Ўзбекистон | 15:17 / 17.12.2024
2473
5 дақиқада ўқилади

Даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жорий этилмагани ислоҳотлар самарадорлигига таъсир қиляпти — Антикоррупция агентлиги

Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш, давлат фуқаролик хизматчисининг даромадлари ҳамда мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилмагани Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш самарадорлигига таъсир қилмоқда, дейилади коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий маърузада. Маъруза муаллифлари президент илгари сурган коррупцион суриштирув институтини жорий этишга чақирган.

Фото: Kun.uz

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2023 йил учун Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза ҳамда унда келтирилган коррупцион жиноятлар таҳлили, жиноий-ҳуқуқий статистикадан келиб чиқиб, ўз хулоса ва тавсияларини бериб ўтди.

Маълум қилинишича, коррупцияга қарши курашишда биринчи навбатда давлат органи ёки ташкилот раҳбари шахсий намуна кўрсатиб, ташаббускор бўлиши керак. Агентликка кўра, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун ажратилаётган маблағлар миқдори ва кўлами доимий ошиб бораётган бўлса-да, ушбу маблағларнинг мақсадсиз ишлатилиши ва талон-торож қилиниши ҳам тинмаяпти.

Масалан, ҳудудларда «Темир», «Аёллар», «Ёшлар» ва «Меҳр» дафтарларида ҳисобда турган ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга маблағларнинг мақсадли ва манзилли сарфланиши ўрганилганда, 12 402 та ҳолатда жами 82,9 млрд сўмлик хато ва камчиликлар аниқланган. Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича тўпланган 387 та материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

«Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш, давлат фуқаролик хизматчисининг даромадлари ҳамда мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилмаганлиги коррупциянинг олдини олишдаги ислоҳотлар самарадорлигига таъсир қилмоқда.

Юқоридаги омилларни бартараф этишда коррупцияга қарши курашиш борасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириб, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ вакиллари ва кенг жамоатчиликни ушбу иллатга қарши кураш олиб боришда кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали жалб этиш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир», – дейилади агентлик хулосасида.

Бу тизим 3 йил олдин ишга тушиши керак эди

Эслатиб ўтамиз, президент фармонига кўра, 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши керак эди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги даромад ва мулкни декларациялаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини 2021 йил 13 ноябрда Вазирлар Маҳкамасига киритган. Бироқ ҳукумат ҳужжатни ҳозиргача Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этгани йўқ.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, айни вақтда давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизими тайёр бўлган ҳамда 2023 йилдан буён Божхона қўмитасида синов тариқасида ишлатилмоқда. Қонун лойиҳасининг ўзи эса ҳамон ҳукуматда ва шахсий маълумотларни очиқлаш билан боғлиқ қисми такомиллаштирилмоқда.

Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов коррупционерларнинг очиқ реестрини тузиш ва реестрдаги шахсларга нисбатан қатор тақиқлар жорий этиш ҳақидаги қонун лойиҳаси 2024 йил сентябр ойи охиригача парламентга киритилишини айтганди. Лекин бир неча йилдан буён кечиктирилаётган ушбу лойиҳа ҳам айтилган муддатда парламентга киритилмади.

Антикоррупция агентлигининг бошқа таклифлари

Миллий маърузада, агентлик қатор таклифларни, хусусан, қуйидагиларни илгари сурган:

  • коррупция ҳолатлари бўйича «дастлабки ўрганиш» – коррупцион суриштирув институтини жорий этиш;
  • Коррупция муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот марказини ташкил этиш;
  • коррупция хавф-хатарлари юқори бўлган соҳаларда «коррупциясиз соҳа» лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш ва коррупция хавф-хатарлари юқори бўлган соҳаларда «коррупциясиз соҳа офиси» лойиҳаларини ишга тушириш;
  • давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциявий хавф-хатарларни таҳлил қилиш бўйича «Ситуацион марказ»ни ташкил этиш;
  • очиқ эълон қилиниши лозим бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар кўламини янада кенгайтириш
  • давлат харидлари тизимида қонунчилик талабларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш;
  • илмий доирада – ихтисослашган илмий тадқиқот муассасалари томонидан коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича комплекс социологик, илмий ва амалий тадқиқотларни тизимли равишда ташкил этиб бориш;
  • давлат ташкилотлари ва идоралари, ҳокимликлар ҳузурида Жамоатчилик кенгашларини белгиланган талаблар доирасида ташкил этиш ва қайта шакллантириш.

Мавзуга оид

Эълонлар

HAVAL'дан баҳорий янгилик: ўз кроссоверингизни 17 млн сўмгача фойда билан танлаб олинг!

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

HAVAL'дан баҳорий янгилик: ўз кроссоверингизни 17 млн сўмгача фойда билан танлаб олинг!

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

HAVAL'дан баҳорий янгилик: ўз кроссоверингизни 17 млн сўмгача фойда билан танлаб олинг!

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани