилдик. Мулоқот жадал. Ўзбекистон ҳукуматида аҳволни яхшилаш учун ҳаракат тўхтамаслиги лозим. Асосий муаммо – 1998 йилда қабул қилинган қонун. У диний ташкилотларни рўйхатга олишни чеклайди ва қийинлаштиради. Комиссиямиз мана шу қонунни ўзгартириб, Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотларни жадаллаштиришга чақиради. Умид қиламизки, бу муаммо бартараф этилади», – деган Надин Маензанинг сўзларини келтирмоқда «Америка овози».

Ҳисоботда Ўзбекистон қонунчилигига асосан диний ташкилотлар рўйхатдан ўтиши шартлиги, диний адабиётларнинг тегишли органлар билан келишилиши тартиби, прозелитизм ва миссионерлик фаолияти тақиқлангани, хусусий диний таълим чеклангани, диний гуруҳларни рўйхатга олиш учун маҳалладан ҳам розилик олиниши кераклиги кабиларга эътибор қаратилган.

АҚШ Ўзбекистондан нимани кутмоқда?

Комиссия аъзолари билан суҳбатлашган журналист Навбаҳор Имомованинг айтишича, Вашингтондагилар Ўзбекистондан мамлакатда ўта мукаммал диний вазият яратишни сўраётгани йўқ.

«Очиғи, бу комиссия аъзолари билан гаплашсангиз, улар: «Биз, албатта, мўжиза кутаётганимиз йўқ. Келаси бир неча йилда Ўзбекистон эътиқод эркинлиги ҳар жиҳатдан таъминланган давлатга айланиши керак, деган талаб қўяётганимиз йўқ. Биз Ўзбекистон ҳукуматига эслатяпмиз: агар Америка билан яқиндан алоқа қилмоқчи бўлсангиз, ҳамкорлик кенгайишини хоҳласангиз – нафақат сиёсий жиҳатдан, балки бизнес ва хусусий сектор билан ришталарни мустаҳкамламоқчи бўлсангиз – диний эркинлик жуда ҳам муҳим», дейишади.

АҚШда жуда катта бизнеслар ҳам уларнинг виждон эркинлигини ҳурмат қилишингизни хоҳлайди. Диний эркинлик деганда диндорлар билан бирга динсизларнинг ҳам эркинлиги назарда тутилади. Бу Комиссия қайсидир мамлакатда атеистларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб чиқиши, ёки Саудия Арабистонида шиа мазҳабидаги инсонларнинг қатл этилишига, Шимолий Кореяда насронийларнинг қамоқда ўтирганига, Бангладешда минглаб бирмалик мусулмонларнинг қочқин эканига, Хитойда икки миллионга яқин уйғурлар ва бошқа миллатдаги мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқи топталишига қаршилик билдиради. Ёки дейлик Лотин Америкасида черковлар тазйиқ ўтказаётган одамларга ёрдам беришга ҳаракат қиляпти. Покистонда зўрлаб исломдан насронийликка ёки насронийликдан исломга ўтказилаётган одамларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга ҳаракат қиляпти.

Шу боисдан улар Ўзбекистондан ҳар жиҳатдан мукаммал сиёсат кутаётгани йўқ. Муҳими – Ўзбекистон ҳозиргига қараганда эркинлашиши ва аниқ кутилаётган нарса – 1998 йилда қабул қилинган қонунни ўзгартириш», дейди Навбаҳор Имомова.

USCIRF – у қандай комиссия?

Жаҳонда демократия ва инсон ҳуқуқлари устидан назорат функциясини зиммасига олган АҚШ 1998 йилда халқаро виждон эркинлиги ҳақида қонун қабул қилган. Қонун билан Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ Комиссияси (USCIRF) ташкил этилиб, унга жаҳон мамлакатларида эътиқод ҳуқуқига риоя этилишини мониторинг қилиб бориш вазифаси юклатилган.

Федерал ҳукуматнинг мустақил органи ҳисобланувчи Комиссия 10 нафар аъзодан иборат, улар АҚШ президенти ва Конгресс палаталари етакчилари томонидан тайинланади. Комиссия АҚШ расмийларига дунё мамлакатларида диний ҳуқуқлар таъминланишига оид вазият юзасидан ахборот бериб, ташқи сиёсатда диний масалаларга урғу бериб туради. Ҳайъат аъзолари (комиссарлар) иштирокида Конгрессда ёки жамоатчилик учун очиқ эшитувлар ташкил этилади.

Комиссия диний эркинлик бўйича дунёдаги вазиятга оид йиллик ҳисоботлар эълон қилади. Ушбу ҳисоботлар тавсиявий характерга эга бўлса-да, АҚШ ҳукумати ва парламенти аъзолари томонидан муайян мамлакат билан ҳамкорликка оид қарорлар қабул қилишда инобатга олинади, муайян давлатлардаги вазият ҳақида халқаро жамоатчилик фикрини шакллантиришда муҳим ўринга эга.

Ҳисоботда виждон эркинлиги чекланган ёки тўла таъминлангани шубҳа остида бўлган мамлакатлар икки тоифага ажратилади: «вазият алоҳида хавотирга молик» ва «алоҳида кузатув остидаги» давлатлар. АҚШ биринчи тоифа («қора рўйхат»)даги давлатларга юқоридаги қонунга асосан иқтисодий санкциялар қўллаши, улар билан ҳамкорликни чеклаши мумкин.

Мавзуга оид