«Математика тизимли фикрлашга ўргатади» – Эркинжон Каримов илм-фандаги ютуқ ва муаммолар ҳақида
ЎзФА Математика институти катта илмий ходими, физика-математика фанлари номзоди Эркинжон Каримов ўзбекистонлик таниқли математик олимлардан ҳисобланади.
Уммон султонлигининг Султон Қабус университетида илмий сафарда бўлиб турган олим суҳбат давомида илм-фанга берилаётган эътибор, хусусан, математика фани ривожига бўлган ижобий ўзгаришларга муносабат билдирди.
Шунингдек, у илм ва таълимдаги мавжуд муаммоларга ҳам тўхталиб, уларни ҳал этишда нореал усуллардан фойдаланмаслик зарурлигини айтиб ўтди.
– Қаратилаётган эътибор натижасида илм-фанга муносабат ва ёндашув ўзгаряптими?
– Албатта, ўзгариш бор. Аввало, президент шахсан ажратиб таъкидлагани учун математикага барча даражадаги амалдорларнинг муносабати ўзгарди. Ёндашув эса аста-аста шаклланяпти.
Инновацион ривожланиш вазирлигидаги масъуллар бу борада юртимизнинг барча даражадаги математиклари билан мулоқотга киришган. Улардан мамлакатимизда математикани ривожлантириш бўйича таклифларни олишмоқда, махсус ишчи гуруҳлар бу таклифларни саралаш бўйича иш олиб бораётганига гувоҳман. Яқин орада бунинг натижаларини кўриб қолсак керак.
Бу борада қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Вақт тиғиз деб шошилинч равишда хулосалар қилиш ярамайди. Шу сабабли қандайдир нореал муддатлар қўйиб, турли «йўл хариталари» ишлаб чиқишдан узоқроқ бўлган маъқул деб ўйлайман.
Энди умуман, илм-фанга бўлган эътиборни, бу борада қилинаётган ўзгаришлар ҳақида гапирсак, динамика етарли эмасдек туюляпти.
Президент барча жабҳаларда, жумладан, иқтисодиётда ҳам илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланишни талаб қиляпти. Олинаётган илмий натижаларни тижоратлаштириш вазифалари қўйиляпти.
Манфаатдор вазирликларнинг масъуллари ЎзФА илмий-текшириш институти ходимлари билан шахсан учрашувлар ташкил қилаётгани ҳақида ОАВларда кўп ўқияпман. Ижро ҳокимияти олимлар томон қадам ташлагандек, лекин барча илмий текшириш институтларида ҳам тижоратлаштиришга, амалиётга татбиқ этиш учун тайёр, жаҳон миқёсида рақобатбардош ишланмалар борми? Бунга аксарият ҳолларда ҳа деб жавоб бера олмаймиз.
Лекин тайёр ишланмаларниям етарлича самарали тижоратлаштириш механизмида ҳам нуқсонлар бор. Бу – бюрократик характердаги тўсиқлар, давлат корхона-ташкилотларидаги эскича муносабат ҳамда баъзи ҳолларда коррупцион манфаатлар кўринишида намоён бўлаётгани ачинарли ҳол. Бунда энди олимларнинг айби йўқлиги аниқ.
Хуллас, икки томонда ҳам самарали ҳамкорлик йўлида қиладиган ишлар кўп. ЎзФА таркибидаги илмий тадқиқот институтларининг бюджет таъминотига ўтказилиши бу жараёнга яхшигина ижобий туртки беради деб ўйлайман. Давлат учун долзарб бўлган йўналишларда илмий-тадқиқотлар олиб бориш, илмий натижаларни самарали тижоратлаштириш натижасида давлат илм-фанга ажратадиган маблағлар тўлиқ ўзини оқлай бошлайди. Бошида бундай бўлмаслиги аниқ, чунки ҳали илмий-тадқиқот институтларимиз замонавий лаборатория жиҳозларига эга бўлиши, малакали мутахассисларни тайёрлаб улгуриши, ҳозирда фаолият олиб бораётган илмий ходимларнинг илмий йўналишларини ўзгартиришларига ҳам вақт, ҳам молиявий маблағ зарур бўлади. Асосийси – шу жараённи тўғри йўлга қўйиб олиш.
– Президент Математика институти илмий даража берувчи илмий кенгашига тўла мустақил ваколат беришни айтди. Бу ОАКнинг илмий даража беришга қўядиган талаблари пасаяди деганими?
– Бу мен учун оғриқли савол. Мен амалдаги илмий даража бериш тизимига қаршиман. Шунинг учун ҳам фикрларим нохолис туюлиши мумкин. Шундай бўлса ҳам қандайдир асослар билан жавоб беришга ҳаракат қиламан.
Ўзи илмий даража бериш ОТМ ёки ИТМларга ўтиши керак. Лекин бу жараён бирданига эмас, қадам-бақадам амалга оширилгани маъқул. Математика институтига бу ваколатни бериш дастлабки қадам бўлади.
Ўзингизга маълумки, аксарият ривожланган давлатларда Олий аттестация комиссияси мавжуд эмас ва илмий даражалар университетларнинг ўзи томонидан берилади. Университетларнинг рейтингига қараб улар берган илмий даражанинг обрўси ҳам ё залворли, ё кучсиз бўлади. Хуллас, биздаям келажакда шундай бўлади деб умид қиламан, ҳар ҳолда кетув шунақа.
Лекин маълум муддат (балки 3-4 йил), то ОТМларимиз молиявий мустақилликка эришиб, кадрлар салоҳиятини жойига қўйиб, дунё миқёсида масъулиятни ўз бўйнига олгунича ОАКга муҳтожлигимиз бор. Чунки ҳали етарлича тайёр бўлмаган ОТМларимиз томонидан турли субъектив сабабларга кўра номуносиб ҳолатда берилган илмий даражалар Ўзбекистон илмий даражаларига халқаро миқёсда ишончсизлик олиб келиши мумкин.
Шуни таъкидлашни истардимки, ОАКнинг ҳозирдаги фаолияти, менимча, қониқарли эмас. Ҳали ҳам кўп тўсиқлар бор, бюрократик машина ишлаяпти. Ҳали илмий тадқиқотлар бошланмай туриб диссертация мавзуларини расмийлаштириш, ҳимоя жараёнидаги автореферат каби эскилик сарқити, унинг матнидаги сиёсий тус (мисол учун, математикага оид тадқиқот долзарблигини асослаш учун президентнинг маълум фармонларига ҳавола бериш) бевосита ОАКга бориб тақалади.
Яқинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳам ҳозирда амалда бўлган икки табақали тизимнинг афзалликлари ҳақида бирор асосли фикр билдирилармикан деб кутгандим. Афсуски, бундай фикр янграмади.
Адолат юзасидан таъкидлашим керакки, яқинда эълон қилинган бинар илмий даража бериш ҳақидаги қарор тўғри қарор бўлди ва бу ОАКнинг меҳнат маҳсули эканини кўпчилик қатори мен ҳам биламан. Илмий унвонларни бериш ваколатини ОТМ ва ИТИларга бериш ҳам юқорида таъкидлаганимиз босқичма-босқич қадамлардан бири ва у тўғри қадам.
Энди илмий кенгашга бериладиган тўла ваколат ҳақида гапирадиган бўлсам, буни қандай қонуний асосда амалга оширилади, билмайман. Ҳозирда ОАК томонидан тасдиқланган илмий кенгашлардаги ваколатдан ортиқроқ ваколат, мисол учун, илмий даражани бевосита математика институти томонидан (ОАКнинг иштирокисиз) берилиши кўзда тутилса, унда тегишли қарор, фармонларга ўзгартириш киритиш керак.
«Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги қонунни асос қилиб, ОТМ ёки ИТИларида илмий кенгаш очиш учун унинг аъзоларининг ярмидан кўпи шу муассасада фаолият кўрсатиши керак, деган талаблар қўйилди. Балки бу талаб борасида енгилликлар берилар, билмадим. Хуллас, кичкина шу қадам учун ҳам, агар уни қонуний асосда қилишни хоҳласак, амалдаги фармон, қарорларга ўзгартириш киритиш талаб қилинади, бу эса осон иш эмас.
ОАКнинг илмий даражаларга қўяётган талаблари пасаядими-йўқми? Пасайса керак, лекин бу қайси кўринишда бўлиши ОАК ва илмий жамоатчиликнинг фаоллигига боғлиқ.
Юқорида таъкидлаганим, амалдаги икки табақали илмий даража - PhD (фалсафа доктори), DSc (фан доктори) ҳозирги вазиятда:
биринчидан, ривожланган мамлакатлар билан илмий фаолият томонидан уйғунлашишга халақит қилади. Чунки биздаги DSc (фан доктори) илмий даражасининг муқобили у давлатларда йўқ ва бизнинг олимларимиз бу илмий даражаси маҳаллий характерга эга бўлиб қолади.
Тўғри, Россия ва шунга ўхшаш бир неча собиқ иттифоқ таркибидаги мамлакатларда ишлаши мумкин, лекин у томонларга бизнинг олимларимизнинг академик ҳаракатчанлиги фаол ва мунтазам эмас.
Иккинчидан, бу илмий даражага қўйилган талабларга жавоб бергунча, илмий тадқиқот ишларини олиб бораётган талабгор ўзининг илмий қизиқиш доирасини торайтиришга мажбур бўлади. Чунки диссертация ишига бир мавзуга тўғри келадиган, тизимлаштирилган илмий натижаларнигина кирита олади. Бу эса янги йўналишларни ўзлаштириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш, амалий характердаги тадқиқотлар билан шуғулланиш борасида ўзига чекловлар қўйишига сабаб бўлади.
Ваҳоланки, PhD (фалсафа доктори) даражасига эга бўлган илмий ходимлардан унумли фойдаланиш керак. Уларнинг академик ҳаракатчанлигини қўллаб-қувватлаш, тижоратлаштириш салоҳиятига эга илмий тадқиқотларга жалб қилиш орқали фандаги замонавий йўналишларни ўзлаштирамиз, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини оширамиз.
Мен математик сифатида, айтайлик химиклар, биологлар, энергетиклар, геологлар билан ишлашни хоҳлардим. Лекин мен фан доктори бўлишни истар эканман, бу ҳамкорликларни кейинга суриб туришга мажбурман. Чунки бу ҳамкорликдаги илмий натижаларнинг соф математик салмоғи фан доктори илмий даражасини олиш учун етмайди.
Аксарият ҳолларда математик моделлар илгари олинган илмий натижаларга асосланган бўлади. Бу ҳолатда мен илмий даражани фақатгина математик моделлаштириш мутахассислиги бўйича олишга ҳаракат қилишга мажбур бўламан. У ҳолатда қолган йўналишлар нега керак?
Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, мамлакатдаги илмий даража бериш тизими ислоҳотга муҳтож ва бу ислоҳотни қилишда нафақат катта авлод вакиллари, балки ўрта ва ёш авлод вакилларининг ҳам фикри инобатга олиниши, тузиладиган ишчи гуруҳ барча асосларни синчиклаб таққослаши ва кейин якуний хулосага келиши керак.
– Ҳозир математика бўйича 500 нафар педагог ва илмий тадқиқотчи бор. Уларнинг сонини 5 минг нафарга етказиш вазифаси қўйилди. Бу вазифани амалга оширишда нималар ҳисобга олиниши керак, деб ҳисоблайсиз?
– Математика соҳасида илмий тадқиқотчилар кўпайиши тарафдориман. 5 минг бу – рамзий рақам, бунга жиддий тарзда мўлжал олиш керак эмас. Биз тадқиқотчиларнинг сифатига ҳам эътибор қаратишимиз лозим.
Бу вазифани амалга оширишдаги дастлабки қадам – магистрлик даражасига эга ва турли сабабларга кўра фаолиятини мактаб, лицей, коллеж ёки бошқа муассасаларда давом эттираётган ёшларнинг ичидан илмий салоҳиятга эгаларини саралаб олиш бўлади.
Жорий йилдан ОТМ ва ИТИларга стажер тадқиқотчилар берилди. Бу ҳам вазифани амалга оширишда озгина бўлса-да ҳисса бўлди. Масалан, математика институти 8 нафар стажерни ишга олди. Бу ёшлар потенциал таянч докторантлар ҳисобланади.
ОТМларда дарс юкламаси кўплигидан эзилиб юрган қанча ёшларимиз бор. Уларга илмий фаолият юритишлари учун имконият яратишимиз керак. ОТМ ва ИТИларда постдок (PhD илмий даражасига эга, илмий тадқиқот билан шуғулланадиган) позиция (лавозим)ларини очишимиз керак. Бу билан ОТМларда ҳам илмий фаолиятни кучайтиришга туртки берган бўламиз.
Чет эл университетларида яна бир ўрнак олса бўладиган яхши тажриба бор. Университетдаги профессорлар илмий лойиҳалар доирасида тадқиқот ишларига талабаларни жалб қилади. Бу – аксарият ҳолатларда магистрантлар, айрим ҳолатларда бакалавриатда ўқийдиган талабалар ҳам бўлиши мумкин. Улар асосий ўқишига ҳалақит бермаган ҳолда бевосита илмий тадқиқот ишлари билан машғул бўлишади ва келажакда бу фаолиятни давом эттириш салоҳиятига эга кадрларга айланишади.
Бизда ҳам бундай тажрибани йўлга қўйса бўлади. Буям илмий кадрлар узлуксизлигини таъминлашга ўзига хос ҳисса қўшади деб ўйлайман. Масалан, мен математика институтида шундай магистрантлар, ҳатто бакалаврлар фаолият юритишини хоҳлардим.
– Етакчи ва илғор илмий тадқиқотларга жамиятнинг тегишли соҳалари қанчалик тайёр?
– Юқорида таъкидлаганимдек, илғор илмий тадқиқотлар учун ҳали етарли шарт-шароитга эга эмасмиз, лекин бор имкониятдан фойдаланиб бундай тадқиқотларни олиб бораётганлар ҳам борлигини эътироф этаман. Ишлаб чиқаришдагилар илғор илмий тадқиқот натижаларидан фойдалана олишга тайёрми?
Хусусий корхоналар, менимча, шунинг тарафдори, лекин молиявий имкониятлари қадар татбиқ қила олишади, холос. Давлат активидаги корхона-ташкилотлар эса юқоридан келадиган сигнал асосида ишлашга ўргангани учун бир нарса дейиш қийин.
Давлат корхоналари топшириқни бажариш учун ҳам хўжакўрсинга бундай ҳамкорлик имитациясини яратиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун эса самарали назорат тизими мавжуд бўлиши керак.
Айрим вазирларнинг сиёсий иродаси, қатъияти, мисол учун, Қишлоқ хўжалиги вазири, соҳада бу йўналишда жиддий ижобий силжишларга гувоҳ бўлишимизга умид бераётгандек.
– Университетда ўқиб юрганимизда бир дастурчи устозимиз айтарди: «Мен доим такрорлаб келаман, сиз математикмисиз, демак сиз – дастурчисиз. Дастурчимисиз, демак математик бўлишингиз керак, бўлмаса нолсиз». Шу фикрни қандай изоҳлайсиз?
– Ахборот технологиялар соҳаси, хусусан, дастурчилик ҳозирги замонимиздаги энг талабгир мутахассисликларидан бири. Дастурлаш одамдан тизимли фикрлашни талаб қилади. Бундай фикрлашни эса математика фани самарали ўргатади.
Математикани яхши билган одам дастурлашни тез ўзлаштириши бор гап. Нотўғри натижага қараб хатони қидириш, ҳар бир этапда қилинган хато қайси оқибатларга олиб келишини беихтиёр таҳлил қилиб бориш малакаси айнан математикани ўрганганингизда пайдо бўлади. Дастурлашда эса бу жуда муҳим.
Мен шахсан, айни дамда ёшим 40дан ўтган бўлса ҳам сунъий интеллект борасидаги тадқиқотлар, хусусан, «deep learning»га (сунъий интеллект концепциясининг бир қисми) қизиқяпман. Дастлаб математик асослари томонидан қўшилсам, кейинчалик дастурлаш қисмларига ҳам ўтишга мажбур бўлсам керак. Умид қиламанки, ўшанда математиклигим анча қўл келади.
Суҳбатдош: Йигитали Маҳмудов
Мавзуга оид
01:05 / 14.11.2024
Олий математика сунъий интеллектнинг заиф томони бўлиб қолмоқда — тадқиқот
16:40 / 08.10.2024
Хитойда математикани ўзлаштиришга қийналаётган болалар учун махсус клиника очилмоқда
18:19 / 25.05.2024
Ўзбекистонда иккинчи марта ёш математиклар халқаро олимпиадаси ўтказилади
15:40 / 07.12.2023